17:33 / 12.08.2023
130

Байден украин учувчиларини F-16’ни бошқаришни ўргатишга рухсат берди

Байден украин учувчиларини F-16’ни бошқаришни ўргатишга рухсат берди
Фото: Евгений Фельдман / «Медуза»
Украина президенти Володимир Зеленский ва Американинг F-16 қирувчи самолётларига эга Европа давлатлари раҳбарлари 2023 йил май ойи ўрталаридаёқ ушбу қирувчи самолётларни Украинага етказиб беришга келишиб олганди. Аммо европалик мутахассислар Вашингтоннинг расмий рухсатисиз украиналик учувчиларни ўқитишни бошлай олмади, чунки ўқитиш Украина томонига илғор ҳарбий технологияларни беришни назарда тутади. Август ойи бошида Жо Байден ниҳоят машғулотларни бошлашга рухсат берди. Киев қирувчи самолётларнинг ўзини йил охиригача олиши мумкин. «Медуза» нашри ҳарбий журналистдан F-16 самолётларининг Украинага топширилиши фронтдаги вазиятга қандай таъсир ўтказиши мумкинлигини сўраган.

— НАТО мамлакатлари ихтиёрида 1970-йилларда ишлаб чиқилган F-16 самолётларига қараганда анча замонавийроқ қирувчи самолётлар мавжуд, масалан, 2006 йилда ишлаб чиқарила бошланган F-35 ёки 1990-йилларда яратилган F-22 каби. Нега иттифоқчилар Украинага фақат F-16 самолётларини беришга рози бўлди ва унда ҳам дарҳол эмас?

— F-22 менимча, ҳозир фақат АҚШ армиясида хизмат қилмоқда. Америкаликлар уни ўзлари учун ишлаб чиққан ва албатта, уларни (Украинага) ҳеч ким бермайди, F-22 дунёдаги энг қиммат қирувчилардан бири. F-35 билан ҳам худди шундай: бу қиммат машина, уни ўзлаштириш жуда узоқ вақт талаб этади ва у Украинаникига қараганда бутунлай бошқача ташкилий даражадаги қуролли кучларга хизматга кирган.

Ҳеч ким Украинага самолёт ташувчи кемаларни бермайди, буни ҳеч ким кутмаяпти ҳам. Катерлар, эҳтимол, ҳатто эсминецлар ҳам берилиши мумкин, аммо самолёт ташувчилар ҳақида гап йўқ: бу қиммат, жуда зўр қурол, бунинг учун қуролли кучларни қайта қуриш керак. F-35 каби замонавий қирувчи самолётлар билан худди шундай тартиб амал қилади.

(F-16 билан боғлиқ ҳолатда) гап ҳали вазифаларни бажаришга яроқли бўлган, иккинчи қўл, тўртинчи авлод қирувчи самолётлари ҳақида кетмоқда. Бу авлод 1970-йиллардан бошлаб ишлаб чиқарилган ва ҳозир ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шубҳасиз, бундай вақт оралиғи модернизациянинг бир неча босқичларини англатади, (шунинг учун ҳозир) F-16 бутунлай замонавий қирувчи ҳисобланади.

Назарий жиҳатдан, украиналиклар бошқа бир тўртинчи авлод самолётларини олиши мумкин эди, аммо уларнинг ҳар бирида (F-16’дан ташқари) муаммолар мавжуд. Энг катта муаммо шуки, бошқа қирувчилар унчалик кўп эмас, шунинг учун уларни ёки қўшимча равишда қуриш ёки ўз ҳаво кучларидан олиб бериш керак бўлади. F-16 эса жуда кўп миқдорда ишлаб чиқарилган. Ҳатто фойдаланилган F-16 самолётларининг норасмий бозори ҳам мавжуд, яъни уларни топиш мумкин ва улар учишга яроқли ҳолатда бўлади.

Европанинг аксарият мамлакатлари F-35 билан фаол равишда қайта қуролланмоқда. Европанинг кўпгина мамлакатларида F-35 (ва F-16) борлиги сабабли, улар билан қандай ишлашни биладиган одамлар ҳам кўп, масалан техниклар ва техник хизмат кўрсатувчи ходимлар. Бу самолётлар учун кўплаб ўқув базалари, қайта тайёрлаш марказлари, техник хизмат кўрсатиш ва таъминот инфратузилмаси — хуллас, барча логистика занжирлари қурилган.

