10:15 / 16.10.2023
225

Полшадаги сайловларда ҳукмрон партия кўпчилик ўринни йўқотди

Полшадаги сайловларда ҳукмрон партия кўпчилик ўринни йўқотди

Доналд Туск ва Ярослав Качинский Фото: Tomasz Gzell/epa/dpa

Полшадаги парламент сайловларида бош вазир ўринбосари Ярослав Качинскийнинг ҳукмрон миллий-консерватив «Қонун ва адолат» партияси ўз рақибларини ортда қолдирган бўлса-да, парламентда кўпчиликни ташкил қилиш учун зарур бўлган чегарадан ўта олмаган бўлиши мумкин. Бундан 15 октябр, якшанба куни кечқурун эълон қилинган экзитполлар натижаси дарак беряпти. Сайловнинг якуний натижалари 17 октябр куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Экзитполлар натижасига кўра, «Қонун ва адолат» 36,8 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. Полша собиқ бош вазири ва Европа кенгаши собиқ раиси Доналд Туск бошчилигидаги мухолифатдаги «Фуқаролик платформаси» 31,6 фоиз овоз олиши мумкин. Учинчи ўринда эса, сўров натижаларига кўра, 13 фоиз овоз билан марказчи «Учинчи йўл» партияси.

Ўринлар сони бўйича «Қонун ва адолат» парламентдаги 460 ўриндан 200 та ўринга эга, парламентдаги кўпчилик учун эса камида 231 та овозга эга бўлиш керак. «Фуқаролик платформаси» 163 ўрин олади, бироқ партия «Учинчи йўл» ва сўллар алянси билан коалиция тузиши кутилмоқда, бу эса уларга парламентда 248 ўрин беради.

Тахминларга кўра, «Қонун ва адолат»га парламентда кўпчиликни ташкил этишда ўта ўнг «Озодлик ва мустақиллик конфедерацияси» партияси билан иттифоқ ёрдам беради. У, хусусан, Украинага Россия агрессиясига қарши курашда ёрдам беришни тўхтатиш тарафдоридир. Бироқ, экзитполлар натижасига кўра, у парламентда бор-йўғи 12 та ўринга эга бўлади, бундан ташқари, сайлов кампанияси пайтида «Қонун ва адолат»дан узоқлашган.

Мухолифат етакчиси Доналд Туск аллақачон овоз бериш натижаларини ғалаба деб билишини айтган. «Мен ҳеч қачон иккинчи ўриндан бунчалик хурсанд бўлмаганман. Полша ғалаба қозонди, демократия ғалаба қозонди, «Қонун ва адолат» ҳукумати тугади», - дея унинг сўзларини келтиради dpa. Качинский, ўз навбатида, унинг партияси кейинги воқеалар ривожини кутаётганини таъкидлади.

Качински ва Туск - кўп ўхшашликларга эга рақиблар

Туск ҳам, Качински ҳам ўтмишда антикоммунистик мухолифатни қўллаб-қувватлаган. 1989 йилда коммунизмнинг қулаши режимнинг икки танқидчиси учун янги истиқболларни очди. Либерал ғояларга берилган Туск Полшадаги демократик ўзгаришлар фонида «Либерал-демократик конгресс» партиясини тузди. 1991 йилгача «Либерал-демократик конгресс» Качинскийнинг христиан-демократик партияси - «Келишув маркази»нинг бир қисми эди, аммо Качински ва Туск тез орада бошқа йўлларни танлади.

2001 йилда иккала сиёсатчи ҳам Полшанинг бугунги сиёсий манзарасини белгилаб берувчи янги партиялар – «Қонун ва адолат» ва «Фуқаролик платформаси»ни тузди. 2005 йилги парламент сайловларидан сўнг улар қўшма ҳукумат тузиш бўйича музокаралар олиб борди, бироқ ўзаро ишончсизлик ва шахсий амбициялари бунга тўсқинлик қилди. Ўшандан бери Качински ва Туск бир неча бор ҳокимият тепасида бир-бирини алмаштирди.

Шу тариқа, 2005 йилда Качинский партияси сайловларда кўпчилик овозларни олди. Бироқ, 2007 йил октябр ойида Полшада ҳукмрон коалиция парчаланганидан кейин ўтказилган муддатидан олдин сайловларда Тускнинг «Фуқаролик платформаси» ғалаба қозонди. 2015 йилдан бери Полша сиёсатида яна «Қонун ва адолат» ҳукмронлик қилмоқда.

Ҳукмрон партия сайловлар олдидан бир қанча можароларга дуч келди

Ўз ҳукмронлиги даврида партия атрофига кўплаб танқидчиларни, шу жумладан Брюсселда ҳам тўплаб қўйди. Шу тариқа, июл ойида ЕИ суди Полшада амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотини Европа Иттифоқи қонунчилигига зид деб ҳисоблаган Европа комиссиясининг шикоятини қаноатлантирди.

Норозилик Полшанинг ўзида ҳам «Қонун ва адолат»нинг сайлов кампаниясида мудофаа ва хавфсизлик сиёсати мавзуларидан фойдаланишга уринишлари сабаб келиб чиққан эди. Шу тариқа, август ойида Варшавада сўнгги 30 йилдаги энг йирик ҳарбий парад бўлиб ўтди ва бутун Полшада ҳарбий хизматни оммалаштириш учун мўлжалланган «ҳарбий пикниклар» ташкиллаштирилди. Шу билан бирга, бундай сайрларда ҳукмрон партия вакиллари қатнашди, аммо Полша конституциясига кўра, қуролли кучлар сиёсатда бетараф бўлиши керак.

Бундан ташқари, июн ойида «Қонун ва адолат» фуқароларни мухолифатнинг юришида қатнашишдан қайтармоқчи бўлган тарғибот видеоси учун танқидга учради. Ҳукмрон партия ўз танқидчилари ва мухолифат тарафдорларидан бирини нафрат сўзларини тарқатишда айблаш мақсадида видеода Освенцимга ишора қилган, аммо «Қонун ва адолат»нинг ўзи норозиликка учради. Сайловлардан бир ой олдин Полша ҳукумати муҳожирларга виза бериш бўйича коррупцион схема билан боғлиқ можарога аралашиб қолди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг