16:21 / 16.07.2023
368

Киевнинг «узун қўли». Украина ATACMS ракеталарини ҳам оладими?

Киевнинг «узун қўли». Украина ATACMS ракеталарини ҳам оладими?

Фото: Getty Images

12 июл куни New York Times нашри Оқ уй ATACMS тезкор-тактик ракеталарини Украинага бериш имкониятини муҳокама қилаётгани тўғрисида хабар берди. Бу сўнгги ойлардаги биринчи шундай хабар эмас. Шубҳасиз, бу Украинани Россиянинг янада ичкарироқдаги позицияларига зарба йўллаш имконини берувчи ракеталар билан қуроллантириш бўйича АҚШ маъмуриятида давом этаётган баҳсларнинг белгисидир.

Ушбу мунозаралар натижасини олдиндан айтиш қийин, бироқ бу масала бўйича якуний салбий қарор қабул қилинмаганининг ўзиёқ ушбу ракеталарни Украинага топшириш эҳтимоли мавжудлигидан далолат беради.

Украиналиклар бу ракеталарни 2022 йил ёзидан бери сўраб келади. ATACMS ракетаси, F-16 қирувчи самолёти билан бирга, Киев АҚШдан олишни хоҳлайдиган қуроллар рўйхатида биринчи ўринда туради.

Киев аллақачон Ғарбдан асосий жанговар танклар ва замонавий ҳаво мудофаа тизимларини олишга эришди. Кўплаб расмий хабарларга кўра, Украина тез орада F-16 қирувчилари ҳам қабул қилади.

Ва ниҳоят, Украина қуролли кучлари Буюк Британиядан 250 километр масофагача учадиган Storm Shadow қанотли ракеталарини олмоқда. 11 июл куни Франция ҳам ушбу қуролнинг SCALP деб номланган ўз версиясини Украина етказиб беришни режалаштираётганини эълон қилди.

Украина 200 километрдан ортиқ масофага ҳаракатланадиган бошқа ракеталар, масалан, французларнинг SCALP ракетасини ҳам олади

«Узун қўл»

Матбуотда бундай ракеталар одатда «узоқ масофали» деб аталади, аммо бу жуда тўғри эмас.

Бу ракеталар HIMARS тизимларининг юқори аниқликдаги GMLRS ракеталаридан узоқроққа, яъни 90 километрдан узоқдаги нишонларга зарба бериши мумкин бўлган ракеталар ҳақида гап кетаётгани тушунарли бўлиши учун шундай номланган. Украина 2022 йил ёзидан бери GMLRS ракеталаридан фойдаланяпти.

ATACMS баллистик ракеталари расмий равишда GMLRS, Россиянинг «Точка У» ва «Искандар» ёки Украинанинг «Олха» ракеталари билан биргаликда тезкор-тактик ракеталар синфига киради. Тезкор-тактик ракеталар синфидан кейинги қисқа масофали баллистик ракеталар синфига кирувчи ракеталарнинг учиш масофаси 500 километрдан бошланади.

ATACMS ракеталари Украинадаги уруш орқали машҳур бўлган GMLRS ракеталари билан бир синфга тегишли бўлса-да, уларнинг баъзилари 300 километргача, яъни 200 километрдан кўпроқ масофадаги нишонларга зарба бера олади.

ATACMS’ни GMLRS билан таққослаш мутлақо ўринли — улар бир хил отувчи тизимлардан: HIMARS ва M270 MLRS’дан учирилади, фақат бунда олтита кичик ракетали отиш контейнери ўрнига битта катта ракетали отиш контейнери ишлатилади.

Тезкор-тактик ракеталар дастлаб фронт операциялари доирасидаги нишонларга зарба бериш учун яратилган. Масалан, штаб-квартиралар, алоқа марказлари, омборлар, артиллерия ва ҳаво мудофаа тизимлари позициялари, аэродромлар, кўприкларга.

Бироқ, ATACMS ракеталари масофаси 300 километр ва агар Украина қуролли кучлари бундай ракеталарни олган тақдирда, улар бутун урушнинг боришига таъсир қилувчи нишонларни уриш имконига эга бўлиши мумкин.

