
Яқин Шарқдаги сиёсий ва ҳарбий кескинликлар фонида Эрон олий раҳбари Аятуллоҳ Али Хоменаий АҚШ ёки Исроил томонидан бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳужум ҳолатида ҳокимиятнинг узлуксиз сақланиб қолиши учун жуда муҳим қадам ташлади. Бу ҳақда Америка нашри The New York Times ўзининг Эрондаги манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, Хоменаий Экспертлар ассамблеясига махсус кўрсатма бериб, ўзи ўлдирилган ёки норасмий йўл билан лавозимидан четлатилган тақдирда ворисни зудлик билан тайинлашни таъминлашни талаб қилган. У уч нафар синовдан ўтган ва тажрибали номзодни танлаб, уларни яширин рўйхатда қайд этиб қўйган.
Бу одатий ҳолат эмас. Эронда олий раҳбар алмашинуви одатда бир неча ой давом этадиган, дин ва сиёсат чорраҳасида мураккаб жараён ҳисобланади. Аммо бу сафар вазият мутлақо бошқача — мамлакат уруш ҳолатида. Шу боис, Хоменаий ҳокимиятнинг тепа қатламини тезкор ва босқичма-босқич тартибда янгилашни мақсад қилган.
Таъкидлаш жоизки, Хоменаийнинг ўғли Мўжтаба Хоменаий айнан шу лавозимга энг асосий даъвогар сифатида тилга олинган эди. Аммо New York Times манбаларига кўра, у отасининг танлаган ворислари орасида йўқ. Бу эса сиёсий кулисаларда янграётган миш-мишларни йўққа чиқарди.
Шу билан бирга, Хоменаий нафақат ўз ўрнини сақлаш, балки ҳарбий қўмондонлар ва муҳим давлат арбоблари ўлдирилган тақдирда уларнинг ўрнига ким тайинланишини ҳам олдиндан белгилаб қўйган. Бу — Эрон раҳбариятининг ҳарбий ва сиёсий тайёргарлиги юқори даражада эканини англатади.
Мақолада қайд этилишича, Исроилнинг Эронга қарши амалга оширган илк зарбалари ортидан мамлакатдаги сиёсий элита ва турли йўналишдаги сиёсий гуруҳлар ғоятда кам ҳолатларда кузатиладиган бирдамликда ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда ислоҳотчи сиёсатчи, Эроннинг собиқ вице-президенти Муҳаммад Али Абтаҳий таъкидлаб ўтган. Унинг фикрича, Исроил Эрон жамиятининг ички бирлик даражасини нотўғри баҳолади ва ташқи таҳдидга нисбатан бутун мамлакат ҳимоявий позицияни эгаллади.
The New York Times манбаларига кўра, айни пайтда Эрон раҳбариятини учта асосий хавф жиддий тарзда безовта қилмоқда:
1. Хоменаийга нисбатан эҳтимолий суиқасд;
2. АҚШнинг можарога расман қўшилиши;
3. Мамлакатнинг стратегик инфратузилмаларига кенг кўламли ва вайронкор ҳужумлар.
Бу хавфлар шу даражада жиддий баҳоланмоқдаки, Эрон разведка хизмати ўз ходимларига мобил телефонлар, интернет ва бошқа электрон алоқалардан фойдаланишни тақиқлаб қўйган. Уларга ҳатто ер ости бункерларига яширин ҳолда ўтиш буйруқ қилинган. Бу амалиёт — уруш ҳолатидаги мамлакатларнинг энг юқори даражадаги хавфсизлик чораси ҳисобланади.
Бу орқали Эрон нафақат ташқи агрессияга, балки ички танаффусга ҳам йўл қўймасликни мақсад қилмоқда. Мухлислар эса бу жараёнларни диққат билан кузатмоқда. Чунки минтақадаги ҳар бир сиёсий ҳаракат нафақат Эроннинг, балки бутун мусулмон дунёси ва халқаро геосиёсий вазиятнинг келажагига таъсир кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар