11:00 / 22.07.2022
2 062

Роббини излаган Тимоти Вернернинг Абдулҳаким Муродгача бўлган йўли

Роббини излаган Тимоти Вернернинг Абдулҳаким Муродгача бўлган йўли
Тимоти Жон Винтер 1960 йилда архитектор ва рассом оиласида дунёга келади. У обрўли Вестминстер мактабини тамомлаган. Винтернинг ёшлиги туб ижтимоий ва маданий ўзгаришлар даврида ўтди: “Битлз” гуруҳи оммавий маданиятни кенг тарғиб қилар, аёллар ҳуқуқи масаласида кескин чиқишлар бўлиб ўтар, турли маънавий қарашлар кенг тарқалаётган пайт эди. Тим 15-16 ёшлигида христианликка шубҳа билан қарашни бошлайди. У “Муқаддас учлик” концепциясини қабул қила олмай, якка худога эътиқод қилишни истар эди. Шу билан бирга Тимоти ҳаёт ва табиатнинг бетакрорлиги ортида Яратувчи бор деб ҳисоблаган.

Бу Винтерни унитарианликни ўрганишига сабаб бўлади. Унитарианлар христианликнинг “учлик” тамойилини тан олмайдиган оқим. Бу ерда у Жон Хикнинг “Худонинг тасвири ҳақидаги афсона” китоби билан танишади. Бу Тимотининг ҳаётидаги бурилиш нуқталаридан бири бўлди.

Шу пайтда у алмашинув дастури доирасида Корсикага боради ва франциялик яҳудийлар оиласида яшайди. Уларнинг тўрт нафар қизи бўлади ва ўспирин уларнинг гўзаллигидан лол қолади. Шу вақтда у гўзалликнинг фақатгина мия функцияси эмаслигини ҳамда унинг бу чегараларга сиғмаслигини англаб етади. Дунё — жисмоний фаолиятдан кенгроқ тушунча. Узоқ йиллардан сўнг берган интервьюсида Тимоти: “Исломга киришимга ёш яҳудий қизининг гўзаллиги сабаб бўлган”, – деб эслайди.

Лондондаги коллежда араб тилини ўрганишни бошлаганда унда Ислом ҳақида ҳеч қандай билимлар йўқ эди. У шунчаки араб тилини ўрганиб, шу орқали Форс кўрфази давлатларидан яхши иш топишни режалаштиради. Тилни ўрганиш жараёнида Тимоти Ислом таълимоти ҳақида саволларга дуч келади. Кейинчалик BBС’га берган интервьюсида Абдулҳаким Мурод “Ислом ҳақида кўп нарсани билган сари, у христианлик ёпа олмайдиган кўплаб бўшлиқларни тўлдиришини англаб етдим”, – деган.

У шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт йўлларини ўрганиб, унинг жамиятда катта ўзгаришларни амалга ошира олганини кўради. Бу британияликни янада ҳайратлантиради. Тимоти Исломни қабул қилишга қарор қилади ва 1979 йилда Лондон масжидига боради. У Абдулҳаким Мурод исмини олади. Шундан кейин у таълимни Ал-Азҳарда давом эттиради. 80 йиллар охирида Мурод Лондонга қайтади ва турк ҳамда форс тилларини ўрганишни бошлайди. Абдулҳаким Мурод сўфийлик таълимотини ҳам ўрганган.

Ҳозирги кунда у Кембридж мусулмон коллежи асосчиси ва декани, ушбу коллеж қошидаги Азиз фонди Ислом тадқиқотлари профессори, Вольфсон коллежида тадқиқотлар бўйича директор, Кембридж университетида илоҳиёт кафедраси профессори, Кембридж марказий масжиди лойиҳаси асосчиси ва раҳбари ҳисобланади. У доимий равишда “Дунёнинг энг нуфузли мусулмонлари” рўйхатига киритилади. 2022 йилда у ушбу рейтингда 45 ўринни эгаллаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Роббини излаган Тимоти Вернернинг Абдулҳаким Муродгача бўлган йўли