Австралия тарихида кутилмаган қарор қабул қилинди — мамлакатнинг шимолий қисмида жойлашган, тимсоҳлари билан машҳур Фитзрой дарёси 2032 йилда Брисбен шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинлари доирасида эшкак эшиш мусобақаларига мезбонлик қилади. Бу ҳақда “The Australian” нашри маълум қилди.
Таъкидланишича, мазкур дарё ўзининг ҳайратомуз табиати, қаттиқ оқими ва, энг муҳими, кўп сонли тимсоҳлари билан танилган. Шунинг учун маҳаллий аҳоли ва экологлар бу қарорни хавфли деб баҳолаган бўлса-да, Олимпиада иншоотларини қуриш учун масъул бўлган агентлик Фитзройни “энг қулай ва жозибали табиий майдонлардан бири” деб топган.
Квинсленд штати бош вазири Дэвид Крисафуллининг таъкидлашича, ҳукумат хавфсизлик масаласини қатъий назорат остида ушлаб туради.
“Ҳар бир спортчи ва меҳмоннинг хавфсизлиги — бизнинг асосий устувор вазифамиз. Тимсоҳлар бўйича махсус кузатув тизими ишга туширилади. Дарё атрофида қўшимча дронлар ва муҳофаза воситалари жорий этилади”, — деган у матбуотга берган хабарида.
Эслатиш жоиз, Халқаро эшкак эшиш федерацияси (World Rowing) аввалроқ Фитзрой дарёсини мусобақалар ўтказиш учун мос келмайдиган ҳудуд деб баҳолаган эди. Сабаби — дарёнинг сув оқимидаги беқарорлик ва йиртқич жонзотлар мавжудлиги. Бироқ Австралия томони бу борада янги лойиҳа ишлаб чиққан: махсус тўсиқлар, сонаралар ва автоматик сигнализация тизимлари орқали дарёдаги барча эҳтимолий хавф манбаларини олдиндан аниқлаш режалаштирилган.
Экологлар эса бундай қарор табиат мувозанатига таъсир қилиши мумкинлигини таъкидламоқда. Улар фикрича, мусобақалар учун катта ҳажмда қурилиш ишлари ва транспорт ҳаракати жонзотларнинг яшаш муҳитини бузиши эҳтимолини оширади.
Шунга қарамасдан, маҳаллий ҳукумат Олимпиада тайёргарликлари орқали минтақани ривожлантириш, туризм ва спорт инфратузилмасини кенгайтириш ниятида эканини билдирмоқда.
2032 йилги Брисбен Олимпиадаси Австралия тарихидаги учинчи ёзги Олимпиада бўлади. Бу сафар эса дунё спортчилари тимсоҳлар юртидаги табиий сув йўлларида куч синашади — бу нафақат мусобақа, балки тарихий тажриба бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!