date

Афғонистон Хитой шартномаларини бекор қилаётган мамлакатлар сафига қўшилди

Афғонистон Хитой шартномаларини бекор қилаётган мамлакатлар сафига қўшилди
Толибон яқинда хитойлик Xinjiang Central Asia Petroleum and Gas Co. (CAPEIC) компанияси билан 540 миллион долларлик нефть қазиб олиш бўйича йирик шартномани бекор қилди. 2025 йил бошида эълон қилинган ушбу қарор оддий шартнома баҳси эмас, балки Афғонистоннинг хитойлик компаниялар билан иқтисодий ҳамкорликни қайта кўриб чиқиш тенденциясига қўшилаётганидан далолат беради. 2023 йил январда имзоланган ушбу шартнома Афғонистоннинг шимолидаги Ому Дарё ҳавзасида нефть бойликларини очишни кўзда тутар эди. Хитой компанияси бир йилнинг ўзида 150 миллион доллар сармоя киритишга, 4 500 квадрат километр майдондаги тахминан 87 миллион тонна хом нефть захираларини қазиб олишга ҳозирлик кўрсатган эди. Халқаро легитимлик ва даромад излаётган, маблағ танқис Толибон ҳукумати учун бу ҳамкорлик аввал бошда ажойиб имконият бўлиб кўринган.

Бироқ, Толибоннинг Кончалар ва нефт вазирлиги матбуот котиби Ҳамаъун Афған маълум қилишича, қўшма комиссия CAPEIC компанияси шартномани бир неча бор бузганини ва ўз мажбуриятларини бажармаганини аниқлаган. Шартнома Бош вазир ўринбосари Мулло Абдул Ғани Барадар ва Бош вазир Мулло Ҳасан Охунд тавсияси билан бекор қилинди. Бузилиш тафсилотлари ошкор этилмаган бўлса-да, вазирлик эндиликда халқаро консалтинг компанияларига кейинги шартномаларнинг ҳуқуқий ва молиявий жиҳатларини кўриб чиқиш учун эшик очган.

Бу қарор айниқса Толибон ва Хитой ўртасида тарихан яқин алоқалар мавжуд бўлган шароитда аҳамиятлидир. 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан сўнг Толибон Хитой компаниялари билан бир неча йирик кон ва савдо шартномаларини имзолаган, Пекин эса дипломатик ва иқтисодий алоқаларни фаол давом эттирган. Хитой Толибон тайинлаган элчини расман қабул қилган биринчи давлат бўлган, ўз элчисини ҳам Кобулга жўнатган эди. Нефть шартномасининг бекор қилиниши шуни кўрсатадики, халқаро изоляцияга қарамай, Толибон ҳам ҳамкорларидан шартнома талабларига риоя этишни талаб қилмоқда. Афғонистоннинг бу қарори ривожланаётган мамлакатларда Хитой лойиҳаларига танқидий ёндашиш тенденцияси ортиб бораётган кенг йўналишнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда. Бу тенденция айниқса Африкада кучли, бир неча давлатлар Хитойнинг бизнес амалиёти ва кредит сиёсатидан кўнгли тўлмай, шартномаларни қайта кўриб чиқмоқда.

Гананинг тажрибаси бу шубҳаларнинг ёрқин намунасидир. Ғарбий Африка мамлакати Пекин Everyway Traffic and Lighting Tech компанияси билан йўл ҳаракатини бошқариш тизими тузиш бўйича шартномани бекор қилди. Лойиҳа “қониқарсиз ишлар” туфайли тўхтатилгани расмийлар томонидан эълон қилинди ва бу Хитой компаниялари сифати борасидаги хавотирларни акс эттиради. Энг муҳим нарса шундаки, Конго Демократик Республикаси ҳам 2008 йилда Хитой билан имзоланган кон шартномаларини қайта кўриб чиқмоқда. Президент Феликс Чисекеди бу келишувларни танқид қилиб, “биз шартнома имзолаганлар бойимоқда, лекин Конго халқи ҳали ҳам қашшоқ”, деб баёнот берган. Дастлабки шартнома Sinohydro Corp ва China Railway Group давлат компаниялари билан тузилган бўлиб, йўл, шифохона ва кўприк қурилиши эвазига мамлакатнинг Sicomines корхонасида 68 фоиз улуш берилишини назарда тутган. Бироқ шаффофлик йўқлиги ва маҳаллий аҳоли манфаатларига хизмат қилмагани сабабли шартномалар қайта кўриб чиқилмоқда.

