16:41 / 18.07.2018
6 352

“Катта бўлсам, Фаррош бўламан!”

“Катта бўлсам, Фаррош бўламан!”
Бошланғич синф ўқитувчиси бўлганим учун ҳам ёш болаларнинг психологиясини яхши биламан. Улар беғубор ва самимий бўлишларига қарамай, гоҳида бироз бешафқат ва адолатсиз ҳам бўла оладилар. Назаримда, бу уларда ҳали виждон тушунчаси ва туйғуси шаклланмаганидан бўлса керак. Лекин, биз катталардан фарқли ўлароқ, бир-бирига ноҳақлик қилиб, аразлашиб қолган болалар жуда тез фурсатда яна апоқ-чапоқ бўлиб кетаверадилар. Гина сақламайдилар, бир-бирларидан алам олишни ўйламайдилар.

Яқинда ўзим раҳбарлик қиладиган учинчи синфда кўнгилсизлик рўй берди: отаси кўчада фаррош бўлиб ишлайдиган бир ўқувчимни бошқа ўқувчилар мазах қилиб, яккалаб қўйишибди.

- Улар: “Сенинг отанг кўча тозаловчи, исқирт бир одам, сендан ҳам чиқиндининг ҳиди келиб туради”, дея ўғлимни ҳақорат қилишибди, - деди унинг отаси. – Ўғлим бундан қаттиқ азият чекяпти, мактабга келишни ҳам истамаяпти. Уни бошқа мактабга ўтказганим маъқулмикан?..

Ўғлининг ноҳақ азият чекканидан изтиробда қолган отага таскин беролмадим. Бу воқеа ўзимни ҳам қаттиқ ранжитган эди.

- Бошқа мактабга ўтказиш ҳақида қайта гапирманг, - дедим. – Менда бир режа бор... Ҳамкорликда бир иш қилмаймизми? Агар рози бўлсангиз, ҳамма болаларга катта дарс бўлар эди.

Ота бажонудил рози бўлди. Биз режамнинг майда-чуйдасига қадар муҳокама қилиб, келишиб олдик.

Эртаси куни мактабга барвақт келдим-да, синф хонасига ўзим билан олиб келган чиқиндиларни сочиб чиқдим ва хонанинг эшик-деразаларини зичлаб беркитдим. Дарс бошланадиган вақтгача синф хонамиз чиқиндининг сассиқ ҳиди билан тўлди. Болалар синф хонасига ҳар доимгидек шовқин-сурон билан кириб келдилар ва аҳволни кўриб, донг қотиб қолишди. Мен сассиқ ҳиддан кўнгли беҳузур бўлиб, оғиз-бурунларини рўмолча билан беркитишга уринаётган болаларни кўз қирим билан кузатар эканман, ёлғондан жаҳл қила бошладим:

- Бу нима аҳвол? Бу нимаси ахир? Нега шундай чиройли синф хонамиз бу ҳолга тушди?..

Бу вақтда режага мувофиқ етиб келган ҳамкасбларимдан бири бу ҳолатнинг сабабини “тушунтира кетди”:

- Кеча фаррошимизнинг тоби қочиб, ишга келмаган эди. Бошқа синфлардаги болалар ўз синф хоналарини ва мактаб ошхонасини тозалаб, чиқиндиларни шундоқ йўлакда қолдириб кетишибди. Менимча, очиқ деразадан дайди итлар кириб, овқат қолдиқларини еб, чиқиндиларни титкилаб, синф хонангизга сочиб ташлаган кўринади... Бир кун фаррош бўлмаса, аҳвол шу-да!

Болалар бизнинг бу тўқималаримизга чиппа-чин ишониб, бири олиб бири қўйганча чуғурлаша бошладилар:

- Энди нима бўлади, устоз?

- Бугун дарс ўтолмаймизми?

- Хонамизни ким тозалаб беради энди?

- Ўзимиз тозалаймиз, - дедим хотиржамлик билан. – Қани, сумкаларингизни жойига қўйиб, менга қарашиб юборинглар-чи! Бўлақолинглар!.. Аввал деразаларни очамиз...

Болалар истар-истамас, чиқиндиларни полдан тера бошладилар. Ярим соатча “тер тўкдик”, лекин синф хонамизни буткул тозалай олмадик.

- Бу иш бизларнинг қўлимиздан келмас экан, болалар, - дедим “чарчаб” стулга ўтирарканман. – Бизга яхши бир ёрдамчи керак. Ёрдамчи деганим нимаси, бизга халоскор керак! Тезда келиб, бизни бу ифлос чиқиндилардан қутқарадиган халоскор керак!

Болаларнинг ҳаммаси менга умид билан тикилиб қолганларини кўриб, овозимни баландлатиб, таъкидладим:

- Мен шундай одамни биламан. Ҳозироқ унга қўнғироқ қилсам, ҳамма ишини ташлаб, бизга ёрдамга етиб келади...

Мен синфдошлари яккалаб қўйган боланинг отасига – кўча фаррошига қўнғироқ қилдим-да, аҳволни тушунтирган бўлдим. У режа бўйича мактаб қоровулхонасида ўтириб, қўнғироғимни кутаётган эди. Фаррош синф эшиги ортига келиб, менга секингина белги бергач, синф хонасидаги бадбўй ҳиддан ва чиқиндилардан қандай қутулишни билмай, гангиб қолган болаларга қараб:

- Халоскоримиз етиб келди шекилли. Қани, болалар, ҳаммамиз у кишини ҳурмат билан кутиб олайлик-чи! – дедим. Болалар эшикдан худди эртаклардаги паҳлавон қаҳрамон кириб келадигандек, ихлос ва интиқлик билан тикилиб қолишди.

Фаррошимиз кириб келгач, ҳамма болалар менинг ишорамни кутмасданоқ унга жўровоз бўлиб салом бердилар. Фаррошимиз алик олгач, атрофни кўздан кечирган бўлди ва:

- Сизлар бирпас тоза ҳавода айланиб келинглар, муаллим, мен унгача синф хонангизни тозалаб бераман, - деди. Мен болаларни мактаб ҳовлисига олиб чиқдим, аммо уларнинг ҳеч бири ўйинга рағбат билдирмади. Ҳамма болалар синф эшигидан мўралашни, фаррошнинг хонамизни қандай қилиб асл ҳолига қайтара олишини кўрмоқни исташарди...

Синф хонасига қайтиб кирганимизда атроф тозаликдан ярақлар, ҳаводан атиргуллар иси келаётганди (фаррошимиз режага мувофиқ, хонани тозалаб бўлгач, ҳавога атиргул исли спрей пуркаган эди). Болалар қувончдан чапак чалиб юборишди. Энди фаррошимиз уларнинг кўзига афсоналардаги сеҳргарлар каби ҳар ишга қодирдек кўрина бошлади.

Кейин режамизнинг иккинчи босқичига ўтдик: мен фаррошнинг кетишига изн бермадим ва уни ўзимнинг ўрнимга ўтқазиб қўйдим-да, “Бизга ўзингиз ва касбингиз ҳақида сўзлаб беринг, илтимос”, дедим. Болалар кутганим каби, сув қуйгандек жим-жит бўлиб, фаррошнинг суҳбатини тинглай бошладилар.

- Мен фаррошман, - шошилмай гап бошлади у қадрдонимиз. – Ҳар куни эрта саҳарда - сизлар ҳали иссиқ ва юмшоқ ўринда ухлаб ётган вақтингизда мен кўчаларни тозалагани чиқаман. Атрофни супуриб-сидираман, чиқиндиларни тўплайман ва керакли жойга элтиб ташлайман. Менга ўхшаган фаррошлар жуда кўп. Уларнинг ичида сизларнинг отангиз, ҳатто бобонгиз тенги кишилар ҳам кўп. Ҳаммамиз баҳамжиҳатликда ишлаб, одамлар ишга, ўқишга боргунига қадар кўчаларни ярақлатиб тозалаб қўямиз. Агар биз бир кун ишга чиқмасак, кўчаларни бир кунгина тозаламасак, атроф худди бугунги сизларнинг синф хонангиз ҳолига тушади: ҳаммаёқ чиқиндига тўлиб, ҳаво бад бўйлашиб кетади... Фаррошлик жуда қийин иш. Фаррош бўлиш учун киши сабрли ва кучли бўлиши керак...

Фаррошимиз гапирар экан болалар ундан кўзларини узмай ўтиришар, ҳар бир сўзини жон қулоқлари билан тинглар эдилар. Унинг ўғлини айтмайсизми! Кечагина отасининг касби туфайли боши эгилган бола бугун ўз отаси билан фахрланиб, унга меҳр билан тикилиб ўтирар эди!

Суҳбат сўнгида ҳаммамиз жамулжам бўлиб, фаррош меҳмонимиз билан суратга ҳам тушдик. Тўғри, бу нарса режамизда йўқ эди, фаррош билан суратга тушишни болаларнинг ўзлари исташди. Отасининг бўйнидан қучиб суратга тушаётган ўртоғига ҳавас билан қараётган болаларни кузатарканман, режамиздан катта фойда кўрганимизга тўла ишондим. Меҳмонни кузатгач, болаларга шундай уқтирдим:

- Ҳар бир бола ҳалол пешона тери билан пул топиб, оиласини боқаётган отаси билан фахрланиши, унга ҳар ишда кўмакчи бўлиши керак. Ҳалол меҳнат ҳеч қачон ҳеч кимнинг бошини эгдирмайди!..

Чиндан ҳам, отасининг қора меҳнати юзасидан болаларнинг камситилишига, боши эгилишига, кўз ёши тўкишига, масхараларга сабаб бўлишига тоқат қилолмайман. Агар тоқат қилсам, муаллим бўлолмасдим.

...Эртаси куни мени мактаб директорининг хонасига чақиртиришди. Борсам, ўқувчиларимдан бирининг отаси – вилоятдаги амалдорлардан бири савлат тўкиб ўтирибди. У мен билан сўрашиш учун истар-истамас қўл узатаркан, “Хуш келибсиз” дейишим ҳамон, “Ҳеч хуш келмадим” деди жеркиб. Кейин жаҳл билан ўшқирди:

- Кечадан буён менинг ўғлим “Катта бўлсам, фаррош бўламан” дегани-деган. Эшитсам, синфингизда кўча фарроши билан учрашув ўтказган эмишсиз. Шунақаси ҳам бўларканми?! Болаларга фаррошни ўрнак қилиб кўрсатяпсизми ҳали?! Ҳеч қаерда ўқимаган, қўлидан кўча супуришдан бошқа ҳеч иш келмайдиган, оми бир фаррош болаларга ўрнак бўла оладими?! Сиз бу қилмишларингиз билан бизнинг болаларимизга нимани ўргатяпсиз?..

Мен унинг жаҳл билан стол муштлаганига ҳам, директорнинг менга хўмрайиб тикилиб ўтирганига ҳам эътибор бермадим.

- Мен болаларга одам бўлишни ўргатяпман, - дедим. – Мен уларга инсонийликни ўргатяпман!..
Наим АНВАР
Турк тилидан Фарангис ИСОМИДДИН таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Катта бўлсам, Фаррош бўламан!”