date

АҚШнинг Эронни бомбардимон қилиши алдов билан бошланди

АҚШнинг Эронни бомбардимон қилиши алдов билан бошланди
АҚШ ҳарбий кучлари 22-июн куни Эроннинг учта йирик ядро объектига қарши “Midnight Hammer” (“Тунги Болға”) номи остида махфий ҳарбий операцияни амалга оширди. Операция Б-2 туридаги махсус бомбардимончи самолётлар, "Tomahawk" қанотли ракеталари ва юзлаб ҳарбий самолётлар иштирокида олиб борилди. Пентагон бу ҳужумни Б-2 бомбардимончилари иштирокидаги энг йирик жанговар зарба сифатида таърифламоқда.

АҚШ расмийларига кўра, операция алдов билан бошланган. Миссуридаги база­дан ҳавога кўтарилган Б-2 самолётлари Гуам оролига қараб йўл олгани кўз-кўз қилинди. Бу ҳаракат мутахассислар томонидан урушга тайёргарлик сифатида талқин қилинди. Бироқ бу фақат чалғитиш эди – ҳақиқий етти дона Б-2 бомбардимончиси шарққа йўл олиб, 18 соат давомида деярли алоқа қилмасдан, ҳавода ёнилғи тўлдирган ҳолда учиб, Эрон ҳаво ҳудудига яқинлашди.

Эрон ҳаво ҳудудига яқинлашган пайтда АҚШнинг сувости кемаси 20 дан ортиқ "Tomahawk" ракетасини учирди. Б-2 самолётлари эса ҳар бири 13,600 килограмм (30,000 фунт) оғирликдаги 14 дона ГБУ-57 бункер-бустер бомбаларини Эроннинг ядро объектларига ташлади. Пентагон маълумотларига кўра, операцияда жами 125 дан ортиқ ҳарбий самолёт иштирок этди.

АҚШ Бош штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Ден Кейннинг айтишича, операция тактика жиҳатидан тўлиқ муваффақиятли бўлган. “Эрон ҳаво кучлари ҳаракатлана олмади, ҳаво мудофаа тизимлари эса бизни бутун операция давомида пайқай олмади. Биз тўлиқ кутилмаганлик устунлигини сақлаб қолдик,” – деди у Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида.

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет эса зарбанинг самарасига юқори баҳо берди: “Биз Эроннинг ядровий дастурига жиддий зарба бердик. Бу – шубҳасиз.”

Ушбу операция энг юқори даражадаги махфийликда тайёрланган бўлиб, ҳатто Вашингтондаги кўплаб юқори мартабали расмийлар ҳам бу ҳақда президент Доналд Трампнинг ижтимоий тармоқдаги пости орқали хабардор бўлган. Ҳегсетнинг таъкидлашича, тайёргарлик ойлар давомида олиб борилган, аммо операциянинг ўзи атиги бир неча ҳафта ичида якунийлаштирилган.

Ҳужум ортидан Форс кўрфази мамлакатлари юқори ҳарбий тайёргарлик ҳолатига ўтказилди. АҚШ эса минтақадаги ҳарбий кучларини кенгайтириб, ўз базалари хавфсизлигини оширди.

Вазиятнинг бундан кейинги ривожи ҳозирча ноаниқ. АҚШ расмийлари можаронинг кенгайишини истамаслигини билдирган бўлса-да, Эрон томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай жавобга нисбатан ҳам тайёрлигини маълум қилди.

“Эрон ҳушёр бўлиши керак. Президент Трамп буни аввал ҳам айтган, бу сафар эса жиддий ва қатъий чоралар кўрилади,” – деди Ҳегсет.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШнинг Эронни бомбардимон қилиши алдов билан бошланди