Украина Швециянинг JAS 39 Gripen қирувчисини олиши мумкинлиги муҳокама қилинганди. Бу самолётлар жуда яхши, чунки биринчидан, улар нисбатан янгироқ, иккинчидан, бу қирувчилар F-16 ҳозирча ишлата олмайдиган қуроллардан фойдаланиши мумкин. Масалан, Европанинг юқори аниқликдаги қуролларининг сўнгги ишланмаларидан. Аммо бу анча ёшроқ қирувчи бўлгани туфайли унинг қурол-яроғ арсенали кам, F-16 учун эса ўнлаб йиллар давомида жуда кўп турли ракеталар, бомбалар ва бошқалар мослаштирилган. Уларнинг кўпчилиги бир неча йилдан бери ишлаб чиқарилади ва арсенални тўлдиришда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

F-16 — бу шунчаки жуда яхши самолёт. Қирувчи самолётлар фронт ва кўп мақсадли турларга бўлинади. Россия ва СССРда анъанавий равишда ҳам фронт (МиГ-29), ҳам кўпфункцияли (Су-27, Су-30, Су-35, Су-57 ва бошқалар) қирувчилар мавжуд. Кўпфункцияли қирувчилар нисбатан оғирроқ ва кучлироқ бўлади. Улар узоқ масофага ҳаракатланади, уларга мураккаброқ қуролларни ўрнатиш ва кўпроқ қуролларни тиркаш мумкин.

Фронт қирувчилари эса енгил. Улар дастлаб ҳаво ҳудудини эгаллаш ва ҳаво жангларини ўтказиш учун ишлаб чиқилган. F-16 ҳам шу мақсадда ишлаб чиқарилган, аммо ўз эволюцияси давомида у кўп функцияли самолётга айланди ва менимча, аллақачон етти тоннадан (жанговар юк билан) 10 тоннагача юкни кўтаради. Умуман олганда, бу машина у дастлаб беланган белагидан аллақачон ўсиб чиққан. Ва агар F-16 ва ўша Gripen’ни солиштирсак, Gripen, камроқ юк ташийди, унга камроқ қурол ўрнатиш мумкин, унинг фойдали юк ҳажми кам. Gripen ёмон самолёт эмас, лекин F-16 қудратлироқ.

Полша ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 самолёти НАТО машғулотларида. 2022 йил 12 октябр, Ласк, Полша
Omar Marques / Getty Images

Агар Украинага нега айнан F-16 берилаётгани ҳақида аниқ гапирсак, бунинг сабаблари — улар жуда кўп, инфратузилма яратилган, кўплаб учувчиларни тайёрлаш марказлари мавжуд, барча «болалик касалликлари» (яъни 1970-йилларда яратилгани учун дастлабки камчиликлари) аниқланган. Бу самолёт текширувдан ўтган ва ишончли, уни оладиган жой бор ва у шунчаки жуда яхши.

— Ушбу қирувчилардан фойдаланишнинг қайси тактикаси Украина учун энг фойдали?

— Аввало, бу самолёт бошқа қирувчи самолётлар билан ҳаво жангларини олиб бориш учун яратилган. Бу қирувчи самолёт чаққон, жуда кучли, буйруқларни қабул қилишда тезкор, гарчи биз (Украинада) ҳаво жангларини кўп кўрмаётган бўлсак ҳам ҳаво жанги учун идеал. Аммо F-16 (доимий модернизация жараёни сабаб) аллақачон кўп функциялига айланган, шунинг учун у бошқа барча миссияларни ҳам бажара олади.

Ушбу миссиялар сирасига, биринчи навбатда, ердаги нишонларга зарба бериш киради. Иккинчидан, тутиб олиш. Бу душман самолётлари — бомбардимончи, радар, транспорт ходимлари ва ҳарбий йўловчиларни ташувчи самолётларини ёки қанотли ракеталарни тутиб олиш бўлиши мумкин.

F-16 учувчилари назарий жиҳатдан бажариши мумкин бўлган яна бир вазифа бор — бу ҳаво мудофаасини бузиш. Аммо бу ҳаво жанги, ердаги нишонларга зарба бериш ва тутиб олишдан анча қийинроқ, жуда мураккаб вазифа. Америкаликлар бу тактикани ўнлаб йиллар давомида сайқаллади, махсус ускуналар, махсус ракеталар яратди. Менимча, украиналиклар учун ҳозир энг долзарб масалалар — ерга зарбалар бериш, қанотли ракеталарни ёки қандайдир ҳаво нишонларини тутиб қолиш ва душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаасини бузиш. Аммо охиргиси жуда қийин.

