21:53 / 02.06.2023
437

Украинанинг баҳорги қарши ҳужуми юз бермади. Нега?

Донецк областидаги полигондан кадр. Фото: Reuters

Баҳор фасли давомида украиналиклар Украина қуролли кучларининг кенг кўламли қарши ҳужумини кутди. «Ҳал қилувчи жанг»нинг аниқ санаси айтилмади, бироқ Украинанинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти ҳамма нарса «деярли тайёр» эканини таъкидлаб келди.

Украина армияси кузги қарши ҳужум операцияси давомида Харкив ва Херсон областларида муваффақият қозонганидан сўнг, бутун дунё воқеаларнинг кейинги ривожини кутган ҳолда донг қотди. Россия ва Украина қишки паузадан турли мақсадларда фойдаланди.

Кремл Украинанинг энергетика инфратузилмасини йўқ қилиш учун ракета террорини уюштирди.

Киев эса, ўз навбатида, мудофаа чизиғини кучайтириш, янги ҳарбий қисмларни тайёрлаш, Ғарб қуролларини олиш ва захирани кўпайтиришга эътибор қаратди.

Украина мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси бошлиғи, генерал Кирилл Буданов айтганидек, ҳар икки томон баҳорга қадар «ҳал қилувчи қарама-қаршилик»ка тайёрланиши керак эди.

Қарши ҳужумнинг эълон қилиниши

Украинанинг бош разведкачиси Кирилл Буданов йил бошидан буён амалда ҳар интервюсида Украинанинг бўлажак қарши ҳужуми ва баҳордаги «ҳал қилувчи жанглар» ҳақида гапириб келади. Фото: Reuters

Разведка бош бошқармаси анонс қилинган қарши ҳужум мавзусида ҳукуматнинг деярли асосий жарчисига айланди.

Январ ва феврал ойларидаёқ генерал Буданов баҳор фаслига режалаштирилган «муҳим воқеалар» ва бу даврдаги Украина қуролли кучларининг фаол ҳаракатлари ҳақида баёнот берди.

2023 йил март ойи бошида USA Today телеканалига берган интервюсида Буданов «бу баҳорда Украина ва Россия ўртасидаги уруш натижасини белгилаб берувчи ҳал қилувчи жанг юз беради», деганди.

Унинг прогнозларига кўра, Украина қуролли кучлари ёзгача оккупация қилинган Қримга ҳам кириши керак эди.

2023 йил апрел ойи ўрталарида ҳарбий разведка раҳбари «Новое время» журналистларига берган интервьюсида қарши ҳужумга тайёргарлик «режа бўйича кетаётгани»ни таъкидлади.

Худди шу вақтда Украина бош вазири Денис Шмигал The Hill нашрига Украина қўшинларининг қарши ҳужуми баҳорда эмас, ёзда бошланиши мумкинлигини маълум қилди.

Ҳарбий экспертлар фикрига кўра, баҳор фасли боши ҳақиқатан ҳам кенг кўламли ҳарбий манёврлар учун қулай давр эмасди. Март ва апрел ойларида Украина шарқи ва жанубида кучли ёмғир ёғди ва йўллар лойланди, бу эса оғир зирҳли техникалар ҳаракатига тўсиқ бўлди.

Айрим таҳлилчилар Украина қуролли кучларига ғарб танклари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва артиллерия қуролларини етказиб беришдаги кечикишларни ҳам ҳужумнинг қолдирилишига сабаб сифатида келтирди.

Бундан ташқари, апрел ойи ўрталарида АҚШда Пентагоннинг махфий маълумотлари сиздирилиши билан боғлиқ можаро авж олди. Сиздирилган файлларнинг катта қисмида Россия-Украина урушининг бориши ҳақида маълумотлар мавжуд эди.

Украина қарши ҳужумининг йўналиши ва бошланиш вақти ҳақида аниқ маълумотлар ошкор бўлмаган бўлса-да, бу ҳужжатларда Украина қуролли кучлари бригадалари тайёргарлиги ва ғарб қуроллари ҳақида жуда нозик маълумотларни учратиш мумкин эди.

Украина мудофаа вазири Олексий Резников қарши ҳужум учун деярли барчаси тайёр бўлгани ва ҳужум ёзда бошланишини айтган.
​​​​​Фото: EPA

Шунга қарамай, апрел ойи охирида, «РБK-Украина»га берган интервюсида, Кирилл Буданов Украина «ҳал қилувчи жангга яқинлашаётгани»ни яна бир бор такрорлади.

«Истаймизми ёки йўқми, биз Украинанинг замонавий тарихидаги муҳим жангга яқинлашмоқдамиз. Бу факт, барча буни тушунади. Бу қачон бошланиши эса сир. Лекин ҳамма биз бунга яқинлашаётганимизни тушуниб турибди», деди ҳарбий разведка раҳбари.

Украина мудофаа вазири Олексий Резников апрел ойи охири ва май ойи бошида қарши ҳужумга тайёргарлик охирги маррага етганини айтди. Шу билан бирга, вазир ҳужум натижаларига катта умид боғламасликка чақирди.

