12:30 / 12.12.2022
1 435

Хитойнинг араблар билан яқинлигидан муддаоси нима?

Хитойнинг араблар билан яқинлигидан муддаоси нима?
Араб-Хитой, Форс кўрфази-Хитой ва Саудия Арабистони-Хитой саммитларида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига борган Хитой раҳбари Си Цзинпин қирол Салмон бин Абдулазиз, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва Форс кўрфази мамлакатидан баъзи араб лидерлари билан учрашди.

Саудия Арабистони мезбонлик қилган саммитларда Хитой минтақа давлатлари билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, алоқаларни ривожлантириш, савдо ҳажмини оширишни ният қилган ҳолда иштирок этди.

Хитойнинг муддаоси нима? Араблар билан алоқаларни кучайтириш нимага учун керак бўлиб қолди? Ахир Шарқий Туркистондаги уйғурларга нисбатан қилаётган зулмлари Чин давлатини мусулмон ўлкалардан узоқлаштириши керак эмасми? Аслида шундай, аммо сиёсатда фойда кўп нарсалардан устун туради. Айниқса, араб сиёсатчилари учун... Буни хитойликлар ҳам аллақачон англаб етишган. Қолаверса, араблар учун уммон ортидан мушт кўтариб турган душман ва шундоққина қучоғида эса унинг иниси турибди...

Хитой-араб саммитлари глобал бир қутбли дунёдан кўп қутбли дунёга ўтиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Яратилмоқчи бўлган бу янги тартиб белгилари кўплаб ҳудудларда ўзини намоён қилмоқда.

Ушбу ташриф сабаб Хитой АҚШ гегемонлигига қарши кўп қутбли дунё тартибини барпо этиш учун араб давлатлари билан стратегик ҳамкорлик ўрнатишни мақсад қилган.

Қолаверса, ўзининг гигант иқтисодиёти ғилдиракларини айлантирмоқчи бўлган ва жаҳон савдосида ҳукмронлик қилмоқчи бўлган Хитой учун ҳам энергия манбалари, ҳам катта бозор бўлгани учун Яқин Шарқ геосиёсий аҳамиятга эга.

Хитой 2030 йилга келиб энг йирик глобал кучга айланишни ва АҚШ тахтига ўтиришни мақсад қилган экан, Узоқ Шарқ ва Европа ўртасидаги энг муҳим глобал савдо йўлларида ҳукмронлик қилувчи араб дунёси билан стратегик ҳамкорликка муҳтож.

Араб дунёси эса Хитойнинг технология ва инфратузилма сармояларидан фойда олиши, шунингдек, АҚШнинг гегемонлиги ва Исроилга нисбатан мутлақ тарафкашлигидан қутулиши керак.

Хитой Президентининг 7-9 декабр кунлари ташрифи доирасида қирол Салмон бин Абдулазиз раислигида ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон иштирокида бўлиб ўтадиган “Саудия Арабистони-Хитой саммити”, шунингдек, “Ар-Риёд Кўрфаз-Хитой ҳамкорлик ва тараққиёт саммити" Ар-Риёддаги Араб-Хитой ҳамкорлик ва тараққиёт саммитида иштирок этди.

Хитой энг йирик нефт етказиб берувчи Саудия Арабистонига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Маълумки, кунига 10 миллион баррелдан ортиқ нефт импорт қиладиган Хитой энг йирик нефт етказиб берувчи Саудия Арабистонига алоҳида аҳамият бериши табиий.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон эса АҚШ босимидан қочиш учун ўз мамлакатининг йирик давлатлар билан ҳамкорлигини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Чунки Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПEК) ва унга аъзо бўлмаган мамлакатлардан ташкил топган ОПEК+ гуруҳи нефт қазиб олишни камайтиришга қарор қилганларидан сўнг, Вашингтон маъмурияти томонидан Саудия Арабистонининг “Россия томонига ўтгани” борасидаги айбловларга дуч келди. Бу қарор сиёсий бўлгани ва Украина-Россия урушида русни қўллаб-қувватлашни англатиши ҳақида фикр билдирилди ва ташкилотнинг энг катта ҳамкори Саудия Арабистони танқид (ва таҳдид)нинг асосий нишонига айланди.