Ҳаво жанги ва бомбардимончиларга қарши кураш ҳам муҳим вазифалардир, айниқса, замонавий уруш шароитида бу янада қийинроқ. Чунки Россияда кучли авиация, ҳар қандай F-16 самолётига қараганда замонавийроқ самолётларни бошқарувчи тажрибали учувчилар бор, мен Су-35 ва Су-30 самолётларини назарда тутяпман. Бу самолётлар хусусиятларига кўра, F-16 самолётидан энг камида ёмон бўлмаган, балки яхшироқ самолётлар. Бу учоқлар умуман бошқа классда, биринчидан улар кўп функцияли ва оғир самолётлар.

— Бу, агар Россия Су-30 ва Су-35 каби кучлироқ самолётлардан оммавий равишда фойдаланишни бошласа, Украина ҳатто F-16 билан ҳам қийин вазиятга тушиб қолади деганими?

— Йўқ, аниқ эмас, чунки биз ҳозир самолётларнинг тактик-техник хусусиятлари ҳақида гаплашмоқдамиз. Аммо ҳаво жангида кўп нарса учувчиларнинг тайёргарлигига боғлиқ. Украиналик учувчилар МиГ-29’да мўъжизалар кўрсатмоқда, бироқ F-16’да мўъжизалар кўрсатиш учун уларни узоқ вақт давомида қайта тайёрлаш керак. Нафақат учувчиларни, балки экипажни, авиация штаб-квартирасини ҳам ўқитиш лозим. Ҳар қандай ҳаво операцияси — бу пухта тайёргарлик, штаб-квартиранинг улкан ишидир. Самолётни осмонга учириб: «Болалар, учинглар, нима топсангиз ҳаммаси сизники», дейиш мумкин эмас. Операцияни бошқариш штаб-квартирада реал вақт режимида амалга оширилади, бу кўп сонли одамларнинг машаққатли меҳнати демакдир.

Россияда ҳаво жангларини бошқаришга ёрдам берувчи ҳаво қўмондонлик марказлари — учувчи радарлар мавжуд. Ушбу учувчи радарлар нафақат ҳаво маконидаги бутун картинани узоқдан кўра олади, балки қирувчи гуруҳларнинг ишини ҳам мувофиқлаштиради. Шунинг учун, агар Россия ва Украина қирувчилари иштирокида ҳаво жанги юз берса, украиналиклар учун бу қийинроқ бўлади, чунки Киевда учувчи радарлар йўқ. Шунга қарамай, украиналиклар қандайдир тарзда — ердаги радарлардан, қандайдир режалаштиришдан фойдаланган ҳолда — бир ярим йилдан бери ўзларининг эски МиГлари билан жанг қилмоқда ва ҳали уларнинг ҳаммасини йўқотгани йўқ. Аммо бу усул эскирмоқда, чунки украиналикда МиГлар тугаяпти. Шунинг учун Украинага F-16’лар керак.

Варшавада фаоллар F-16 қирувчиларини Украинага юборишни маъқуллаб ўтказган кампания. Акция АҚШ президенти Жо Байден жойлашган Marriott меҳмонхонаси атрофида бўлиб ўтган. У ўша кунларда Варшавага расмий ташриф билан келганди. 2023 йил 21 феврал
Damian Lemanski / Bloomberg / Getty Images

Ҳозиргача Россия ҳаво қўмондонлиги қандайдир моҳирона ва қатъиятли мўъжизаларини намойиш этмади, масалан, босқин бошланганидан бери Россия авиацияси Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини йўқ қила олмади. Россия ҳарбий-ҳаво кучлари ёки буни қила олмайди ёки режалаштиришни билмайди. Россия учувчи радарлари ҳам доимо ҳавода учиб юрмайди, Россияда уларнинг сони кўп эмас. Шу сабабли, украиналиклар Россия ҳарбий-ҳаво кучларидаги камчиликлардан фойдаланиб, қандайдир тарзда ўзларининг МиГларида учиб, жанг қилишга муваффақ бўлди.

Бу (Россиянинг ҳаводаги устунлиги) украиналиклар F-16 самолётларини олгач, замонавийроқ ва эҳтимол кўпроқ қирувчи самолётларга эга бўлган Россия ҳарбий-ҳаво кучлари Украина самолётларини бирма-бир уриб туширади дегани эмас. Ташкилий масалалар жуда муҳим, шунинг учун F-16’да Су-35’га ҳам, Су-30’га ҳам ва фронт зонасида учувчи бомбардимончиларга ҳам қарши жанг қилиш мумкин. Ҳамма нарса тайёргарлик, режалаштириш, бошқарув, техник таъминот ва ушбу самолётлардан уруш воситаси сифатида фойдаланиш қобилиятига боғлиқ бўлади.