Кениядаги Хитой инфратузилма лойиҳалари ҳам тортишувларга сабаб бўлмоқда. Ўтган йил июль ойида Кения Олий суди 3,2 миллиард долларлик темир йўл қурилиши бўйича шартномани “тендер қонунлари бузилгани учун” бекор қилди. Бу қарор Хитой лойиҳаларида шаффофлик ва қонунийлик масалаларига жиддий эътибор қаратилганини кўрсатади. Эфиопияда ҳам Poly-GCL компанияси билан нефть-газ қазиб чиқариш шартномаси тугатилди. Конлар ва нефт вазири Такеле Ума компанияни “молиявий ва ташкилий ожизлик”да айблади. Огоҳлантириш ва бир неча марта имконият берилишига қарамай, компания талабларга жавоб бермаган.

Уганданинг тажрибаси ҳам шунга ўхшаш: давлат China Harbour Engineering Company (CHEC) билан темир йўл қуриш шартномасидан воз кечди. 273 километрли Мааба-Кампала темир йўли учун 2,2 миллиард долларлик лойиҳа Хитой молиячилари қўллаб-қувватламагани туфайли амалга ошмади. Уганда энди турк компанияси Yapi Merkezi билан ҳамкорлик қилмоқда, бу инфратузилма шарикликларини диверсификация қилиш тенденциясига мисолдир. Ҳатто Марказий Америкада ҳам Хитой таъсири синовга учрамоқда — Панама суд орқали Ҳонконг компаниясининг Панама каналининг икки портидаги концессиясига қарши иш очган. Бу орқали Хитойнинг муҳим инфратузилмага таъсири саволга тутаётгани кўринади.

Шартномалар бекор қилиниши Хитой сармояларидаги бир неча жиддий муаммоларни очиб бермоқда: паст ижро сифати, шаффофлик етишмаслиги, қабул қилувчи давлатлар учун ноқулай шартлар ва маҳаллий эҳтиёжларни эътиборга олмаслик. COVID-19 пандемияси бу муаммоларни янада кучайтирди — Хитой катта инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритишда эҳтиёткорроқ бўлиб, қарздор давлатлар эса кредитларни қоплашда қийналмоқда. Кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун Хитой сармояси бошда шаффофлик ва бошқарув талабларисиз лойиҳаларни олиб келган бўлса, тажриба шуни кўрсатдики, бу енгил шартларда ҳам кўп ҳолларда яширин хатарлар — қарз барқарорлиги муаммоси, лойиҳа сифатининг пастлиги ва технология трансфери етишмаслигини олиб келади.

Толибоннинг нефть шартномасини бекор қилиши шуни кўрсатадики, ҳатто халқаро имкониятлари чекланган ҳукуматлар ҳам шартнома талабларини таъминлашга интилаяпти. Бу ҳолат Хитой компаниялари эндиликда заиф ва маблағсиз давлатлар ҳам томонидан паст ижро ёки шартларни бузишга чидашмайди, деган хулосага олиб келмоқда. Кўпроқ давлатлар Хитой компаниялари билан муносабатларни қайта кўриб чиқаётган бир пайтда, Пекин лойиҳа сифати, шаффофлик ва тенглик масалаларига жиддий эътибор қаратмоқда. Хитой сармояси энди кўз юмиб қабул қилиниши даври тугаётганга ўхшайди, ва давлатлар нафақат молиявий ёрдам, балки узоқ муддатли манфаат ва шартномаларга амал қилинишига эътибор қарата бошламоқда. Афғонистон мисоли халқаро ҳамкорликда келажакка йўналтирилган ва қийматга эга ёндашув ривожланаётганини кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистон Хитой шартномаларини бекор қилаётган мамлакатлар сафига қўшилди