Ракета оиласи

ATACMS ракетaлари 1970-йиллар охирида ишлаб чиқилган ва охирги ўн йиллик сўнггидан АҚШ армиясига хизматга кира бошлаган. Бу ракеталар 1991 йилда, «Чўлдаги бўрон» операциясида илк бор жанговар вазифаларда ишлатилган ва жуда яхши самарадорлик кўрсатган.

ATACMS ракеталарини асосан икки турга бўлиш мумкин: биринчиси, портловчи жанговар каллакка эга бўлиб, кўприклар ва бункерлар каби мустаҳкамланган нишонларни йўқ қилишга мослаштирилган. Иккинчи турдаги ракеталар эса кассетали ракеталар бўлиб, улар катта майдондаги зирҳланмаган нишонлар учун мўлжалланган. Кассетали ракеталар аэродромлар, ҳимояланмаган омборлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва артиллерия позициялари ҳамда бошқа очиқ майдондаги нишонларни йўқ қилишда самарали.

ATACMS бир неча марта янгиланган ва унинг жами тўртта асосий модификацияси мавжуд. Шу сабаб ATACMS биттагина ракета эмас, балки бутун бир ракета оиласидир. Уларнинг хусусиятлари сезиларли фарқ қилади. Баъзи модификациялар 200 километрдан кам масофага учади. Жанговар каллакнинг оғирлиги ҳам турли модификацияларда 227 килограммдан 560 килограммгача ўзгариб туради.

Турли модификациялар турли бошқарув тизимларига эга, одатда улар инерциал (яъни автопилот) ва сунъий йўлдош орқали бошқарув бирлаштирилган тизимлар орқали кузатилади. Ракеталарнинг энг аниғи, очиқ манбаларга кўра, нишондан атиги тўққиз метрга адашиши мумкин, бу узоқ масофага эга ракеталар учун жуда юқори кўрсаткич.

Globalsecurity.org сайти маълумотларига кўра, ракетанинг максимал парвоз баландлиги 48 километрга етади, бу эса уни учиш траекториясининг ўрта қисмида тутиб олишни анча қийинлаштиради. Парвоз сўнггида, ракета нишонга деярли вертикал тарзда тушади ҳамда тахминан 3 Маx тезликкача тезлашади, бу ҳам зенит тизимлари учун катта муаммодир.

Бошқа замонавий баллистик ракеталар сингари, ATACMS’ни ҳам тутиб олиш жуда қийин. Бунинг учун C–400 каби замонавий зенит-ракета тизимлари керак бўлади. Бироқ, Россия ҳаво мудофааси Украинадаги уруш даврида қисқа масофага учадиган ва тутиб олишга тайёргарлик кўриш учун кам вақт қолдирадиган юқори аниқликдаги баллистик GMLRS ракеталари билан курашишда катта тажрибага эга бўлди.

ATAСMS ҳам GMLRS учириладиган қурилмалардан учирилади. Фото: Getty Images

«Узоқ масофали» ракеталар урушнинг боришини ўзгартирадими?

Ижтимоий тармоқлар ва матбуотда Украина қуролли кучлари ATACMS ракеталарини олган тақдирда қайси нишонлар улар учун устувор мақсад бўлиши ҳақида кўплаб тахминларни кўриш мумкин. Кўпчилик бундай мақсад, масалан, Қрим кўприги бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

Бу кўприк фронт чизиғидаги энг яқин жойдан 250 километр узоқликда жойлашган. Аммо юқори мобилликка қарамай отувчи тизимлар, артиллерия ўқлари ёки худкуш дронлар уларни йўқ қилиши мумкин бўлган ҳудудлардан зарба йўлламайди. Улар бундай таваккал учун жуда қиммат туради.

Бундан ташқари, максимал масофада зарба бериш жуда хавфли манёврдир, чунки бу ракетани тутиб қолиш хавфини оширади. Қрим кўприги эса босиб олинган яриморолнинг энг ҳимояланган объектларидан биридир.

