
Тошкент вилоятида жуда ғайриоддий ҳолат қайд этилди — фуқаролар чақалоқ таглиги ичига олтин қуймаларини яшириб, мамлакатдан олиб чиқишга уринишди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси маълумот берди.
Маълум қилинишича, “Яллама” чегара божхона пости ходимлари томонидан Ўзбекистондан чиқиб кетаётган йўловчи белгиланган тартибда текширувдан ўтказилган. Унинг қўл сумкаси кўздан кечирилганда, ичида чақалоқлар учун мўлжалланган таглик бўлган ва унда икки дона олтин қуймаси яширилгани аниқланган.
Текширув натижасида бу қуймаларнинг умумий оғирлиги 111 грамм бўлиб, уларнинг баҳоланган қиймати тахминан 133 миллион сўм экани маълум қилинди. Ҳозирда божхона органлари томонидан ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолатлар нафақат қонунбузарлик, балки мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигига ҳам таҳдид солади. Божхоначиларнинг айтишича, айрим фуқаролар ҳали ҳам олтинни яширинча олиб чиқиш орқали тез бойишни мақсад қилмоқда, аммо бу уринишлар тезда фош бўлмоқда.
Қонунчиликка мувофиқ, жисмоний шахслар 65 граммгача бўлган олтиндан ясалган тайёр заргарлик буюмларини декларациясиз, ундан ортиқ миқдорни эса фақат йўловчи декларацияси асосида мамлакатдан олиб чиқиши мумкин. Бу талабни бузиш эса жавобгарликка сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Сурхондарё вилоятидаги Термиз аэропортида ҳам шундай ҳолат кузатилган эди. Йўловчи 5 дона қадимий тангани яширинча олиб чиқишга уринган пайтда божхона ходимлари томонидан ушланган.
Божхона идоралари фуқароларни қонунга амал қилишга, молиявий манфаат излаб ноқонуний йўлларга кирмасликка чақиради. Чунки ҳар бир шундай уриниш нафақат жиноий жавобгарликка олиб келади, балки мамлакат обрўсига ҳам соя солади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!