
Ўзбекистонда маҳаллий бошқарув тизимида навбатдаги ўзгаришлар амалга оширилди. Бир қатор вилоят ва туманларда янги раҳбарлар фаолият бошлади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Оҳангарон шаҳрига янги ҳоким тайинланди. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг тавсиясига биноан, ҳозиргача туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, экология ва кўкаламзорлаштириш йўналишлари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келган Садриддин Шоқосимов шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Андижон вилоятида ҳам муҳим кадр ўзгариши амалга ошди — Хонобод шаҳрига Элёрбек Абдураҳмонов ҳоким этиб тайинланди. У бу лавозимга келгунга қадар вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси раҳбари вазифасини бажарган.
Навоий вилоятида эса икки туманда раҳбарлар алмашди.
Кармана туманига Шоҳрух Болтаев ҳоким бўлди. У аввал туман ҳокимининг қурилиш ва муҳит яратиш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган.
Навбаҳор туманига эса Алишер Рашидов тайинланди. У сўнгги вақтларда Навоий вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасини бошқариб келган.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида ҳам янги раҳбар иш бошлади. Илгари туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган Анвар Болиев ҳоким этиб тайинланди.
Тайинловлар маҳаллий ҳокимият фаолиятини самарали ташкил этиш, туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларини ошириш ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш мақсадида амалга оширилган.
Янги раҳбарлардан ҳар бирига тегишли ҳудудларда иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, инфратузилмани янгилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқаролар фаровонлигини таъминлаш вазифалари юклатилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!