
Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистон аҳолисининг жон бошига тўғри келадиган даромадлар бўйича янгиланган ҳисоботини тақдим этди. Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойлари ҳолатига аҳолининг умумий даромадлари 825,3 триллион сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан инфляцияни ҳисобга олганда 8,4 фоизга кўпдир.
Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакат бўйича жон бошига молиявий тушумлар ўртача 21,8 миллион сўмга етган. Номинал ўсиш суръати 116,1 фоизни, реал ўсиш эса 106,3 фоизни ташкил этган. Бу аҳолининг айрим қатламларида моддий имкониятлар ортиб бораётганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида энг юқори даромад Тошкент шаҳрига тўғри келди — пойтахтликларнинг жон бошига ҳисобланган тушуми 52 миллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич билан Тошкент мамлакат бўйича мутлақ етакчи ҳисобланади. Ундан кейин Навоий вилояти 32,1 миллион сўм билан иккинчи ўринда, Бухоро вилояти эса 26 миллион сўм билан учинчи ўринда турибди.
Қолган ҳудудлардаги кўрсаткичлар қуйидагича тақсимланган:
– Хоразм вилояти — 22,8 млн сўм;
– Тошкент вилояти — 21,9 млн сўм;
– Андижон вилояти — 19,4 млн сўм;
– Фарғона вилояти — 18,5 млн сўм;
– Самарқанд вилояти — 18,1 млн сўм;
– Сирдарё вилояти — 17,2 млн сўм;
– Жиззах вилояти — 17,1 млн сўм;
– Қашқадарё вилояти — 17 млн сўм;
– Сурхондарё вилояти — 16,5 млн сўм;
– Наманган вилояти — 15,8 млн сўм;
– Қорақалпоғистон Республикаси — 14,8 млн сўм.
Шу тариқа, Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг жон бошига молиявий тушуми энг паст бўлиб қолмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни ҳудуддаги иш ҳақи миқдори пастлиги ва иқтисодий фаолиятнинг чекланган соҳалар билан боғлиқлиги билан изоҳлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакатда илгари даромадсиз ҳисобланган 73 минг оиланинг иш билан таъминлангани маълум қилинганди. Шунингдек, “Инсон” марказлари орқали 600 мингдан ортиқ оила ижтимоий ёрдам ва хизматлардан фойдаланган.
Иқтисодчиларнинг фикрича, аҳоли даромадлари ўсиши сўнгги йилларда кичик бизнес, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларидаги фаолликнинг ошиши билан боғлиқ бўлиб, давлатнинг иқтисодий ислоҳотларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.