date
views 677

Фаластин—Исроил урушининг якуни борми?

Фаластин—Исроил урушининг якуни борми?

1947 йилда Иосиф Сталин Яқин Шарқда Исроил давлатини ташкил этиш юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини имзолар экан, мийиғида кулиб, “энди бу ерда ҳеч қачон тинчлик бўлмайди” деб айтган эди. Диний семинарияда таҳсил олган, динлар тарихи ва уларнинг ичидаги ихтилофларни яхши билган Сталиннинг башорати ҳозирча тўғри чиқмоқда.

7 октябр куни ҲАМАС гуруҳи Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” операцияси бошланганини эълон қилди. Шундан сўнг Исроил “Темир қилич” операциясини бошлади ва Ғазо секторини бомбардимон қилди. Ҳозирда соат сайин ҳар икки тарафдан қурбонлар ва жабрланганлар сони ортиб бормоқда.

“Дарё” ушбу мавзуда сиёсатшунос Фарҳод Каримов билан суҳбатлашди. Қуйида мазкур суҳбат баёнини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

— ҲАМАС қандай ташкилот?

— ҲАМАС ташкилоти 1987 йилда ташкил топган. Бу ташкилот Араб-Исроил уруши фонида Фаластин ҳудудларидан исроилликларни сиқиб чиқариш ва Фаластин ҳудудини 1947 йилдаги чегараларга қайтариш учун ташкил этилган. Фаластин ҳудудида ҲАМАСдан ташқари 11 та кичик гуруҳлар мавжуд. Бу гуруҳларнинг ягона мақсади — Фаластин мустақиллигини сақлаб қолиш бўлган. Аммо вақт ўтиши билан гуруҳлар ўртасида бир қатор муаммолар юзага келди. Айниқса, 2007 йилда рўй берган воқеалардан сўнг Фатҳ ва ҲАМАС иккига бўлиниб кетди.

Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фатҳ тарафдорлари уруш йўли билан эмас, балки Исроил билан музокаралар олиб бориш орқали келишишга ҳаракат қилади. ҲАМАСда эса бунинг акси. Ҳатто ҲАМАС ўзининг мактаб таълимига Исроил давлати йўқ, деган ғояни киритишган. Яъни Фаластиннинг ўзи икки қутбга ажралиши натижасида, ҲАМАС гуруҳида радикал ғоялар кучайиб кетди.

Аслида бу тўқнашув 100 йилдан ортиқ вақт давомида бўлиб келаётган урушнинг бир қисми. ҲАМАСнинг Исроилга катта кўламда ҳужум қилгани ва Исроил ҳам Фаластинга яхшигина жавоб бераётгани жуда ачинарли ҳолат. Бу тўқнашув бутун дунё ҳамжамиятини икки қисмга ажратиб қўйди. Шунингдек, бу масала дунёдаги бошқа муаммоларни уйғотиб юборувчи бир воситага айланиб қолиши мумкин. Мана шундан қўрқиш керак!

— Нега ҲАМАС кутилмаганда Исроилга ҳужум қилди?

— Бу ҳужумни кутилмаган дейиш бир оз баҳсли. Ҳозир шарқшунос олимлар бу ҳужум жуда катта тайёргарлик асосида амалга оширилганини айтмоқда. Бир неча йил олдин Исроил разведкаси ҲАМАС катта қурол омборларини қураётгани ҳақида маълумот берган эди. Маълумотларга кўра, ҲАМАС Исроил томон дастлаб 5 мингга яқин ракета учирган. Бундай миқдордаги ракеталар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Шу нуқтаи назардан, бу ҳужумни кутилмаган дейиш бир оз баҳсли.

— Исроил разведкаси ҲАМАСнинг ҳужуми ҳақида маълумот олган бўлса, нега бу ҳужумнинг олди олинмади?

— Бу ерда икки хил тахминим бор. 2020 йилда Араб давлатлари (Судан, Қатар, БАА ва Баҳрайн) ва Исроил ўртасида “Иброҳим келишуви” бўлган. Бу ерда Исроил давлатини ҳудуди билан тан олиш масаласи кўтарилган эди. Бир аср давомида Исроилга қарши курашган Араб давлатлари аста-секин уни тан олишни бошлади. Яъни бир қанча Араб давлатлари маълум бир ҳудудда Исроил давлатининг тўлиқ ташкил этилишига розилик бериб бўлган эди. Менимча, Исроил бутун ҳудудни бирлаштириш учун араб дунёсидан қайсидир маънода рухсат олган. Бу нарса бугун бўлмаса, эртага амалга ошар эди. ҲАМАСнинг ҳужуми ортидан Исроил бу ҳудуддаги муаммони биратўла якунига етказмоқчи.

Тўғри, ҳозир Исроил ҳарбийлари ҲАМАСнинг бундай кенг кўламда ҳужум қилишини кутмаганини таъкидламоқда. Ҳатто Исроил ҳукумати ҳам ҲАМАСнинг ҳужумига ишонмаган. Яъни бу орқали ҲАМАС ўзининг тақдирига ўзи нуқта қўйиши мумкин эди. Балки Исроил бу ҳужумга йўл қўйиб берган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Халқаро ҳуқуқ нормалари ҳужумга учраган давлатга уруш бошлаган томоннинг ҳудудларини эгаллаб олишга рухсат беради.

— ҲАМАСнинг ҳужуми Фаластин жамиятининг хоҳиш-истаклари асосида рўй бердими ёки бу ерда асосий ролни айрим куч марказлари ўйнадими?

— Ташқаридан молиявий қўллов бўлмаганида, ҲАМАС 50-60 йил яшай олмасди. Чунки бу ҳудудга озиқ-овқат олиб кириш жуда мураккаб. Яъни ҳудуд иқтисодий қамал ҳолатида. Бундай шароитда ҲАМАСга ташқаридан дастаклов бўлмаса, Исроилга қарши кенг кўламли ҳужумни амалга ошириб бўлмасди.

Баъзи маълумотларга кўра, Қатар бир неча йил давомида ҲАМАСга молиявий кўмак берган. Бундан ташқари, Эрон Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати орқали ҲАМАСни қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, бу ерда Хитой омили ҳам бўлиши мумкин. Чунки жорий йилнинг сентябр ойидаги БМТнинг 78-сессиясида Хитой Фаластин масаласини кўтариб, уни қўллаб-қувватлаган эди. Бу ерда ташқи кучлар ҳақида баҳслар кўп. Шу нарса аниқки, ташқи кучларнинг аралашувисиз бу иш рўй бермас эди.

Сардор Али суҳбатлашди

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фаластин—Исроил урушининг якуни борми?