Президент Володимир Зеленский қарши ҳужум Украина иттифоқчилар билан келишилган барча қуролларни олгандан кейин бошланишини таъкидлади. Аммо орадан бир неча ҳафта ўтгач, яна ўша генерал Буданов Украинада аллақачон «керакли қуролларнинг минимал миқдори» борлигини эълон қилди.

«Биз ортиқ вақтни беҳуда сарф қила олмаймиз. Бизда аллақачон минимал қурол ва бошқа техникалар бор. Мен айтишим мумкин бўлган нарса — бу (қарши ҳужум) яқин вақтда бошланади», деганди ҳарбий разведка раҳбари япон нашрларига берган интервьюсида.

Украинанинг эҳтимолий қарши ҳужуми масаласи мамлакат чегарасидан ташқарига чиқди ва жаҳон матбуотининг асосий мавзуларидан бирига айланди. Нашрлар ҳужум бошланиши мумкин бўлган сана ва йўналишларни таҳлил қилди, русларнинг босиб олинган ҳудудларда қурган улкан мудофаа истеҳкомларининг сунъий йўлдош тасвирларини нашр этди.

Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга тайёрлиги борасида ҳам фикрлар иккига бўлинган. Апрел ойи охирида НАТО бирлашган кучларининг Европадаги олий қўмондони генерал Кристофер Каволи Украина ҳужум учун «яхши ҳолатда» эканини айтган эди.

Аммо НАТО ҳарбий қўмитасининг собиқ раҳбари, ҳозирда Чехия президенти бўлган генерал Петр Павел Киевни шошилмасликка чақирди.

Чехия президенти, генерал Петр Павел Украинани юриш бошлашга шошилмасликка ва унга жуда синчковлик билан тайёрланишга чақирди. Фото: Reuters

«Агар ушбу қарши ҳужум муваффақиятсизликка учраса, бу Украина учун жуда зарарли бўлади, чунки уларда ҳеч бўлмаганда бу йил ҳисобида бошқа имконият бўлмайди», деган Павел 7 май куни Guardian нашрига берган интервюсида.

Ҳатто Беларус раҳбари Александр Лукашенко ҳам бу мавзуга қўшилди. У Украинанинг қарши ҳужуми ҳақидаги барча миш-мишларни «дезинформация» деб атади.

«Менимча, ҳеч қандай ‘қарши ҳужумʼ йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бирга беш нисбатда техника ва тирик куч билан курашиш — бу шунчаки аҳмоқлик», деган Лукашенко.

Россия расмийлари Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми мавзусига очиқчасига тўхталмасликка ҳаракат қилмоқда. Аммо «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин бундан мустасно, у ҳужум тахминан 9-15 май кунлари бошланишини айтганди.

Украина разведка бош бошқармаси матбуот котиби Ондрий Юсов BBC Украина нашрига Украина қуролли кучлари нега баҳорда ҳужум уюштирмагани ҳақида изоҳ беришдан бош тортган. Унинг айтишича, бу мавзуда фақат Бош штаб ва мудофаа вазирлиги гапира олади.

Ўз навбатида, мудофаа вазири Резников ҳужум катта эҳтимол билан ёзда юз беришини ва муваффақиятга эришиш эҳтимоли юқори бўлишини айтган.

«Менинг шахсий ишончим, инстинктим шуни кўрсатадики, бизда бу йил, айниқса, ёзда муваффақиятга эришиш учун жиддий имконият бор. Ишончим комилки, бу қарши ҳужум давомида биз жанубда, шарқда ва жанг майдонидаги икки-уч жойда ютуқларга эришамиз. Бу россияликларнинг бизнинг ҳудудимиздан навбатдаги чекинишига олиб келади», деган вазир 29 май куни Франциянинг Ouest-France газетасига берган интервюсида.

2023 йил 1 июн ҳолатига кўра, Украина ҳам, Россия ҳам, ғарбдаги манбалар ҳам фронтнинг бирор секторида Украинанинг қарши ҳужум учун махсус тузилган 20 та янги бригадаларининг кенг кўламли ҳаракати бошлангани ҳақида хабар бермади.

Режалар нега ўзгарди?

Ғарбдаги таҳлилчилар фикрича, Москвага 30 май куни амалга оширилган дронлар ҳужуми Украина қуролли кучлари қарши ҳужумининг бир қисми ҳисобланади. Фото: Reuters

«Баҳорда Украина қуролли кучлари Бош штаби дастлабки ҳужум режасини вазият таъсирида ўзгартиришга мажбур бўлган», дейди ҳарбий таҳлилчи ва тарихчи Михаил Жирохов BBC Украина нашрига. У ўз маълумотлари манбасини ошкор қилмаган.

Жироховнинг таъкидлашича, Украина қарши ҳужуми мавзусига бошиданоқ муҳим информацион-психологик компонент киритилган. Аммо бу Украина ҳукумати кутган натижани бермаган.

«Менимча, бизнинг ҳужумимиз бўйича АПО (ахборий-психологик операция) жуда эрта бошланди. Натижада жамиятимиз ва иттифоқчиларимизнинг умидлари жуда катта бўлди», дейди эксперт.

