date
views 553

Пригожин ва адашлари. «Вагнер» асосчиси ўзига «қиёфадошлар» тайёрлаган бўлиши мумкин

Пригожин ва адашлари. «Вагнер» асосчиси ўзига «қиёфадошлар» тайёрлаган бўлиши мумкин
Фото: LEV BORODIN/TASS

BBC рус хизмати исмини Евгений Пригожин деб ўзгартирган ва энди қамоқхонада туриб эски исмини қайтариш учун судлашаётган Руслан Юнусов ҳаётини ҳикоя қилади.

Коми суди собиқ махсус хизмат зобити Евгений Викторович Пригожиннинг Печора шаҳар ФҲДЁ бўлимига нисбатан ўз номини ўзгартириш бўйича киритган даъво аризасини қаноатлантирмади. Очиқда юрганида уни Руслан Юсупов деб чақиришган, лекин 2018 йилда исмини Евгений Пригожин деб ўзгартириб «Вагнер» асосчисининг адашига айланган. Кўп ўтмай ўғрилик учун қамалган.

Энди собиқ зобит ўз исмини фақат қамоқхонадан чиққач алмаштира олади. У аввалроқ судга «Россия ўтказаётган махсус ҳарбий амалиёт муносабати билан» ўзига тайинланган жазони енгиллатишни сўраб мурожаат қилиб ҳам рад жавобини олганди.

Россия ички ишлар вазирлигидан нафақага чиққан Евгений Пригожин суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган собиқ ходимлари учун исмини ўзгартириш мумкинлигидан фойдаланиб, Печора шаҳар ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган. Аммо бундай жараённи амалга ошириш учун аризачи ФҲДЁга бориши талаб қилинади. ФҲДЁдагилар эса бу жараён учун қамоқхонага боришга мажбур эмас. Қонунчиликка кўра, улар қамоқхонага фақат никоҳни расмийлаштириш учун бориши керак.

Шу сабаб Коми суди ФҲДЁ бўлимининг рад жавобини 2016 йилдаги Россия Конституцион суди қарорига асосан қонуний деб топган. 2016 йилда ҳам маҳбуслардан бири исмини ўзгартириш учун ФҲДЁ бўлимига бориши мажбурий эмаслиги бўйича судлашган ва ўша воқеадан кейин Конституцион суд бу борадаги жараённи ҳуқуқийлаштириб қўйганди.

2016 йилдаги КС қарорида маҳбуслар ўз фуқаролик ҳуқуқларидан бошқа фуқаролар билан умумий шароитда объектив тарзда фойдалана олмаслиги айтилган. Бундан ташқари, фуқаронинг исмини ўзгартириш ҳуқуқи сўзсиз амалга ошадиган нарса эмас, унда баъзи нарсаларни аниқлаштириш керак бўлади. Масалан, исмини ўзгартирмоқчи бўлган аризачи буни қайси фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиш учун қилмоқчи эканини тушунтириб бериши лозим.

2018 йилдан Евгений Пригожин деган ном олган Руслан Юнусов Ярослав областининг Коточижовка қишлоғида туғилган. СОБРда хизмат қилгач, Петербург яқинидаги Всеволожска шаҳри жиноят қидирув бўлимида фаолиятини бошлаган. 2016 йилда полициядан ҳайдалиб, хусусий корхонада қўриқчилик билан шуғулланган. «Фонтанка» нашрига кўра, икки йил ўтиб исмини Евгений Пригожин деб ўзгартирган.

Судда Юнусов-Пригожин исми, фамилияси ва отасининг исмини фаолияти сабаб ўзгартирганини айтган, лекин айнан қандай мақсадда бу ишни қилганини очиқламаган.

Евгений Пригожин қандай қамоққа тушиб қолган?

2018 йил 3 июн куни Пригожинга айланган Юнусов бир гуруҳ шериклари билан Петербургда қора ниқоб ва униформада криптовалюта оламидагилар танийдиган одамни кузатишади. У уйидан чиққач Пригожин «ФСБ жиноят қидирув бўлими» деб бақиради. Шундан кейин ниқобдаги одамлар «объект»ни ойнаси қорайтирилган микроавтобусга тиқиб, ундан криптовалюта оператори манзилини айтишини талаб қилишади.

Маълум бўлишича, ўша иқтисодчини Петр Пирон деган одам таъқиб қилган ва Пригожин унга «куч бўйича ёрдам берган». Пригожин тергов давомида Пероннинг қўриқчиси бўлиб ишлаганини айтган.

Микроавтобусдаги сиқув натижасида Пригожин юқоридаги оператор манзилини олади. Кейин унинг уйига Пирон билан бирга гўёки ФСБ ходимлари кўринишида бостириб боришади. Улар иқтисодчини турли молиявий жиноятларда айблаб, ФСБ бошқармасига олиб бориб қийнаш билан таҳдид қилишади.

Кейин бу одамни ҳам ўша ойналари қорайтирилган микроавтобусга тиқиб таҳдид қилишда давом этишади. Қўрқиб қолган оператор 5 миллион рубл нақд пул беради ва айтилган криптоманзилга 55 миллион рубл ўтказади.

Ярим йил ўтиб Пригожин ва Пирон қўлга олинади. Пригожин 8 йилга, Пирон 10 йилга қамалади. Уларнинг иккиси ҳам товламачиликда айбланади. Криптовалюта Россияда тўлов воситаси ҳисобланмаслиги сабаб зарар миқдори атиги 5 миллион рубл деб баҳоланади. Кейинроқ апелляция судидан кейин товламачилик айблови ўғрилик билан алмаштирилиб, ҳар икки маҳбуснинг жазо муддати бир йилга қисқартирилади.

Бу катта эҳтимол билан Пригожин. Фото: LEV BORODIN/TASS

Кассация судида эса криптовалюта моддий бойлик деб топилиб, айбдорлардан 60 миллион рубл ундирилди, лекин жазо муддати узайтирилмади. Ҳукмга кўра, Пиронга жазо муддатини камайтиришда нотижорий ташкилот бўлмиш «Ватан жангчилари» хайрия фонди томонидан берилган ижобий характеристика ёрдам берган. Адлия вазирлигида бу ном билан рўйхатдан ўтган ягона ташкилотни Россия Қаҳрамони собиқ махсус хизмати ходими Сергей Юшков бошқаради.

Пригожиннинг жазосини қисқартириш учун эса янада кўпроқ сабаблар топилади. Масалан, ички ишлар вазирлиги нафақахўри экани, ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани (айнан қаердалиги айтилмаган), мукофотлари, қўриқчилик бўйича 6-разрядга эгалиги, тергов изолятори раҳбариятидан олинган ижобий хулоса, «Дўстлар учун» ветеранлар бирлашмаси ва «Халқ СОБРи» жамоат ташкилоти аъзоси бўлгани.

Суд ҳукми 2022 йил май ойида, Россия Украинага бостириб кирганидан уч ой ўтиб эълон қилинади. Пригожин уруш жазони енгиллаштирадиган вақт эканини пайқаб тезда «Россия махсус ҳарбий амалиёт ўтказаётгани муносабати билан» жазосини енгиллаштиришларини сўрайди. Суд унинг бу сўровни рад этади. У вақтда маҳбусларни урушга ёллаш бошланмаганди. Кўп ўтмай эса Пригожиннинг адаши бўлмиш «Вагнер» асосчиси қамоқхоналардан маҳбусларни урушга жалб қила бошлайди.

Қамоқдаги Пригожин эса урушга боришдан кўра ФҲДЁ билан можарони ҳал қилиб, нотанишроқ эски исм-фамилиясини қайтаришга уринади. Аммо қамоқхонадан туриб бунинг имкони йўқлиги борасида жавоб олади.