Бу айбловлар АҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчилари Россияга қаратган ҳамда унга қўшилиш учун бутун дунёга босим ўтказаётган иқтисодий санкциялар Хитой ва Саудия Арабистонига “навбат сизга келиши мумкин” деган огоҳлантиришдир. Бу ҳолат ушбу давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мажбурий қилиб қўяди.

Бундан ташқари, Эрон таҳдиди ва Ямандаги уруш давом этар экан, Саудия Арабистонининг стратегик ҳамкори АҚШдан воз кечишга ҳали тайёр эмаслиги ҳам кўриниб турибди.

Хитой кўрфаз минтақасидаги нефт, газ ва капиталга бой давлатлар билан алоқаларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. У Қатардаги жаҳон чемпионати учун қурилган стадион мисолида бўлгани каби миллиард долларлик шартномалар имзоламоқчи.

Хитойни Форс кўрфазига тортадиган ягона нарса нефт эмас...

Таъкидланишича, нефт Хитойни кўрфазга тортадиган ягона нарса эмас. Қатарнинг дунёнинг биринчи рақамли табиий газ экспортчиси бўлиши ҳам Пекиннинг бу минтақага йўналтирилганлиги сабабларидандир. Эслатиб ўтамиз, томонлар 2021 йилнинг ноябр ойида 2026 йилдан бошлаб 27 йил муддатга Хитойга ҳар йили 4 миллион тонна суюлтирилган газ етказиб беришни кўзда тутувчи келишувни имзолаган эди.

Қолаверса, Форс кўрфазидаги қурол бозоридан Хитой ҳам кўпроқ улуш олишни истайди. Саудия Арабистони ва БАА араб дунёсида мудофаа соҳасига энг катта бюджет ажратадиган давлатлардир. Қатар, Қувайт, Баҳрайн ва Уммон ҳам миллиардлаб долларлик қурол импорт қилади.

430 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган араб дунёси АҚШ аҳолисидан ошиб кетадиган йирик бозордир. Хитой нисбатан арзон маҳсулотлар билан араб бозорларини эгаллаб, у ердаги сармоявий имкониятлардан унумли фойдаланмоқчи.

Кўп қутбли дунё

Ҳарбий ёки иқтисодий қудратидан қатъи назар, ҳеч бир давлат ўзини халқаро иттифоқлардан ташқарида глобал қутб сифатида кўрсата олмайди ва буни Россия билан биргаликда кўп қутбли дунё яратишга ҳаракат қилаётган Хитой яхши билади. Шу сабабли, АҚШ Москва таҳдидига қарамай, Хитойни энг катта таҳдид деб билади.

Россия-Украина уруши ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва БРИКС каби халқаро коалицияларнинг нақадар муҳимлигини исботлади.

Москванинг бу урушдаги заиф сиёсий ва ҳуқуқий позициясига қарамай, БМТ Бош Ассамблеясидаги бир қанча давлатлар Украина ҳудудига бостириб киришни қораловчи резолюцияни ёқлаб овоз берди ёки ҳеч бўлмаганда бетараф қолди.

Араб дунёси аҳолиси, стратегик жойлашуви, энергетика ва минерал ресурслари, сиёсий ўрни, шунингдек, савдо ва инвестициявий имкониятлари Хитойнинг устувор манфаатларидан саналади.

Исроил билан ҳарбий ва технологик ҳамкорликка қарамай, Хитой Фаластин муаммосини ҳал қилишда ўз ролини ўйнаши мумкин, айниқса, АҚШдан кўра мўътадилроқ позицияга эга.

Пекин маъмурияти, шунингдек, араб дунёсининг АҚШ билан Тайван масаласида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай ихтилофда ўз томонида бўлишини, араб ўлкаларининг кўпроқ сармоя ва кредитлар эвазига уйғур мусулмонларига қилинган зулмларига кўз юмишини истайди.

Аҳмад Али тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойнинг араблар билан яқинлигидан муддаоси нима?