Жанубий Корея ОАВлари: «Эртага иссиқ ва нам ҳаво ўйинга таъсир қилиши мумкин» » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
21-01-2015 | 23:13 ZAMIN.UZ / Спорт / 21 Январ 2015 года
870

Жанубий Корея ОАВлари: «Эртага иссиқ ва нам ҳаво ўйинга таъсир қилиши мумкин»

Жанубий Корея ОАВлари: «Эртага иссиқ ва нам ҳаво ўйинга таъсир қилиши мумкин»

Жанубий Корея ОАВларининг хабарларига қараганда, эртага Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги чорак финал ўйини вақтида Мельбурнда об-ҳаво +36 даражагача кўтарилиши ва намлик юқори бўлиши кутилмоқда.

Австралиянинг ҳудудлари иқлими бир-биридан 10 даража атрофида фарқ қилади ва бу ҳолат айрим жамоаларга таъсир кўрсатмоқда. Жанубий Корея терма жамоаси Уммон ва Кувайтга қарши ўйинлар ўтказган Канбера шаҳрида кундузи ҳаво жуда иссиқ, кечаси эса ёмғир ёғиб ҳарорат бирдан тушиб кетади. Бундай иқлимга мослашолмаган Сон Хеунг Мин ("Байер", Германия), Ку Жа Чол ("Майнц-05", Германия), Ким Жин Хён ("Серезо Осака", Япония), Ким Жу Йонг ("Шанхай", Хитой) каби корейсларнинг етакчи футболчилари шамоллаб қолиб, анча куч йўқотишди.

"Daily Sports"нинг ёзишича, Канберада корейслар худди Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидаги каби иқлимда тўп суришган. "Бизникилар ҳаракатсиз турган ҳолатда ҳам тер қуйилиб келадиган ҳавода Уммон ва Кувайтга қарши ўйнашди. Чорак финални ўтказиш учун Мельбурнга етиб келгач эса бу ер Кореянинг куз ҳавосидек таассурот уйғотди: бироз салқинроқ. Лекин Австралиянинг ўзгарувчан иқлими эртага +36 даража иссиқ бўлишни "ваъда қилмоқда".

Бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам корейслар устози Ули Штилике об-ҳаво ҳақидаги саволга бепарволик билан: "Биз бундан ҳам иссиқроқ бўлган Брисбенда ўйнаб кўрдик. Жуда катта фарқ йўқ. Агар Брисбенга бориб кўрмаган бўлсангиз - янаям билмадим", дея жавоб қайтарди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичининг Хитойга қарши ўйинини Брисбенда ўтказган.

Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул

Манба: www.stadion.uz.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru