Фото: Getty Images
Уруш туфайли миллионлаб украиналиклар бошпанасиз қолди. Вайронагарчиликни ҳужжатлаштириш учун улар кўплаб тўсиқларни енгиб ўтиши ёки уйларни мустақил равишда тиклаши керак. Бироқ расмийларнинг таъкидлашича, Россиянинг чет элда музлатилган кўп миллиард долларлик активлари тез орада зарарни қоплаш учун сарфланади.
Киев вилоятининг Макаров қишлоғида яшовчи, мусиқа мактаби собиқ ўқитувчиси, ҳозирда нафақада бўлган Алла Витковскаянинг уйи март ойидаги жангларда вайрон қилинганди. Руслар Киевни ўраб олиш учун қишлоқни ёриб ўтишга ҳаракат қилдилар ва бу ерда шиддатли жанглар бўлди.
Бу уй 1911 йилда қурилганди. У оиланинг тўрт авлоди томонидан таъмирланди, қайта қурилди, дейди Витковская. Аммо бир неча кунлик жанглардан кейин уйдан ҳеч нарса қолмади.
Фото: Алла Витковская
«Ҳаммаси ёниб кетди – уй, ёзги ошхона, гараж. Иккита ертўла бор эди - бирортаси ҳам қолмади, қорамол ҳам, товуқ ҳам, - деб санаб ўтади у. - Ҳозир фақат гуллар очилиб турибди ва синиқ пианино бор холос».
Аёлнинг айтишича, унинг оиласи уйни тиклай олмайди ёки янгисини ҳам сотиб ололмайди. Эри биринчи гуруҳ ногирони, иккиси ҳам нафақада. Улар ҳеч бўлмаганда вагонча ёки вақтинчалик модул-уй олишга умид қилишмоқда.
Витковская уруш туфайли бошпанасиз қолган 3,5 миллион украиналикдан биридир.
Киев иқтисодиёт мактабининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Украинада камида 15,3 минг кўп қаватли уй ва 115,9 минг хусусий уй шикастланган ёки вайрон бўлган. Етказилган зарар ҳажми камида 48 миллиард долларни ташкил қилади ва бу қиймат уруш давом этган сайин ўсиб бормоқда.
«Давлат йўқотилган кўчмас мулкнинг ҳар бир метри учун товон тўлайди», деб ваъда қилган эди президент Володимир Зеленский март ойи охирида украиналикларга.
Жараён бошланди
Украинада вайрон бўлган ва йўқотилган уй-жойлар қандай қилиб ва қанча миқдорда қоплаб берилиши ҳақидаги қонун ҳали ҳам қабул қилинмади. Қонун лойиҳаси 1 апрелда биринчи ўқишда қабул қилинган ва шундан бери иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, «Халқ хизматкори» фракцияси вакили Елена Шуляк ҳужжат август охири ёки сентябр ойи бошида овозга қўйилиши мумкинлигини тахмин қилди.
Ҳозирча фақат фуқароларнинг уй-жойлари бузилгани ёки шикастлангани ҳақида ариза бериш тартиби бор. Амалда фақат компенсация қилиниши керак бўлган уй-жойларни ҳисобга олиш жараёни тўлиқ ишга туширилди, холос.
Фото: Getty Images
Қоидаларга кўра, етказилган зарар ҳақида нотариал идорада ёки Маъмурий хизматлар кўрсатиш марказида (ЦНАП) ёки «Действие» мобил иловаси орқали ариза бериш мумкин. Шунингдек, маҳаллий ҳукумат идораларига ҳам бевосита мурожаат қилса бўлади.
Шундан сўнг, бино ҳолатини ўрганиш учун мутахассислар юборилиши керак. Улар мол-мулкка етказилган зарар тўғрисида тегишли далолатнома тузадилар, унга вайрон этилган бино фотосуратлари илова қилинади.
Далолатнома ҳарбий ҳаракатлар натижасида шикастланган ва йўқ қилинган мол-мулкларнинг махсус давлат реестрида рўйхатга олинади.
Шунингдек, мулкдор ўз ҳисобидан техник экспертиза ўтказишга буюртма бериши ва хулосани маҳаллий ҳокимият органларига бепул топшириши ҳам мумкин.
Ҳамма нарса рўйхатга олинади
Шу билан бирга, BBC News билан суҳбатлашган украиналикларнинг баъзилари вайронагарчилик ва зарарни ҳисобга олиш жараёни ҳам яхши ишламаётганини таъкидлашади.
Фото: Getty Images
Бородянка шаҳрининг вайрон қилинган уйларидан бирида квартираси бўлган Анжелика ҳозир хорижда яшаяпти. У «Действие» мобил иловаси орқали ариза бергани, аммо ҳеч қандай жавоб бўлмаганини айтади.
Унинг қўшнилари вайрон бўлган уй-жой далолатномасини олиш учун тўғридан тўғри маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилишган.
BBC News суҳбатлашган одамларнинг ҳар бири фақат маҳаллий ҳокимиятга тўғридан тўғри мурожаат қилганидан кейингина бундай далолатномани олишгани ёки ҳеч бўлмаганда зарарни баҳоловчи тегишли комиссия келишига эришганини айтишади. Айримлари полицияга ва ФВВ маҳаллий бўлимига алоҳида ариза ёзишган.
Компенсация олишнинг аниқ ҳуқуқий механизми ҳали ҳам йўқлиги сабабли, ҳуқуқшунослар вақт ўтиши билан ҳеч нарсасиз қолмаслик учун қўшимча чоралар кўришни маслаҳат беришади. Хусусан, Ario Law Firm ҳамкори Евгений Грушовец жиноий ҳуқуқбузарлик содир этилгани ҳақида албатта полиция ёки прокуратурага шикоят қилишни маслаҳат беради.
Унинг сўзларига кўра, бу етказилган зарарни рўйхатга олишнинг энг самарали усулларидан бири бўлиб, Россиянинг Украинадаги жиноятлари бўйича бериладиган йирик даъволарнинг бир қисмига айланиши мумкин.
«Ҳуқуқ-тартибот идоралари мол-мулкни кўздан кечириши, ҳолатни ҳужжатлаштириши, шахсни жабрланувчи деб тан олиши, тушунтириш хати ёздириши, жиноят иши очиши керак. Бундай ишлар эвазига биз тажовузкор давлат – Россия томонидан етказилган зарарни қоплаш механизмига эга бўлишимиз мумкин».
Қўшимчасига Грушовец маҳаллий ҳокимият идораларига мурожаат қилиб, шикастланишни қайд этувчи махсус комиссия келишига эришишни маслаҳат беради.
«Агар уй-жой вайрон қилинмаган, балки шикастланган бўлса, буни ҳужжатлаштириш орқали келажакда компенсация олиш ва мустақил таъмирлаш имконига эга бўлиш мумкин, деб қўшимча қилади адвокат. - Аммо шикастланиш ҳолатлари албатта фото ва видео билан қайд этилиши лозим».
Агар таъмирлаш ишлари мустақил бошланган бўлса, қурилиш материаллари сотиб олинса ёки усталарга хизмат ҳақи тўланса, барча чеклар сақлаб қўйилиши, ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилиши керак. Кейинчалик шулар орқали компенсация олса бўлади.
Мустақил ҳаракатлар
Агар вайрон бўлган уй-жойни ҳисобга олиш жараёни аллақачон давом этаётган бўлса, унга компенсация берилиши, тикланиши ёки шунга ўхшаш ёрдам камдан кам учрайдиган ҳолатдир, бунда кўп нарса маҳаллий ҳокимият идораларига боғлиқ.
Фото: Людмила Кизилова
Буча шаҳрида яшовчи 67 ёшли Людмила Кизилова уйи маҳаллий ҳокимият томонидан тўлиқ тузатиб берилди.
Унинг уйи баҳорги жанглар ва рус истилоси марказида эди. Унинг эри ҳалок бўлди, рус ҳарбийлари уйини эгаллаб олишди. Буча озод қилинган пайтда эса уйи ёниб, харобага айланганди.
«Шаҳар кенгашига ариза бердим, комиссия келди. Ўт ўчирувчиларга мурожаат қилдим, улар ўз ишчиларини юборишди. Ҳаммаси уйни тиклаш ёки таъмирлаш иложсиз деган хулосага келишди», дейди у. «Уйни бузиб ташлаб, ўрнида янгисини қуриш керак. Лекин бунинг учун ким маблағ ажратади ва қачон бўлади, бу ҳақда ҳеч нарса маълум эмас».
Фото: Людмила Кизилова
Бучанск мэри ўринбосари Дмитрий Чейчукнинг айтишича, ҳудудда вайрон қилинган уйларнинг 80-90 фоизига далолатнома тузилган. 179 та хусусий уй тўлиқ бузиб ташланиши керак ва шаҳар бу ишларни мустақил равишда амалга оширмоқда.
«Бизда ҳамма нарса жуда тартибли, режа бўйича ташкил этилган, чунки бу воқеалардан имкон қадар тезроқ тикланиб олишни хоҳлаймиз, - дейди у. - Бир неча ҳафтадан бери коммунал хизматлар фуқароларнинг уйларини бепул демонтаж қилмоқда».
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, шаҳарда шикастланган уйларни жорий таъмирлаш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, 8 миллион гривна қийматидаги қурилиш материаллари харид қилинган ва иш бажарадиган пудратчини аниқлаш учун 5 миллион гривнага тендер эълон қилинган.
Шаҳарни қайта тиклаш учун халқаро ташкилотлар ва ғарблик ҳамкорлар томонидан ҳам маблағ ваъда қилинган. Хусусан, Италия ва Тайван Бучага 500 минг евро ажратмоқчи, БМТ Тараққиёт дастури ҳам маблағ ваъда қилган, аммо Чейчук бу жараён тез эмаслигини айтади.
«Одамлар бундай хабарни эшитиб, маблағ берилди деб ўйлашади. Бучада аллақачон бундай имкониятлар бор, нега улар менинг уйимни ҳалигача тикламади деб сўрашади. Лекин ҳозирча буларнинг ҳаммаси ваъда», дейди у. «Бизда эса зудлик билан амалга оширилиши керак бўлган шошилинч ишлар бор».
Бироқ баъзи дастурлар учун давлат бюджетининг захира фондидан ҳам маблағлар ажратилмоқда. Хусусан, Жамоалар ва ҳудудларни ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, ҳукумат ҳарбий ҳаракатлар оқибатларини бартараф қилиш учун Житомир, Киев, Суми ва Черниҳив вилоятларига 1,5 миллиард гривна, Киевга 200 миллион гривна ва Харкив вилоятига 250 миллион гривна ажратган.
Ушбу маблағлар биринчи навбатда муҳим ва ижтимоий инфратузилмага сарфланади. Аммо оз миқдорда шикастланган уй-жойларни тиклаш бўйича давлат дастури ҳам бор.
Фото: Getty Images
- Айнан шундай дастур асосида Ирпин шаҳрида шикастланган кўп қаватли уйлардан бирининг аҳолиси деразалар, эшикларни алмаштириш ва томни таъмирлаш учун маблағ олди, - дейди Оксана Сергиенко, уй эгалари уюшмаси раиси.
«Уйимизда яшовчи аёлнинг кўмаги билан бунга эришдик. У барча бюрократик юкни ўз зиммасига олди, кабинетларни айланиб чиқди ва мақсадга эришди. Ҳозир дераза ва эшикларни алмаштириш жараёни бошланди».
Бироқ бошқа вайронагарчиликни аҳоли ўз кучи билан бартараф қилишга мажбур. Хусусан, шикастланган қозонхонани қайта тиклаш учун ўзлари маблағ йиғишди, чунки, уйлар иситилмаса, қишда яшаб бўлмайди.
«Биз ҳар бир квартира эгасидан 30 минг гривнадан йиғишга муваффақ бўлдик, - дейди Сергиенко. - Биз аллақачон олдиндан тўловни амалга оширдик. Чунки вақт оз қоляпти, ҳеч ким бундай ишни қисқа вақт ичида бажармайди. Шу туфайли иситиш мавсумини анча кеч бошлаймиз».