— Украина F-16’ни олганидан кейин унда қандай янги имкониятлар пайдо бўлади?

— Гап қанча самолёт берилиши ва қанча учувчини ўқитишга улгуришда. Саволлар жуда кўп. Ҳозир айтилаётган 32 нафар учувчи жуда кам, бу кўпи билан 10 та самолёт дегани, чунки учувчилар сони самолётлардан кўпроқ бўлиши керак. Кимдир (Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво қўшинлари қўмондонлиги матбуот котиби Юрий Игнат) Украинага камида 200 нафар қирувчи кераклигини айтса, кимдир (Украина мудофаа вазири Олексий Резников) 120 нафар қирувчи олишни хоҳламоқда. Россияни хавотирга солиш учун Украина юзлаб самолётлар олиши керак. Ҳозир гап кетаётган миқдор Россия Федерациясининг қулоғига ҳам бормайди ва ҳаводаги вазиятни сезиларли даражада ўзгартирмайди.

Аммо украиналиклар қандайдир операцияларни самаралироқ бажариши мумкин, масалан, радарларга қарши ракеталар қўллашни. Менинг билишимча, ҳозир улар МиГ’лардан ишга туширилмоқда ва бу жуда қийин. Замонавий юқори аниқликдаги қуроллар парвоз пайтида самолёт билан маълумот алмашиши лозим. Икки ўриндиқли F-16 самолётларида, юқори аниқликдаги қуроллар билан шуғулланувчи алоҳида шахс ўтиради, у координатларни киритади, ишга туширишни бошқаради. МиГ-29’да нафақат самолёт ва ракета алоқасини таъминлайдиган интерфейс, балки иккинчи одам ҳам йўқ.

Американинг F-16 самолёти нишондаги MQM-107 дронига AIM-9P4 Sidewinder ракетасини учирмоқда
USAF / Getty Images

Менинг тушунишимга кўра, ҳозир Украина самолётлари, асосан ердаги нишонларга зарба бериш билан шуғулланади. Украинага F-16’нинг айнан қайси модификацияси, бир ўринли ёки икки ўринли, берилишини билмайман, лекин ердаги нишонларга зарбалар учун икки ўринли яхшироқ. Агар F-16 ўн ёки йигирмата бўлса, бу, албатта, ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Аммо Украина МиГ’лари ҳозир қилаётган ишни янги қирувчилар ёрдамида қилиш анча осонроқ бўлади.

— Украина учувчилари F-16’ни ўрганишлари учун қанча вақт керак бўлади?

— Мен кўплаб турли хил баҳолашларни ўқидим, уларда одатда бу олти ой давом этади дейилган. Аммо умуман олганда, қанча кўп бўлса, шунча яхши. Ҳа, МиГ-29’ни бошқарадиган учувчи бу машинани яхши билади, у ҳаво жангларини олиб бориши ва ердаги нишонларга қарши қуролдан фойдаланиши мумкин. Аммо агар у бошқа самолётга ўтирса, унда учувчи ҳамма нарсани қайта ўрганиши, вазифаларнинг ҳар бирини машқ қилиши керак бўлади.

Учувчиликнинг асосий курси мавжуд — кўтарилиш, учиш ва қўниш, лекин қуролдан фойдаланишни учувчилар алоҳида ўрганади. Ва мен ҳар бир қурол турининг ўзига хос қўллаш курси бор деб ўйлайман. Ҳар бир миссия турида самолётдан турлича фойдаланишни ўрганиш лозим. Қуруқликдаги нишонларга зарбалар бериш ва қанотли ракеталарни тутиб олиш икки хил вазифа бўлиб, уларнинг ҳар бири учун учувчиларни алоҳида ўқитиш керак. Иккаласини ҳам қила оладиган учувчилар бўлади, лекин бунинг учун уларни тайёрлашга кўпроқ куч сарфлаш керак.

— Сиз айтаётган олти ойдан кейин F-16 учувчиларини дарҳол фронтга жўнатиш мумкинми ёки мослашиш учун яна бироз вақт керакми?

— Ҳеч ким бу ҳақда аниқ гапирмайди. Аммо Украинага аллақачон одамлар керак бўлгани учун, менимча, улар бу муддатни иложи борича қисқартиришга ҳаракат қилади, айниқса уларнинг учувчилари тажрибали ва билимдон эканини ҳисобга олсак. МиГ-29 ва F-16 самолётларини бошқарган россиялик учувчи бир интервюда, агар иккита қирувчини солиштирса, инсон худди «Запорожец»дан Audi’га ўтгандек бўлишини айтган. Мен тажрибали МиГ-29 учувчисининг қайси кўникмалари F-16’да ҳам фойдали бўлишини билмайман.

