
Қўшни Қозоғистонда ҳаво сифати тез суръатлар билан ёмонлашмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг асосий экологик хизмати — “Казгидромет” хабар берди.
Маълумотларга кўра, 17 ноябрь куни мамлакатнинг 11 шаҳрида ҳаво таркибидаги зарарли моддалар меъёрдан ошиши мумкин. Улар орасида Олмаота, Остона, Атирау, Оқтобе, Чимкент, Қарағанда, Жезқазған, Темиртов, Балхаш, Ўскемен ва Риддер шаҳарлари бор.
Метеорологлар вазиятни шамолнинг сустлиги, туман ва атмосфера инверсияси билан изоҳламоқда. Бундай ҳолатларда ҳаводаги зарарли газлар ва чанги зарралар тарқалмай, ер сатҳига яқинда тўпланиб қолади, натижада нафас олиш қийинлашади.
Мутахассислар аҳолига очиқ ҳавода камроқ юришни, айниқса автомобил йўлларидан узоқроқ бўлишни тавсия қилмоқда. Шунингдек, ўпка касалликлари, аллергия ёки юрак-қон томир муаммолари бўлган шахсларга ўзлари билан дори воситаларини олиб юриш тавсия этилган.
Экологлар таъкидлашича, сўнгги йилларда Олмаота, Қарағанда ва Темиртов шаҳарлари Қозоғистонда энг ифлос ҳаволи ҳудудлар сифатида қайд этиб келинмоқда. Қиш мавсумининг бошланиши ва ҳаво ҳаракатининг пасайиши эса вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.