Аҳоли сарфланган маблағларни келажакда компенсация сифатида қайтариб олишдан умидвор.
«Бизга барча ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, хулосалар, ҳисоб-китоблар, лойиҳаларни тайёрлаш кераклигини айтишди. Компенсация механизми тасдиқланса, ариза топширишимиз мумкин бўлади», деб қўшимча қилди у.
Музлатилган миллиардлар
Бузилган уй-жойларни тиклаш ва компенсация учун талаб қилинадиган кўп миллиард долларлик маблағни Украина қоплай олмаслиги аллақачон аниқ.
Россиянинг чет элда музлатилган активлари урушдан кейин уй-жой ва бутун мамлакатни тиклаш манбаларидан бирига айланиши мумкин. Ҳозир биз Украинага бу маблағларни олиш имкониятини берувчи механизмни ишлаб чиқишимиз керак ва бу жараён аллақачон қизғин паллада, дейди шу масала билан шуғулланувчи адлия вазири ўринбосари Ирина Мудра.
Гап компенсация механизми – музлатилган активлар мавжуд бўлган ҳамкор давлатлар ўртасидаги кўптомонлама келишувни имзолаш ҳақида бормоқда. Натижада зарарни қоплаш бўйича даъволарни кўриб чиқувчи махсус комиссия тузилиши керак.
Россия Федерациясининг музлатилган активларидан суверен иммунитетни олиб ташлаш учун компенсация механизми бўйича келишув зарур.
«Россия Федерацияси музлатилган активлардан фойдалана олмайди. Лекин уларни музлатиб қўйган давлат ҳам бу активларни ҳеч нарса қила олмайди, бу қонунга зиддир, яъни суверен иммунитетга эга», - деб тушунтиради Ирина Мудра. «Уни фақат маълум бир мамлакат қонунчилиги ёки халқаро келишувлар асосида олиб ташлаш мумкин».
Бундай механизм – дунёда ҳуқуқий прецедент ҳисобланади, ҳозиргача ҳеч ким буни қилмаган.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, компенсация механизми аллақачон ишлаб чиқилган, уни дунёдаги халқаро ҳуқуқнинг етакчи экспертлари тайёрлаган. Ёзда у АҚШ, Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашига тақдим этилди ва улар томонидан жуда юқори баҳоланди.
Компенсация механизми бўйича тайёрланган ҳужжатлар БМТ ва Европа Иттифоқи томонидан кузда кўриб чиқилади, шундан сўнг келишув имзоланиши мумкин, деб умид қилмоқда Украина ҳукумати.
Шундагина Украина музлатилган маблағлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Адлия вазирлиги хабарига кўра, гап хусусан қуйидагилар ҳақида кетмоқда:
- Россия Марказий банкининг 350 миллиард доллар активлари, урушдан кейин иттифоқчилар Украинага репарация сифатида топшириши керак;
- Европа Иттифоқида россияликларга тегишли бўлган 30 миллиард доллардан ортиқ хусусий активлар;
- Россия элитасининг Америка ва Европа банкларидаги юзлаб миллион доллар маблағлари.
Кейинчалик, махсус комиссия жисмоний ва юридик шахслар, Украина ҳукумати, давлат корхоналари ва халқаро ташкилотлари томонидан Россия Федерацияси хатти-ҳаракатлари оқибатида етказилган зарарни компенсация қилиш бўйича берилган даъво аризаларини кўриб чиқади. Шундан сўнг тўловлар амалга оширилади.
Давлат реестрига киритилган, «Действие» иловаси орқали юборилган аризалар бўйича компенсация айнан шундай тартибда қопланади.
Ҳозирча, украиналиклар вайрон бўлган уйлари учун товон пулини қачон олиши номаълум. Людмила Кизилова бу имкон қадар тезроқ амалга ошишига умид қилмоқда, чунки ўз уйини тиклаб олишни ҳамма нарсадан кўпроқ хоҳламоқда.
«Бу бувимнинг ери, фарзандларим шу ерда туғилган, мен бу ерда илдиз отганман, – дейди у, – мен ҳам айнан шу жойда яшашни хоҳлардим». Россия ва Украина уруши «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди