18:02 / 07.03.2019
5 593

Муборакда мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда...(ми?)

Муборакда мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда...(ми?)
Муборак туманига кираверишда “Хитой-Қорақум” ҳудуди бор. Бу ердаги 3 та қишлоқ аҳолисининг зич жойлашувига қараб 4 та умумтаълим мактаби фаолият юритади. Лекин масала бу эмас, асосий масала мазкур мактаблардаги аянчли аҳвол. Биз шу ҳудудда хизмат сафарида бўлганимизда соат 16:30 да ҳам мазкур мактаб эрталабки (смена) ўқувчиларининг уйларига жавоб берилмагани, тушлик ҳам қилмай синф хоналар ҳамда фаоллар залида кутиб туришганини эшитиб қолдик.

Бунинг сабаби билан қизиққанимизда бу туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Тўлқин Бўриевнинг талаби эканлигини, ўринбосар келгач ўқувчиларга уйга кетишлари учун рухсат берилишини мактаб директорлари айтиб ўтишди. Масала нима ҳақида эканлигини билмадиг-у, аммо ҳатто 18:30 да ҳам куннинг совуғига қарамай ўқувчиларга жавоб берилмаганини суриштириб билдик.
Ажабо, масала моҳияти шу қадар долзарб эканки, ҳоким ўринбосари эрталабдан кечга қадар (ўзининг келиш-келмаслиги муаммо ҳали) ўқувчиларни сабабсиз олиб ўтиришларини буюрса?

МЕҲНАТМИ ёки ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ?
Ҳудуддаги 7-умумий ўрта таълим мактабига кираверишда қизиқ ҳолатга дуч келдик. Мактабнинг каттагина ўйингоҳи атрофидаги ариқлар тозаланиб, ажриқлар чопиқ қилинаяпти. Аммо, эрталабки соат 10:10 лар атрофида бу ишлар мактабнинг 7-синф ўқувчиларининг ишчи кучи орқали амалга оширилаяпти. Қизиқсиниб, ўқувчилар олдига борарканмиз, қўлини чўнтагига тиқиб, болаларга “иш ўргатаётган” ўқитувчи кейинроқ аниқланишича у мактабнинг (меҳнат таълими фани ўқитувчиси Беҳзод Жўраев экан) ўқувчиларга қўлларидаги белкуракларни ерга қўйиб, футбол ўйнашларини буюрди. Ўзи эса қўлига белкуракни олиб ишга кириша бошлади. Вазиятни тушунмаган ўқувчилар эса бизнинг саволларимизга болаларча соддалик билан жавоб беришди. Яъни уларнинг сўзларига қараганда эрталаб мактабга келишганидан буён ариқ кавлаб, ажриқ тозалашган. Ўқитувчиси эса берилаётган изоҳга лом-мим дея олмади. Фақатгина ҳозир меҳнат фани эканлигини айтган Беҳзод Жўраев бизга бугунги дарс мавзусини ҳам, дарс баённомаси (конспект)ини ҳам кўрсата олмади. Ажабо, бир вақтнинг ўзида 2 хил дарс ўтиш бу ҳақиқий ИННОВАЦИЯ. Фақат ноодатий ва ўқувчини мажбурий меҳнатга жалб қиладиган инновация холос.

ҲАР КУН ДАВОМ ЭТАЁТГАН ШАНБАЛИК
Ҳолат бўйича изоҳ сўраганимизда мактаб директори Ихтиёр Усмонов доимги “йиғилишлардан бирида” эканлигини маълум қилишди. Бизга мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хасан Эшмаматов шундай изоҳ берди:
-Хўш, нима қилибди, шунга? Ўқитувчи ўқувчиларга ҳаёт қўйнида дарс бераяпти. Ахир ҳозир жисмоний тарбия дарси бўлса, бироз чигил ёзди машқида буям. Биз ҳар доим шунақа қиламиз. Ўқувчиларимиз барака топишсин, меҳнаткаш. Ҳашар йўли билан ҳар куни шанбалик уюштирамиз.

Қойил, демак, директор ўринбосарининг ўзи айни дамда қайси фан ўтилаётганини билмайди. Бунинг устига 7-мактабнинг ҳамма ўқувчилари ҳар куни шанбалик қилишар экан. Нима ҳам дердик, таълим-тарбия шу усулда олиб борилиши анъанага айланган мактаб ўқувчиларининг билим даражаси ҳам шунга яраша бўлса керак-да.

“ОЛМАЗОР” НИНГ БЕФАРҚ РАИСИ
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда “мактаб-маҳалла-оила” учлиги бу юртимиз таълим тизимидаги дунё ҳавас қилса арзирли жиҳатлардан бири саналади. Юқорида кўрган ҳолатимизда эса 7-мактабнинг шундоққина ёнида жойлашган “Олмазор” МФЙ жойлашган бўлиб, маҳалла раиси воқеага бевосита гувоҳ бўлиб турганлигини, бунинг устига бошқа ўқувчиларнинг ҳам нега дарс пайтида кўчада юришганига бефарқ қараб турганини кўриб, савол билан юзландик. Афсуски, ўзини Сирожиддин Нуранов деб таништирган маҳалла раисининг ҳасратидан чанг чиқади.

