
Ўзбекистонда иш ҳақи даражаси сезиларли равишда ўсмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябрь ойларида мамлакат бўйлаб ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6 миллион 166,9 минг сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,2 фоизга юқори.
Ҳудудлар кесимида энг юқори иш ҳақи анъанавий тарзда Тошкент шаҳрида қайд этилган — пойтахтда ишловчи ходимлар ўртача 10 миллион 379,6 минг сўм маош олган. Бу эса 2024 йилга нисбатан 18,7 фоиз кўп.
Шу билан бирга, иш ҳақи ўсиш даражаси бўйича айрим вилоятлар пешқадам сифатида қайд этилган. Жумладан, Самарқанд вилоятида ўртача иш ҳақи 4,8 миллион сўмга етиб, ўсиш 124,8 фоизни ташкил этган. Наманганда 120,9 фоиз, Сирдарёда 120,7 фоиз, Фарғонада 119,8 фоиз, Жиззахда эса 119,2 фоиз ўсиш кузатилган.

Энг паст ўсиш кўрсатгичи Андижон (112,0%), Навоий (115,1%), Қашқадарё (117,2%), Тошкент (117,3%), Хоразм ва Қорақалпоғистон (117,6%) ҳамда Бухоро (118,2%) вилоятларига тўғри келган.
Соҳалар кесимидаги таҳлиллар
Иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлиллар эса мамлакатдаги маошлар таркибини янада яққолроқ намоён этмоқда. Энг юқори иш ҳақи банк, суғурта, лизинг ва кредит соҳаларида қайд этилган — ўртача 16 миллион 828,9 минг сўм. Бу ўтган йилга нисбатан 15,6 фоиз кўп.

Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида ўртача иш ҳақи 14 миллион 985,8 минг сўм бўлиб, 16,6 фоизга ўсган. Ташиш ва сақлаш соҳасида 9 миллион 382,1 минг сўм (ўсиш 16,7%), саноат соҳасида 7 миллион 301,0 минг сўм (ўсиш 16,3%) бўлган.
Қурилиш соҳасида ўртача иш ҳақи 6 миллион 342,6 минг сўм бўлиб, 9,2 фоизга кўтарилган. Савдо соҳасида бу кўрсаткич 6 миллион 875,6 минг сўм (ўсиш 12,1%), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида эса 3 миллион 765,4 минг сўм (ўсиш 14,6%) этиб белгиланган.
Беш йиллик динамика
Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда маошлар ўсиши барқарор кўтарилиш йўналишида давом этмоқда. Айниқса, банк, суғурта ва лизинг соҳаларида иш ҳақи кескин ошган — 2021 йилга нисбатан бу кўрсаткич 9 миллион 92 минг сўмга кўпайган.
Ахборот ва алоқа соҳасида ҳам ижобий тенденция кузатилган — иш ҳақи 9,7 миллион сўмга ошган. Ташиш ва сақлаш соҳасида бу кўрсаткич 5,5 миллион сўмга, саноатда 3,4 миллион сўмга, қурилишда эса 2,7 миллион сўмга ўсган.
Муттахассислар таъкидлашича, бу ўсиш мамлакат иқтисодиётидаги фаол инвестициялар, янги иш ўринларининг яратилиши ва меҳнат бозорида рақобатнинг ортиши билан изоҳланади. Иқтисодий ислоҳотлар самараси натижасида турли соҳалардаги иш ҳақи орасидаги тафовут ҳам аста-секин қисқариб бораётгани қайд этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!