Пригожин ва «қиёфадошлари»

2018 йил «Вагнер» асосчисининг тўлиқ адашига айланган фақат қўриқчи Юнусов эмасди. Петербургдаги «Инжиниринг.ру» компанияси бош директори Дмитрий Алексеевич Алексеев ҳам ўз исми-фамилиясини Евгений Викторович Пригожин деб ўзгартиради. Бундай ўзгариш ҳақида Россия юридик шахслар ягона реестрида ҳам ўқиш мумкин.

2020 йил «Электротехснаб» компанияси бош директори Леонид Николаевич Красавин ҳам ўз исмини Евгений Викторович Пригожин деб ўзгартиради. Россиялик журналистлар аниқлашича, Красавин ўз вақтида ҳужжатларни сохталаштириш учун судланган ва унинг туғилган санаси ҳақиқий Пригожинники билан мос келади.

Пригожин атрофидаги одамларнинг ҳам адашлари йўқ эмас. Масалан, «Вагнер» ХҲКга тегишли «Конкорд Менежмент ва Консалтинг» компаниясини 2017 йилда Дмитрий Валеревич Уткин бошқаради. Аммо бу «Вагнер» командири бўлмиш Дмитрий Уткин эмас, уларнинг бошқа-бошқа одам эканини СТИР рақамларидан фарқлаш мумкин.

Уткин «Конкорд»ни уч ой бошқаради ва унинг ўрнини Пригожиннинг ўзи эгаллайди. Кейин Уткин исмини Алексей Анатолиевич Карнаухов деб ўзгартиради. Кўп ўтмай қўриқчи Юнусов ҳам ишлаган Всеволожскда «Петропол-Союз» фирмасини очади. Бу ширкат кўп тармоқли бўлиб фармацевтика маҳсулотлари, суюлтирилган газ, олтин савдоси, шунингдек, консултация ва ахборот хизматларини кўрсатиш билан ҳам шуғулланган.

2021 йил Пригожин аллақачон Ғарб санкцияларига тушиб улгурган бир вақтда ОАВ унинг «қиёфадошлари» Европага бориб юргани ҳақида хабарлар тарқатди. Литва Давлат хавфсизлиги департаменти раҳбари Дарюс Яунишкиснинг «Озодлик» радиоси билан суҳбатда айтилишича, бу ташрифлар Россия махсус хизматлари томонидан гўёки Европа иттифоқи ва европалик чегарачиларнинг кучсизлигини исботлаш учун ташкиллаштирилган.

2023 йил 24 июн, Пригожин исёни куни унинг уйида ўтказилган тинтувда «Вагнер» асосчисининг бошқа исмдаги паспортлари ҳам топилган. Масалан, Дмитрий Гейлер номига олинган паспорт билан Пригожин СОГАЗ тиббий марказида VIP-мижоз сифатида даволанган. «Озодлик»нинг аниқлашича, Дмитрий Гейлер номидаги одам аслида оддий ҳайдовчи бўлган.

«Проект. Медиа» нашрининг ёзишича, Пригожин Олег Семёнов ва Владимир Бобров номидаги паспортлардан ҳам фойдаланган. Нашр худди ҳужжатдаги параметрларга мос келадиган Бобров аслида ҳаётда мавжуд одам эканини аниқлаган.

Исёндан кейин Беларусга кетгани айтилган Евгений Пригожин Петербург ва Москвада ҳам кўриниш берди. У ҳатто ўз армияси вакиллари иштирокида Путин билан учрашув ҳам ўтказган. Июл ойида АҚШнинг New York Times нашри Пентагондаги манбаларига таяниб Пригожин ўз ҳаракатланиш йўналишларини махфий сақлаш мақсадида «қиёфадошлар»дан фойдаланиши ҳақида ёзганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пригожин ва адашлари. «Вагнер» асосчиси ўзига «қиёфадошлар» тайёрлаган бўлиши мумкин