date

Эроннинг кибер салоҳияти: АҚШга хавф солаётган замонавий таҳдид

Эроннинг кибер салоҳияти: АҚШга хавф солаётган замонавий таҳдид
Сўнгги йилларда дунёда уруш ва можаро услублари кескин ўзгариб бормоқда. Эндиликда жанг майдони нафақат ерда, балки интернет тармоқларида, серверларда, саноат тизимларида ҳам кечмоқда. Бу борада Эроннинг кибер салоҳияти дунё экспертларини тобора кўпроқ ташвишга солмоқда, айниқса, АҚШ билан кескинлашган вазият фонида.

Кибер кучлар: Эроннинг янги қуроли
2000-йиллар ўрталарида АҚШ ва Исроил томонидан Эроннинг ядро дастурига қарши ишлатилган “Стухнет” номли компьютер вируси ушбу мамлакатни киберхавфсизлик соҳасига жиддий эътибор қаратишга мажбур қилди. Теҳрон орадан 15 йил ўтиб, бугун рақамли урушда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бўлди.

Эрон киберармияси ўзининг зарарли дастурлари орқали йирик ҳужумларни амалга оширган. Масалан, 2012-йилда Саудия Арабистонининг "Сауди Арамcо" нефт компаниясига қилинган ҳужум натижасида 30 000 дан ортиқ компьютер ишдан чиқди ва мамлакатда нефт ишлаб чиқариш ярмига қисқарди. 2014-йилда эса Исроил тарафдори бўлган америкалик миллиардерга тегишли "Сандс" казино тармоғига зарба берилди.

Киберҳужумлар орқали "жавоб"
Яқинда АҚШ Эроннинг ядро иншоотларига ҳаводан зарба берди. Мутахассисларнинг фикрича, Эрон бундай ҳаракатларга қарши жавобни киберхуружлар орқали бериши мумкин. Бундай ҳужумлар реал ҳарбий тўқнашувларга олиб келмасдан туриб, рақибга босим ўтказиш усули сифатида фойдалидир. Бу эса Эрон учун айни муддао — АҚШга бевосита ҳарбий зарба бера олмайди, аммо рақамли майдонда зарар етказиш имконияти мавжуд.

Ҳозирча АҚШда Эрон билан боғлиқ киберҳужумлар кузатилмаган. Бироқ ҳукумат ва мутахассислар тайёргарлик ҳолатида. Эҳтимолий хавфлар орасида вебсайтларни бузиш, хизматдан маҳрум қилиш (ДДоС) ҳужумлари ва махфий жосуслик фаолиятлари бор.

АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг огоҳлантиришича, Эрон тарафдори бўлган "хактивистлар" – яъни мустақил кўринадиган, аммо расмий режимга хизмат қилувчи гуруҳлар – вебсайтларни бузиши ёки ишдан чиқариши мумкин. Бундай ҳужумлар нафақат техник, балки психологик зарба сифатида ҳам фойдали — улар орқали ички аудиторияни “жавоб қайтарилди” деган руҳда қизиқтириш мумкин.

Бу ҳолат шуни кўрсатадики, Эрон жавоб беришга шошилмаслиги мумкин, бироқ мудроқ ҳолатда кузатиш олиб боради, таҳлил қилади, ва зарур пайтда “ёлғиз бўри” услубида жавоб бериши эҳтимолдан холи эмас.

Ўзбекистон учун сабоқ: рақамли хавфсизликнинг долзарблиги
Эрон ва АҚШ ўртасидаги бу кибер қарама-қаршилик Ўзбекистон каби давлатлар учун ҳам муҳим сабоқдир. Бугунги глобал таҳдидлар орасида киберхавфсизлик масаласи энг устувор йўналишлардан бирига айланмоқда. Инфратузилма, давлат бошқаруви, энергетика тизимлари ва ҳатто ижтимоий тармоқлар – буларнинг барчаси киберҳужумлар нишонига айланиши мумкин.

Шу боисдан ҳам Ўзбекистон киберхавфсизлик соҳасидаги имкониятларини кучайтириш, ёш мутахассисларни тайёрлаш ва халқаро тажрибаларни ўрганиш орқали ўзини рақамли майдонда ҳимоя қила оладиган давлатга айланиши керак.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эроннинг кибер салоҳияти: АҚШга хавф солаётган замонавий таҳдид