22:52 / 18.10.2017
9 871

Бермуд учбурчагининг сири: шампан виноси ва улкан ўпқон орасидаги боғлиқлик

Бермуд учбурчагининг сири: шампан виноси ва улкан ўпқон орасидаги боғлиқлик
Океаннинг энг сирли ҳудуди — Бермуд учбурчаги билан боғлиқ жумбоқлар ҳанузгача тадқиқотчилар диққат марказида. 1976 йилнинг 20 ноябрь санасидан чоп этилган
“Океан қудуғи” рисоласида ёзилишича, Бермуд учбурчагида ҳам океаннинг бошқа ҳудудлари сингари яхши ўрганилмаган табиат ҳодисалар содир бўлиб тураркан.

Ушбу ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларини билмаган, уни илмий ва амалий жиҳатдан исботлай олмаган олимлар жумбоқларга бой воқеа­ҳодисаларни изоҳлашдан бош торганда, турли ғайритабиий тахминлар илгари сурилиши табиий.

Масалан: сув қаъридаги ғорларда яшовчи даҳшатли маҳлуқлар, сув сатҳига сакраб ов қиладиган акулалар ҳужуми, бедарак йўқолган кема экипажининг безовта руҳлари таъқиби, Ер марказигача чўзилган ўпқоннинг пайдо бўлиши, тирик жонни парчалаб юборувчи қуюқ (кислотали) туман, улкан аждаҳо оғзига дучор бўлиш, “сариқ иблис” — олтинни чорловчи магнит майдон ва яна бир қанча ваҳимали тахминлар мавжуд.

2015–2017 йилларда олиб борилган тадқиқотларда аён бўлдики, бундан қирқ йил илгари сурилган илмий тахминларда бир талай асос ва далиллар бор...

Шампан виносининг “портлаши”
Маълумки, океан туби Ер қатламларининг биз тўлиқ ўрганиб улгурмаган қаватларидаги жисмлар (моддалар) билан туташ. Масалан, океаности ғорлари ва у ерда содир бўладиган физик­кимёвий жараёнлар.

Тахминларга кўра, Ер қаъридан океан тубига чиқиб тўпланаёт газларнинг тезлиги қандай бўлса, табиий газларнинг сув таркибига сингиб (эриб) кетиши ҳам шундай тезликда содир бўлиши — табиат мувозанатини сақларкан.

Бироқ Ер қаърининг турли қаватларидан мунтазам равишда океан ботиқларига чиқиб турадиган газларнинг ҳаммаси ҳам сув билан “келишавермас” экан. Оқибатда океан тубидаги юқори босимли сув остида ўзига хос газли пуфакчалар ҳосил бўлади.

“Газ сув”нинг маълум миқдори тўплангунча тепадаги бир неча юз метрли океан сувларининг кучли босими ўзига хос қопқоқ (“пробка”) вазифасини ўтаб туради. Кучга тўлган газланган сув океан сиртига қараб отилганда эса фалокат юз беради. Негаки, табиат қонунига кўра енгил ва оғир жисмлар ўрин алмашганда, газсимон моддалар ва енгил суюқликлар тепага, океан сатҳидаги оғир жисмлар эса пастга ҳаракатланиши лозим.

Бу жараён кўз очиб юмгунча, аниқроғи юқорига интилган газ сувнинг тезлиги қандай бўлса, сиртдагилари ҳам шундай чаққонликда сув қаърига ғарқ бўлади.

Бедарак йўқолган кемаларнинг аксарияти ёрдам чақириғи — “SOS” бера олмаганига айнан шу нарса сабаб бўлса ажабмас.

Тасаввур қилинг: одатдаги сокинликка эга сув сатҳида сузаётган кема бир зумда океан қаърига ғарқ бўлади. Бундай бахтсиз ҳодисалар рўй берганда океаннинг осойишталик ҳукмрон бўлган юзасида кутилмаганда бирдан қуюқ туман пайдо бўлиб, улкан ўпқон ҳосил бўлишини­ку Бермуд учбурчаги ҳақидаги синоатларини эшитганлар яхши билишади.

Бахтли тасодиф туфайли ҳалокатдан омон қолганлар ёки ҳаво транспортидан туриб кузатганларнинг гувоҳлик беришича, фалокат содир бўлишидан олдин сирли учбурчакнинг маълум бир қисмида “оппоқ сув” пайдо бўларкан. Қуюқ туман ҳам ўша оқиш кўпикли сувнинг пайдо бўлиши натижасида ҳосил бўлиши ўрганилган. Оқ сув, ўша биз океан қаърида кузатган “газ сув” эканлигига шубҳа йўқ.

Бу жараённи кўз олдингизга келтириш учун шампан виноси очилишини эсланг. Шиша идишга “қамаб қўйилган” шампан виноси ҳам газланган бўлади, чайқалиш ундаги босимнинг ошишига сабаб бўлиши аниқ.

Очишингиз билан қопқоғини отиб юборади­ю шиша бўйнидан оппоқ кўпик отилади. Буни “кичик портлаш” дейиш мумкин.

Океан тубидаги сув қатламларида газ миқдорининг ошиши океан қаъридаги қояларнинг ёрилиши ва парчаланишига олиб келади. Шунда катта кучга эга бўлган аралашма сув юзасига отилиб, ўрнига океан сатҳидан сўриб оладигани сув транспорти бўлса — бундай кеманинг ҳолига вой!

Негаки, ҳар қандай қаттиқ жисм “газли сув” таъсирида кукунга айланиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Кеманинг парчаланиш эса сув сиртидаёқ бошланиб, бу манзарани кузатишнинг иложи йўқ. Бермуд учбурчагида ғойиб бўлган кемаларнинг барчаси қуюқ туман ичига кирганча қайтиб чиқмагани эса барчамизга маълум.

Манба: Qalampir.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бермуд учбурчагининг сири: шампан виноси ва улкан ўпқон орасидаги боғлиқлик