- Ўзи ишим кўп, бу ёқда хатлов, бу ёқда йиғилиш, бу ёқда баҳор келаяпти ободонлаштириш ишлари дегандек. Мен бир ўзимман, мактабда шунча ўқитувчи бор-ку, улар нима қилади қарамай,-деганча индамай туравергач, унинг бефарқ, бепарво ва масъулиятсиз киши эканлигига амин бўлдик.

БЎМ-БЎШ МАЪНАВИЯТ ХОНАСИ
Шу ҳудуддаги 8-ўрта умумтаълим мактаби ҳақида аввал ҳам танқидий мақола берилган эди. Орадан бир йил ўтиб ҳам мақолада кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганини кўриб, рости ҳайрон қолдик. Ўтган гал эълон қилинган мақолада мазкур ҳудуддаги бирорта ҳам таълим даргоҳининг раҳбарларини учрата олмагандик. Бу сафар ҳам худди шу “анъанага” риоя қилинди. Яъни мактаб директори Холбўта Чоршанбиев қонуний меҳнат таътилида экан. Биз мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сардор Айназаров билан суҳбатлашдик. Мактабнинг маънавият хонаси худди таъмирлашга тайёрланаётган хонадек тасаввур уйғотади, кишида.

Қизиқсиниб Сардор Айназаровдан деворда осиғлиқ турган “Маънавият посбонлари” (стенди)даги сўзнинг маъносини сўраганимизда, педагогнинг тағин, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг елка қисишидан яна бир бор ҳайратга тушдик. Энг қизиғи эса, маънавият хонасида маънавиятга алоқадор саволларнинг очиқ қолдирилиши ҳафсаламизни пир қилди. Нега маънавият хонаси бу аҳволда деган саволимизга ўринбосар:
- Бироз эътиборсизлик қилинган, худо хоҳласа бу камчиликларни бартараф этамиз,-деб жавоб берди. Миллий тимсолларимиз, буюк алломаларнинг суратлари ва таълимга оид айрим қонун ҳужжатларининг ҳам бетартиб ва қаровсиз ҳолда ташлаб қўйилгани ҳақидаги саволимизга ҳам жавоб ололмадик.

МИЛЛАТЧИЛИКДАН БЕЗГАН МАКТАБ ВА ҲАММАСИГА “БАЛОГАРДОН” КАСАБА УЮШМА РАИСИ
Халқимизда ажойиб нақл бор. Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин. Айни мақоламиз орқали бу сўзларни 29-ўрта умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқитувчилари ва ўзини мактабнинг касаба уюшма қўмитаси раиси деб таништирган ҳуқуқшунослик фани ўқитувчисига тегишли. Худди 7-мактабдаги каби ҳолат бу ерда ҳам мавжуд. Бугун ота-она эрталабдан фарзандини мактабга илм олиш учун кетганига ишончи комил. Аммо, афсуски куннинг деярли ярмини шу даргоҳда ўтказаётган боланинг келажаги ва хавфсизлиги учун жавобгар шахснинг ўзи бўлмаса ғалати эмасми? Тағин, ҳудуддаги “энг намунали мактаб” деб юритилувчи таълим масканининг аҳволи шу бўлса?

Бир неча йилдан буён “Сен Хитойдансан – мен Қорақумдан” деган ўзаро тортишув оқибатида 6-ўрта умумтаълим мактаби гуёки “миллатчилар маркази” га айланиб қолгандек. Ўқитувчилар ҳам 2 гуруҳга бўлиниб олишган. Мактабга 2 йил ичида 6 маротаба раҳбар алмашганидан ҳам бу ерда муҳит соғлом эмаслигини англаш қийин эмас. Айни дамдаги асаблари “бетон” мактаб директори Зиёдулла Зокиров ҳам вазиятни ўнглашга қурби етмаслигини тан олмоқда.

Хўш, таълимчи? Тарбиячи? Бугун ўзи тарбияга муҳтож педагог қандай қилиб ёш авлодни тўғри фикрлашга, дунёқарашини кенгайтиришга ҳисса қўша олади? Ўйлаймизки, бу борада Қашқадарё вилоят Халқ таълими бошқармаси янги раҳбарияти ва туман ҳокимлиги жиддий мулоҳаза қилиб кўришади.
Муқаддас ИСМОИЛОВА

Таҳририятдан: Нашр фикри билан мақола муаллифининг фикри мос келмаслиги мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Муборакда мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда...(ми?)