Коинотнинг яна бир сирли бурчаги инсон кўзига яқинлашди. Халқаро олимлар жамоаси янги турдаги илғор технологияни яратиб, уни амалда синашга муваффақ бўлди, деб хабар берди The Astrophysical Journal Letters. Ушбу инновацион усул орқали ердаги телескоплар тарихда илк бор юлдуз дискининг бунчалик тиниқ ва аниқ тасвирини қайд эта олди.
Кашфиёт марказида “фотон фонари” деб аталган ноёб қурилма турибди. У юлдузлардан келаётган нурларнинг тўлқин фронтини ажратиб, ҳар бирини алоҳида каналларга бўлиб чиқаради. Бу жараён анъанавий суратга олишда йўқолиб кетадиган энг майда деталларни сақлаб қолиш имконини яратади. Натижада олинган маълумотлар бирлаштирилганда, олимлар яқин жойлашган юлдуз атрофидаги дискнинг илгари кўрилмаган даражада аниқ тасвирини тиклашга эришди.
Одатда бундай даражадаги кўринишга эришиш учун астрономлар бир нечта телескопдан олинган маълумотларни бирлаштиради. Аммо бу сафар жамоа барча натижани фақат битта телескоп — Гавайида жойлашган 8 метрли Subaru орқали олди. Париж обсерваторияси ва Гавайи университети ҳамкорлигида ишлаб чиқилган FIRST-PL қурилмаси айнан шу телескопга ўрнатилди.
Фотон фонари Сидней университети ва Марказий Флорида университети олимлари томонидан яратилган. У юлдуз нурларини кўплаб каналларга ажратади, бу эса мусиқанинг аккордини ноталарга бўлишга ўхшайди. Ёруғлик ҳар бир “нота”да рангларга айланади ва анъанавий камералар қайд эта олмайдиган нур тебранишлари аниқланади.
Тадқиқот ҳаммуаллифи Ю Чжон Ким таъкидлашича, янги усул аввалги технологияларга нисбатан беш баробар юқори аниқликни таъминлаган. Бу натижа оптик тола ичида ҳаракатланаётган ёруғлик тўлқинларининг шаклини синчиклаб таҳлил қилиш орқали эришилган.
Олимлар тахминан 162 ёруғлик йили узоқликда жойлашган “Бета Cанис Минорис” юлдузини кузатди. Унинг атрофида водороддан ташкил топган ва янги сайёра шаклланиши эҳтимолини кўрсатувчи диск мавжуд. Янги технология ёрдамида бу диск илк бор носимметрик экани — бир қисми бошқасидан ёруғроқ ва зичроқ экани аниқланди.
Физика ва астрономия профессори Майкл Фицжеральд таъкидлаганидек, фотон фонари кузатув астрономиясида янги даврни бошлаб берди. Олимлар ҳатто ёруғликнинг табиий чегараси саналган дифракцион лимитдан ҳам юқори аниқликка эришганини маълум қилди.
Тадқиқотчилар фикрича, бу усул келажакда сайёра дисклари, экзопланеталар ва фаол галактика ядроларини мутлақо янги даражада ўрганиш имконини беради. Бу нафақат коинотнинг тузилиши, балки ҳануз кашф этилмаган космик хусусиятларни англаш йўлида ҳам катта қадам бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австралияда фанга номаълум астероид излари топилгани ҳақида хабар берилган эди. Тадқиқотчилар ўша пайтда табиий шиша — тектитлар таркибини таҳлил қилиш орқали метеор зарбасидан ҳосил бўлган янгича космик материални аниқлашга муваффақ бўлган эдилар.
Олимлар таъкидламоқда: “Фотон фонари” нафақат коинотни, балки инсоннинг уни англаш қобилиятини ҳам янги даражага кўтаради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!