— Украинада F-16 самолётларига хизмат кўрсатишда муаммолар бўлиши мумкинми, чунки биринчидан, мамлакат Россия томонидан ўққа тутилмоқда, иккинчидан, баъзи маълумотларга кўра, бу қирувчилар Украина инфратузилмасига унчалик мос келмайди?

— Албатта, F-16’га хизмат кўрсатиш мураккаб, қиммат инфратузилмани, махсус аэродром ускуналарини талаб қилади. Баллонларни ҳаво билан тўлдириш, машинани мой, ёнилғи, электр билан таъминлаш — буларнинг барчаси алоҳида транспортларни, алоҳида техник хизмат кўрсатишни, алоҳида ангарларни талаб қилади. Буларнинг ҳаммаси олиб келиниши керак. Бу инфратузилма жуда кўп нарса керак, чунки ушбу самолётларни жойлаштириш учун кўплаб аэродромлар мавжуд.

Бу ҳал бўладиган муаммо — Европада F-16’га хизмат кўрсатиш учун ҳар хил инфратузилма жуда кўп, машиналар ҳам, улар билан қандай ишлашни биладиган ва бошқаларга ҳам буни ўргатадиган одамлар анчагина. Европада МиГ-29’га хизмат кўрсатувчи техникаларини топиш F-16’га қараганда ҳатто қийинроқ бўлиши мумкин. Полша ҳарбий-ҳаво кучлари ўз хизмат кўрсатиш базасига эга, Украинанинг янги F-16 самолётларини техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун шу ерга олиб келиш мумкин.

Бундан ташқари, ушбу самолётлар, умуман Полшада жойлашиши ва топшириқларга айнан ўша ердан учиши, расмий равишда Украина аэродромларидан сакраш аэродромлари сифатида фойдаланиши мумкинлиги борасида мутлақо назарий тахминлар мавжуд. Сакраш аэродроми — бу самолёт бир жойдан ҳавога кўтарилади ва бошқа аэродромга қўниб, тезда яна учиб кетади. Яъни самолёт расман Украина аэродромидан учади, аммо шу билан бирга унинг хизмат кўрсатиш базаси Полшада жойлашади ва у ерга қанотли ракетани йўллаб бўлмайди. Бу ажойиб усул, менга жуда ёқади, лекин бу фақат назария.

Украина аэродромлари (советлар даврида) НАТО билан урушиш қурилган, шунинг учун уларнинг сони кўп, Украинада улар етарлича. Ҳа, улар таъмирлашни талаб қилади, лекин бу тупроқ қопламаси эмас — бу бетон ва керак бўлганда уни тузатиб қўйиш мумкин. Агар муаммо учиш-қўниш йўлаги узунлиги борасида бўлса, Украинада бомбардимончи самолётлар учган аэродромлар бор ва у ерда етарлича узун учиш-қўниш йўлаклари мавжуд.

F-16 самолётлари жойлашган аэродромга «Калибр» ракеталари учиб келиб, у ердаги ҳамма нарсани йўқ қилиши — бу ҳам (эҳтимоли паст бўлган) назария. Ҳозирда украиналиклар Strom Shadow ракеталарини отувчи бир нечта қайта ишланган совет Су-24 самолётларига эга. Улар яқинда Россия ракеталари томонидан ўққа тутилган Староконстантинов аэродромида жойлашган эди. Ушбу ўққа тутиш натижасида битта ракета тўхташ жойидаги қандайдир ярим йиғилган самолётга келиб теккан, иккинчиси эса ангарга тушган — умуман олганда, улар ҳеч нарсани йўқ қилмади ва айтилишича, бу самолётлар шунчаки бошқа аэродромга учиб кетган. Россиялик ракетачиларнинг Украинадаги исталган нишонни йўқ қила олиши қобилияти бироз ошириб юборилган ва Украинадаги F-16’лар билан нима содир бўлиши ҳақида хавотирга ўрин йўқ — эҳтимол ҳеч нарса бўлмайди. Россиянинг «юқори аниқликдаги қуроллари» ҳозиргача кам сонли Украина авиациясини йўқ қила олгани йўқ.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден украин учувчиларини F-16’ни бошқаришни ўргатишга рухсат берди