Қримда фронт чизиғига яқинроқ жойлашган бошқа кўплаб муҳим объектлар — аэродромлар, омборлар, бошқа темирйўл кўприклари ва ниҳоят, Севастопол ҳарбий-денгиз базаси бор.

Уларнинг кўпчилиги 300 километргача бўлган ракеталарнинг нишонни йўқ қилиш зонасида жойлашган.

ATACMS’ни тутиб қолиш қийин ва бир неча ракеталарни уриб туширишни кафолатлаш учун объектни бир нечта ҳаво мудофаа тизими билан ҳимоялаш керак. Бу эса жуда кўп потенциал нишонлар мавжудлигини ҳисобга олганда анча мушкул иш.

2022 йилнинг август ойида россиялик ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича эксперт, ўзи ҳам ўтмишда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларида хизмат қилган Михаил Ходаренок ўз телеграм-каналида (ёзув сақланмаган, аммо оммавий ахборот воситалари ундан ҳавола олган) ATACMS билан курашишнинг энг ишончли усули отувчи тизимларни ракетани отишдан олдин йўқ қилиш ёки фронт чизиғини 300 километрга ортга тортиш эканини ёзганди.

Украина 250 километр масофагача учадиган авиацион ракеталарини тобора кўпроқ олаётгани ҳисобга олинса, Россия армияси энг муҳим объектларни юқори аниқликдаги ракеталардан ҳимоя қилишни кафолатлаш учун энг камида ракетага қарши мудофаа тизимини қайта ташкил қилиши керак бўлади.

Бундай объектларга қўмондонлик пунктлари, штаб-квартиралар, коммуникациялар, алоқа марказлари, аэродромлар киради ва рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Ва агар шу пайтгача хавфли ҳудуднинг фронт ортидаги узунлиги 90 километр бўлган бўлса, унда ушбу миқдор уч баробар ошса нима бўлади?

Ракеталар ва озод қилиш

Замонавий урушда ўз-ўзидан урушнинг боришини ўзгартириб юбора оладиган «мўъжизакор қурол» йўқ. ATACMS, Storm Shadow ёки SCALP ракеталари ҳам бундан мустасно эмас.

Украина президенти Володимир Зеленский ва қуролли кучлар бош қўмондони Валерий Залужний бир неча бор таъкидлаганидек, Украина қуролли кучларининг асосий вазифаси босиб олинган ҳудудларни деоккупация (озод қилиш) қилишдир.

Ракеталар, ҳатто уларнинг энг кучлилари ҳам, ҳудудларни қайтариб ололмайди ёки назоратда ушлаб тура олмайди. Бу билан қуруқликдаги кучлар — аскарлар ва зирҳли техникалар шуғулланади.

Бундан ташқари, ҳатто жанг майдонидаги бошқа кучлар билан бирга ягона стратегияга киритилмаган энг муваффақиятли зарбалар ҳам фронтдаги вазиятни сезиларли даражада енгиллаштира олмайди.

Украина HIMARS тизимларини GMLRS ракеталари билан олганида, Украина қуролли кучлари улар ёрдамида рус қўшинларининг таъминот тизимларини йўқ қилиб, бу қуроллардан кузги ҳужумга тайёргарлик кўришда фойдаланди.

Шунинг учун, агар Украина ATACMS ракеталарини олса, украиналиклар ҳали ундан қандай фойдаланишни ўрганиш керак бўлган воситага эга бўлади холос ва кейин бу ракеталардан амалиётда қандай самарали фойдаланишни ҳам ўйлаб кўриш керак бўлади.

Яна бир қийинчилик миқдор билан боғлиқ. «1980-йиллардан, ATACMS ишлаб чиқила бошланганидан буён жами атиги 4000 дона ракета ишлаб чиқарилган», деди 11 июл куни Lockheed Martin компанияси вакили.

«Бу ракеталар кўплаб мамлакатларга жўнатилган ва гарчи улар ҳали ҳам ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, АҚШ бундай ракеталарнинг «чекланган» захирасига эга», дейилади New York Times мақоласида.

Украина бундай ракеталарнинг қанчасини олиши номаълум.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Киевнинг «узун қўли». Украина ATACMS ракеталарини ҳам оладими?