08:18 / 22.01.2020
2 170

Америка эътирофи: Ўзбекистон илм берадиган ва хавфсиз саёҳат қилинадиган давлатга айланди

Америка эътирофи: Ўзбекистон илм берадиган ва хавфсиз саёҳат қилинадиган давлатга айланди
Фото: www.hvy.com
Ўтган йилнинг 16-17 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: миллий ва глобал омиллар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилган эди. Унда АҚШлик таниқли академик ва ихтирочи Эфроим Гурман ҳам қатнашиб, маъруза қилди. Академик АҚШнинг www.hvy.com сайтига берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистонда олган таассуротлари, илм-фанни ривожлантириш борасида мамлакатимизда қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳамда келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган амалий ишлар ҳақида фикрларини билдириб ўтди. Қуйида ана интервьюни эътиборингизга ҳавол қиламиз.

— Муҳим илмий конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга борганингиздан хабардорман. Унда нималар муҳокама қилинди?
— Мени БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан ташкил этилган муҳим халқаро илмий конференцияда иштирок этиш учун таклиф қилишди.

Анжуман Ўзбекистонда, Самарқанд давлат университетида ўтказилди. Ўзбекистонга Шавкат Мирзиёев Президент бўлиб сайлангунга қадар Марказий Осиёнинг ушбу давлати ёпиқ мамлакат эди. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда катта ўзгаришлар рўй берди. Мазкур анжуманнинг ўтказилиши ҳам ана ислоҳотларнинг самарасидир. Биринчи марта ташкил этилган анжуманга 12 мамлакатдан олимлар, жумладан, Марказий Осиё илмий элитасининг вакиллари ҳам ташриф буюрди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Марказий Осиё бўйича масъули Гухер Шунгер ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алишер Шукуров маъруза қилди.

Инсоният учун озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига ечим топиш борасида олимларнинг бир жойга жамланиши мени янги изланишларга руҳлантирди.

Бундан ташқари, анчадан бери мени Ўзбекистонга таклиф қилиб келган академик ҳамкасбларим билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Шу пайтгача буни имкони бўлмаётганди. Ушбу анжуманга мени таклиф қилган ва сафар давомида ёрдам берган академик Бакриддин Зариповга алоҳида миннатдорлик билдираман.

— Ушбу конференцияда сизни эътиборингизни нима жалб қилди? Унда сизнинг тақдимотингиз қандай кутиб олинди?
— Мен Ўзбекистонга боришни режалаштирганимда, мунозаранинг асосий мавзуси чекланган озиқ-овқат манбалари, очлик ва шу каби мавзулар бўлишини кутган эдим. Мен аввалдан мавжуд бу муаммонинг катта мухлиси эмасман. Аслида, америкалик бўлганим учун менинг асосий ташвишим бироз тескариси эди — семизлик, саноат мамлакатларида озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатсизлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлган.

Шу боис мени тушунмасликларидан ҳадиксираган эдим. Аммо кутилмаганда менинг тақдимотим катта қизиқиш билан қабул қилинди. Менинг ғоямга самимий қизиқиш, тадқиқотимни ушбу йўналишда олиб боришга руҳлантирди. Бир мунча вақт давомида мен саноат давридаги овқатланишдаги нуқсонларни қоплаши керак бўлган парҳез қўшимчалари устида ишладим ва бу борадаги энг муҳим фикрларни биринчи марта Самарқандда, ҳамкасбларим олдида маълум қилдим. Бундай юқори илмий доира вакиллари томонидан қўллаб-қувватланганимдан сўнг, ушбу мавзу бўйича тегишли монография устида ишлай бошладим.

— Ушбу ташрифингиздан мамнун эканлигингизни Ўзбекистонда тақдимотингиз муваффақиятли бўлганлигида кўрдим. Яна бошқа сабаб ҳам борми?
— Ҳа. Биринчи навбатда, бизнес ва илмдан ташқари, Ғарб аҳолиси учун бу мамлакатнинг очиқлиги мени ҳайратга солди. Ўзбекистон асосан мусулмон давлатдир ва менимча, америкаликлар Ўзбекистон каби хавфсиз саёҳат қила оладиган давлатлар кўп эмас. Мусулмон цивилизациясининг дастлабки босқичлари билан боғлиқ кўплаб диққатга сазовор жойлар мавжуд ва кўпинча масжид ёнида черков ва ибодатхонани кўрасиз. У ердаги одамлар жуда дўстона.

