
Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнидаги икки томонлама музокараларни расман якунлади. Бу ҳақда президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Урунов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
«Бу муҳим воқеа Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат билан бозорга чиқиш шартлари бўйича, жумладан, экспорт ва импорт божлари ҳамда хизматлар соҳасидаги музокаралар муваффақиятли якунланганидан дарак беради», — деб таъкидлади Урунов.
Унинг сўзларига кўра, ЕИ — Ўзбекистон икки томонлама музокараларни якунлаган 31-давлат бўлди. «Бир ҳафта муқаддам Панама билан ҳам келишув имзолаган эдик. Ҳозирда 31 давлат билан музокаралар якунланган, фақатгина 3 та мамлакат билан жараён давом этмоқда», — деди у.
Маълумот учун, сентябрь ойи ўрталарида Ўзбекистон ЖСТга аъзолик доирасида Аргентина, Австралия ва Гондурас билан бозорга чиқиш бўйича протоколларни имзолаганди.
Шундай қилиб, мамлакат Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш йўлидаги муҳим босқичларни изчил давом эттирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!