Жироховнинг сўзларига кўра, дастлабки ҳужум режаси анча оддий мақсадларни кўзлаганди, аммо жамоатчилик умидлари босими остида Украина қуролли кучлари қўмондонлиги ҳужумга кенгроқ миқёс беришга мажбур бўлди. Фронтнинг катта қисмида зарбалар схемасини ишлаб чиқишга тўғри келди.

«Каттароқ натижалар ва кенгроқ миқёсга эришиш учун операцион режани қайта ишлаб чиқиш жуда мураккаб жараён», дея қайд этади мутахассис.

Хусусан, гап қўшимча ўқ-дорилар етказиб бериш ва қўшимча тирик куч ва воситаларни тайёрлаш ҳақида бормоқда.

Ҳужумни ортга сурган яна бир омил, май ойи давомида деярли ҳар куни давом этган Россиянинг ракета зарбаларидир.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу бу вақт ичида рус қўшинлари Украина қуролли кучларининг Хмельницкий, Тернопил ва Миколайивдаги йирик ўқ-дори омборларини йўқ қилишга муваффақ бўлганини айтган.

Хмельницкийда 13 май тонгидаги кучли портлаш кўп сонли гувоҳлар томонидан ёзиб олинган. Россия нашрлари бу воқеадан кейин ҳудудда радиация фони ошгани ҳақида ёзишди.

Украина расмийлари бу даъвони рад этди. Уларнинг сўзларига кўра, Россиянинг ракета зарбаларидан инфратузилма объектлари ва маҳаллий бизнес жабр кўрган.

Бироқ, 13 май куни Хмельницкийда содир бўлган кучли портлашнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган кўплаб видеолари у ерда танк снарядлари, ҳаво бомбалари ёки зенит-ракеталари сақланган жуда катта омбор портлаганини тахмин қилишга имкон беради.

Михаил Жироховнинг фикрича, омборларга қилинган ҳужумлар анча самарали бўлган ва Украина армияси катта миқдордаги ўқ-дориларни йўқотган.

Шундай экан, захираларни тўлдириш учун яна вақт керак.

Ҳарбий эксперт, Украина қуролли кучларининг захирадаги полковниги Петро Черник Украина шаҳарларини ракеталар ёмғири остида қолдириш мамлакатнинг ракетага қарши мудофаа тизимини заифлаштириш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини фронт чизиғига кўчиришни секинлаштиришга қаратилганини таъкидлайди.

«Бу жиҳатдан Россиянинг ҳаракатлари қисман муваффақиятли бўлди», дея ҳисоблайди у.

Черникнинг фикрича, кечикиш асосан, Украина қўмондонлиги ҳужум ҳаракатларининг барча мумкин бўлган сценарийларини энг пухта моделлаштириш йўлидан кетгани билан боғлиқ.

«Қарши ҳужум — бу жуда хилма-хил бўлиши мумкин бўлган операциялар мажмуасидир», дейди Черник.

Ҳужум — жангчиларни йўқотиш борасида мудофаадан кўра каттароқ тактика эканини ҳисобга олиб, Бош штаб ушбу операциялар учун энг оптимал режани белгилаши керак. Айниқса, сафарбарлик ресурсларида Россия Федерациясининг потенциал устунлиги фонида.

«Бизнинг ‘жуковшина’га ҳаққимиз йўқ. Бизнинг ҳудудларни озод қилувчи ҳужумкор ҳаракатларимиз жарроҳлик даражасида аниқ бўлиши керак. Бу миядан саратон ўсимтасини кесиб ташлашга ўхшайди. Биз хато қилишимиз мумкин эмас», дейди захирадаги полковник.

Унинг сўзларига кўра, Украина қўмондонлиги операция режасини анча олдин белгилаган ва ҳозирда уни «охирги бор созлаш» кетмоқда.

Британиянинг Financial Times нашри ёзишича, ҳозирда Украина ҳужум учун қулай замин яратиш бўйича операцияларни амалга оширмоқда. Бундай операцияларга дронлар ёрдамида Москвага зарбалар бериш, фронт ортидаги базаларга ракета зарбалари ёллаш ва Россиянинг Белгород областидаги диверсион гуруҳлар ҳаракатлари киради.

«Улар (украиналиклар) вазиятни синовдан ўтказмоқда ва тупроқни ўрганмоқда, нима ишлашини, нима иш бермаслигини аниқламоқда», деган ғарблик кузатувчилардан бири FT’га шарҳида.

Бироқ, украиналик ҳарбий таҳлилчи Михаил Жироховнинг Украина қуролли кучлари ҳужуми бошланишига жуда оз вақт қолганига ишончи комил. Акс ҳолда, рус қўшинлари ташаббусни ўз қўлига олади ва ҳужумга ўтади.

«Имкониятлар ойнаси жуда тез ёпилади. Агар Украина ҳужуми кейинги ҳафта — июн ойи бошида бошланмаса, вазият янада ёмонлашиши мумкин», деб ҳисоблайди ҳарбий эксперт.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинанинг баҳорги қарши ҳужуми юз бермади. Нега?
ePN