Бир ярим минг йиллик тарихга эга гўзал қадимий обидалар менда катта қизиқиш уйғотди. Улар жуда яхши ҳолатда сақланмоқда. Мени ҳайратга солган нарса: биноларнинг аксарияти илмий ва ўқув мақсадлар учун қурилганлиги бўлди. Илгари биз мусулмон давлатлари замонавий технологиялар, фан ва тадбиркорлик соҳасида кам ривожланган деб ўйлардик. Аммо Ўзбекистонда ўрганиш ва кашф этишга иштиёқ юқорилигини, бу одамларнинг асосий мақсади эканлигини кўрдим. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳамма жойда ёшларни учратасиз. У ёшлар мамлакати. Ва ёшларнинг аксарияти илм олишни хоҳлашади. Ўзбекистонда олдинги авлод вакиллари рус тилида қандай гаплаша олса, бугун кўплаб ёшлар инглиз тилида бемалол мулоқот қила олади.

Кўплаб ёшлар таълим олиш учун бошқа давлатларга кетмоқдалар. Менимча, уларнинг аксарияти ўз билимини Ватанига қўллаш учун қайтиб келади. Назаримда, анжуман мезбони — Самарқанд миллий университети бу борада кўплаб ижобий қадамларни ташламоқда.

— Ушбу университетнинг ўзига хослиги нимада?
— Биринчидан, у дунёдаги энг қадимги университетлардан бири. Таълим муассасаси шаҳар марказида, чиройли хиёбонда жойлашган. Университет раҳбари жуда ажойиб инсон. Профессор Рустам Холмуродов ўз ғоя ва ташаббуслари билан университетда таълим сифатини оширишда жонбозлик кўрсатмоқда Мен ушбу университетнинг замонавий воқеликка мос равишда янги даврга ўтиш йўллари ҳақидаги ғояларини қўллаб-қувватлайман. Биз бу ҳақда жуда самарали суҳбат қилдик. Рустам Холмуродовнинг ғоя ва ташаббусларини амалга оширишда камарбаста ажойиб жамоаси бор. Масалан, биология факультети декани, профессор Худоёр Келдиёров, физиология кафедраси мудири, профессор Мирзоҳид Қўзиев ва бошқалар.

Кейинги йилларда таълим ва фан соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда СамДУ етакчилик қилиб келмоқда. СамДУ дунёнинг таниқли университетлари рейтинги — “World University Rankings Quacquareli Symends, Times High Education”да энг яхши 500 та таълим муассасалари орасида ўз ўрнини эгаллаши керак ва мен умид қиламанки бу амалга ошади.

— Қайтиб келганингиздан сўнг ўзбекистонлик ҳамкасблар билан мунтазам алоқа давом этмоқдами?
— Ҳа, албатта. Ҳозир биз мунтазам ҳамкорликда ишлаяпмиз. Баъзи тадбирларни биргаликда ўтказиш борасида келишиб олганмиз. Масалан, талабаларга Ўзбекистон ва АҚШда билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам бериш учун ўзаро ҳаракатларнинг дастлабки қадамларини ташладик. Бундан ташқари, СамДУ биология факультети АҚШ компаниялари билан ҳамкорликда фармацевтик тадқиқотлар олиб бориш учун замонавий лабораторияларни ташкил этиш чораларини кўрмоқда.

Маълумот учун: Академик ва ихтирочи Эфроим Гурман Бруклин ветеринария клиникасининг раҳбари. У “Vet Vittles” компаниясининг асосчиси. Биология соҳаси бўйича кўплаб мақолалар ва монографиялар муаллифи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Америка эътирофи: Ўзбекистон илм берадиган ва хавфсиз саёҳат қилинадиган давлатга айланди