
АҚШнинг Украинага Tomahawk ракеталарини етказиб бериши ҳақидаги хабарлар ортидан Россия президенти Владимир Путин дунё эътиборини яна ўзининг янги қуролига қаратди. Кремль раҳбари илгари “мўъжизавий қурол” деб атаган ядровий каллак ўрнатилган “Буревестник” қитъалараро ракета синовлари муваффақиятли якунланганини маълум қилди, деб ёзади BBC.
Путин бош штаб раҳбари Валерий Герасимов ва ҳарбийлар иштирокида ўтказилган йиғилишда “Буревестник”ни “ноёб, чекланмаган масофали ва ҳеч бир давлатда йўқ қурол” сифатида таърифлади. Унинг сўзларига кўра, ракета “ҳал қилувчи синовлар”дан муваффақиятли ўтган ва энди уни амалий жойлаштириш учун инфратузилма тайёрланмоқда.
Герасимов аниқлик киритганидек, 21 октябрь куни ракета ҳавода тахминан 15 соат давомида парвоз қилиб, 14 минг километр масофани босиб ўтган. “Бу чегара эмас”, деди генерал, “Буревестник ҳар қандай ҳимоя тизимини четлаб ўта олади ва юксак аниқлик билан мақсадга етиб боради”.
Путин бу қурол Россиянинг ядровий салоҳиятини янада мустаҳкамлаганини таъкидлаб, мамлакат “энг юқори даражадаги” тайёргарлик ҳолатида эканини билдирди. “Буревестник”ни қуролли кучларда жойлаштириш жараёни яқин вақтларда бошланиши кутилмоқда.
Мазкур ракета ҳақида Путин илк бор 2018 йилда Федерал мажлисга йўллаган мурожаатида сўз юритганди. Ғарб разведка маълумотларига кўра, “Буревестник” 2017–2019 йиллар оралиғида 13 марта синовдан ўтказилган, аммо уларнинг фақат иккитаси нисбатан муваффақиятли бўлган.
2019 йилда эса синов пайтида ракета Баренц денгизига қулаб тушган ва портлаш натижасида етти киши, жумладан Саров ядровий маркази олимлари ҳалок бўлган. Ҳодиса оқибатида радиация булути Северодвинскни қамраб, ҳатто Скандинавиягача етгани хабар қилинган.
“Буревестник”нинг сўнгги маълум синови 2023 йилда амалга оширилган бўлиб, ўшанда ҳам Путин ишланма деярли якунланганини айтганди.
Ҳозирда халқаро экспертлар бу ракета ҳақида турлича фикр билдирмоқда — айримлар уни ҳақиқий таҳдид деб баҳоласа, бошқалар уни кўпроқ сиёсий рамз сифатида кўришмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!