date

Ўзбекистонда қарзларни ундиришнинг янги тартиби жорий этилади

Ўзбекистонда қарзларни ундиришнинг янги тартиби жорий этилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 31-октябр куни жисмоний шахслардан қарзларни ундириш бўйича соддалаштирилган тартибни сезиларли даражада кенгайтиришга оид қонун лойиҳасини маъқуллади. Ушбу янгиликлар коммунал хизматлар, телекоммуникация хизматлари ва бошқа молиявий мажбуриятлар бўйича қарзларга тааллуқли бўлиб, улар миқдори 2,06 миллион сўмдан ошмаслиги лозим.

Парламентнинг иккала палатасидан ўтган ушбу қонун лойиҳаси энди Президент томонидан имзоланиши керак. Мазкур чора суд-ҳуқуқий ислоҳотларнинг бир қисми бўлиб, ижро ишларини самарадорлигини ошириш ва бюрократик юкни камайтиришга қаратилган.

Янги тартибга кўра, коммунал хизматлар учун қарзлар, кўп қаватли уй-жой мулкдорлари томонидан тўланадиган бадаллар ҳамда почта ва видеоконференция каби алоқа хизматлари учун харажатларни соддалаштирилган тартибда ундириш мумкин бўлади. Шунингдек, бу тартиб жисмоний шахсларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробаридан ошмайдиган (яъни 2,06 миллион сўм) қарзларига ҳам татбиқ этилади.

Аввалроқ бу тартиб фақатгина маъмурий жарималар, солиқ қарзлари ва баъзи суд харажатларини ундиришда қўлланиларди. Сенаторларнинг таъкидлашича, бу механизмнинг кенгайтилиши Мажбурий ижро бюроси ходимлари юкини енгиллаштиради ва қарзларни қайтариш жараёнини тезлаштиради.

Кутилмоқдаки, бу янгилик ижро органлари ишини оптималлаштириб, қарзларни ундириш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўртасида мувозанатни таъминлайди. Мазкур ҳужжат парламентдан ўтиш жараёнида муҳокамаларга сабаб бўлди.

22-июлда биринчи ва 12-августда иккинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасига муҳим ўзгартириш киритилди. Бир фракция таклифига кўра, жисмоний шахсларнинг банк ҳисобларидаги маблағларини соддалаштирилган тартибда ундиришни назарда тутувчи норма якуний версиядан чиқарилди.

Эндиликда қарзларни ундириш фақатгина қарздорнинг даромадларига (масалан, иш ҳақи, нафақа ёки стипендия) қаратилади, банк карталарига эса тааллуқли бўлмайди. Бу ўзгартириш ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш ва томонлар ҳуқуқларидаги номутаносибликни олдини олиш мақсадида киритилган.

Янги тартиб замонавий рақамли ахборот тизимлари ва маълумотлар базасидан фаол фойдаланишни талаб қилади. Бу эса давлат ижрочилари ва қарздорлар ўртасидаги бевосита алоқани минималлаштиради ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимларининг яшаш жойларига ташрифлари билан боғлиқ ноқулайликларни олдини олади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда қарзларни ундиришнинг янги тартиби жорий этилади