Серес авария вақтида аккумуляторни автомобилдан ажратиб юборувчи тизимни патентлади

Хитойнинг Серес компанияси электромобиллар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ноодатий технологияни патентлади. Янги тизимга кўра, жиддий йўл-транспорт ҳодисаси юз берганда, автомобилнинг аккумулятор блоки кузовдан автоматик равишда ажралиб чиқади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу ечимнинг асосий мақсади — ёнғин ва қисқа туташув хавфини камайтиришдир. Юқори кучланишли батарея авария вақтида асосий хавф манбаи ҳисобланади, уни физик жиҳатдан узоқлаштириш эса ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Патент ҳужжатларига кўра, тизим олд ва орқа таянч элементлари ҳамда электр итаргичлар билан жиҳозланган. Авария ҳақида сигнал олингач, механизм бир зумда маҳкамлагичларни блокдан чиқаради ва батарея блокини автомобилдан узиб қўяди. Конструкция тезкор ва бошқариладиган жараённи таъминлаш учун махсус ўзаро илашувчи элементларга асосланган.
Мазкур патент аризаси 2023-йилнинг ноябрь ойида топширилган бўлиб, расмий тасдиқ 2026-йил 8-майда олинган. Эътиборли томони шундаки, Серес аввалроқ ўз автомобилларига ўрнатиладиган ноодатий ечим — автомобил ичидаги ҳожатхона учун ҳам патент олган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!