Ойдан олинган намуналарда кутилмаган моддалар қайд этилди. Хитойлик олимлар Ойнинг Ерга қарама-қарши қисмида жойлашган ҳудуддан олинган тупроқ таркибини ўрганар экан, у ерда ноёб метеорит зарралари — карбон хондрит элементларини аниқлади, деб хабар берди PNAS журналида чоп этилган илмий мақолада.
Бу натижа Гуанчжоудаги Геокимё институти мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқотлар асосида эълон қилинган. Олимлар таъкидлашича, карбон хондритлар сув ва органик бирикмаларга бой бўлган космик жисмларда учрайди ва улар асосан Қуёш тизими ташқарисидан келиб тушади. Ерда эса бу моддалар жуда кам ҳолларда топилади.
Мутахассислар фикрига кўра, бу кашфиёт Ойнинг тарихи ҳақидаги илмий қарашларга янги йўналиш очиши мумкин. Яъни, Ой ва Ер илгари ўйланганидан кўра кўпроқ метеоритлар билан тўқнашган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу эса Ой юзасида сувнинг қандай пайдо бўлгани ва унинг келиб чиқиш манбаси ҳақида аниқроқ хулоса чиқариш имконини беради.
Шунингдек, аниқланган карбон хондрит элементлари Ойда сув излари тарқалиши, унинг эволюцияси ва геологик жараёнларини чуқурроқ англашга туртки бўлиши кутилмоқда. Илмий жамоа бу топилма Ойдаги сув ресурсларини излашда муҳим қадам бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Маълумот учун, мазкур намуналар Хитойнинг Чанг’э-6 миссияси доирасида жамланди. 2024 йил 3 май куни Ойга учирилган зонд 2 июнь куни жанубий қутбдаги Аполлон кратерига муваффақиятли қўнган ва у ердан тупроқ ҳамда тош намуналарини олган. 25 июнь куни эса у Ерга қайта қўнган.
Шу билан Хитой инсоният тарихида биринчи бўлиб Ойнинг нариги, яъни Ердан кўринмайдиган томонидан намуналар олиб келган давлатга айланди. Бу миссия нафақат илмий жиҳатдан, балки геосиёсий нуфуз нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Кузатувчилар фикрича, бу кашфиёт келгусидаги Ой тадқиқотларига янги босқич олиб киради ва инсониятнинг космосни англаш сари йўлида муҳим қадам бўлиб қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!