Исроил Ғазо секторининг Миср билан чегарадаги Рафаҳ шаҳрида ҳам ҳарбий операция бошламоқда. Ўз ҳудудига 1,5 миллион нафар қочқин кириб келишидан хавотир олаётган Миср бунга жавобан Кемп-Девид шартномасидан чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Бу шартнома нафақат Миср ва Исроил, балки бутун Яқин Шарқ учун тарихий аҳамиятга эга.
“Геосиёсат” мавзу атрофидаги саволлар билан Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримовга юзланди.
— Кемп-Девид келишуви қачон тузилган ва нималарни ўз ичига олади?
— 1967 йилдан кейин араб давлатлари ва Исроил ўртасида 6 кунлик уруш бўлади. Исроил Мисрнинг Синай яриморолини тортиб олган, шу урушдан кейин араб давлатлари Исроилга уруш очиш бефойда эканини тушунган. 1972 йилда яна бир уруш бўлган, лекин бунда Исроил қўли баланд келган. Шундан сўнг Миср раҳбари музокараларга ўтиришга ҳаракат қилиб, Синай яриморолини қайтариб олишга уринган. Бу 1973-1977 йиллар оралиғида бўлган. Мисрни бошқа араб давлатлари амалда қўлламаган. Синай яриморолини қайтариб олиш учун 1977 йилда Миср томони вакили Исроил парламентида нутқ сўзлади, бу де-факто Исроилни тан олиш эди. АҚШ билан ҳам музокараларга киришилди. 1977 йилда Ицҳак Рабин ҳокимиятдан кетгач, ўрнига Бегин келди, унинг позицияси миллатчилар партиясидан фарқ қилар эди ва Анвар Садатнинг чақириғига кўнди. 1978 йилда АҚШ президенти Жим Картер таклифи билан Кемп-Девид шаҳрида конференция бўлиб, келишувларга эришилди.
Ўшанда Миср бутун минтақа давлатлари номидан гапирган ўшанда, яъни Фаластин давлати сақланиши шарти билан араб давлатлари Исроилга нисбатан ҳарбий ҳаракатлар қилмайди, деб. Кемп-Девидда иккита шартнома бор: Синай яриморолини қайтариб олиш бўйича шартнома ва араб давлатлари билан Исроил ўртасидаги тинчлик муҳитини яратиш бўйича келишув. Синай яриморолини қайтариш бўйича якуний шартнома 1979 йилда Вашингтонда имзоланди. Миср ўшанда бутун араб давлатлари номидан гапиргани учун ҳам кейинчалик Анвар Садат ўлдирилди. Шу шартномадан кейин Миср минтақадаги АҚШ қўлловидаги давлатлардан бирига айланди. Айтганимдек, иккинчи шартномада Фаластин халқи ўз тақдирини ўзи мустақил белгилаши ҳақида банд бор. Минтақа давлатлари Анвар Садатни кечирмади Исроил билан шартнома қилгани учун, лекин Миср ўз ҳудудидан айрилаётганда ёрдам ҳам беришмаганди. Ҳозиргача ҳам Миср ва Исроил муносабатларини белгиловчи асосий ҳужжат Кемп-Девид шартномаси ҳисобланади.
2020 йилдаги Иброҳим келишувлари қайсидир маънода Кемп-Девиднинг давоми. 80 йиллардан кейин секин-секин Кемп-Девид шартномасини қўлловчилар ҳам бўлди, масалан, Судан, Иордания, Ўмон кабилар. Чунки уларнинг ҳам кўзи етмади Исроил билан кураша олишга.
Шартномада Фаластин халқи ўз тақдирини ўзи белгилайди, дейилган, давлат мустақил бўлади дейилмаган. Мана шу аниқ белгиланмаслик ҳам Исроилга қўл келяпти ҳозир. 1993 йилдаги Осло шартномасида ҳам Исроилга ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган, лекин Фаластинда бундай ҳуқуқ йўқ. Айнан шу Осло шартномасига асосланиб ҳозирги ҳарбий операцияни амалга оширяпти Исроил. Иброҳим келишувлари ҳам мусулмонлар ва бошқаларнинг тенг ҳуқуқини таъминлаш, манфаатлари юзасидан бўлиши айтилган. Лекин амалда фақат Исроилни тан олиш, унинг ҳуқуқларини эътироф этиш белгиланяпти.
— Исроилнинг Рафаҳга киришига Мисрнинг жавоб реакцияси қандай бўлади?
— Мисрнинг асосий қўрқуви Исроилнинг Синай яриморолига даъво қилиб қолиши. Иккинчи масала эса 1,5 млн фаластинлик Мисрга ўтиб кетмаслиги. Синай яримороли Миср учун жуда муҳим, у ердан Сувайш канали ўтади. Бу ердан Миср йилига 6 млрд фойда кўради. Бундан ташқари, Синай яримороли Миср учун «буфер зона» ҳисобланади. Исроилнинг «катта Исроил» ғояси бўйича тузилган хариталарда Синай яримороли, Сурия, Ироқнинг бир қисми Исроил ҳудуди сифатида кўрсатилган.
Фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи гапирилмаётгани, олдинги босиб олинган ерларни қайтариш ҳақида гапирилаётгани Мисрни ҳам хавотирга соляпти. Мисрнинг қўрқуви асосли, агар Миср урушга кирса, ҳеч ким аралашмайди, чунки аралашса шу пайтгача аралашар эди. Агар Исроил Рафаҳга кирса, Миср ҳам халқаро ҳуқуқ ва дипломатиядан нарига ўтмаса керак. Чунки Кемп-Девид шартномасининг бузилиши Миср ва Исроил яна уруш ҳолатида дегани бўлади. Шу маънода бу ҳақида АҚШга айтяпти Миср томони. Нетаняҳу ҳаракатларини эса башорат қилиб бўлмаяпти.
Рафаҳ Миср чегарасига яқин шаҳар, Кемп-Девид шартномасининг иккинчи бандига кўра Миср ҳудудига яқинлашмаслиги керак ҳарбий жиҳатдан. Бу вазиятда Исроил шартномани бузади. Лекин Миср томонидан шартномани бекор қилиш борасида гап бормаса керак, чунки бу Исроил фойдасига хизмат қилади.
— Кемп-Давид келишувлари барбод бўлса, АҚШнинг Исроил ва Миср билан алоқаларига қандай таъсир қилади?
— Мисрнинг АҚШ билан боғлиқлиги кўп. Сиси ҳокимиятга келишида ҳам АҚШ ёрдами бор. Бундан ташқари, таълим, тиббиёт соҳаларига катта инвестиция киритган, ҳукуматлари кўплаб амалдорлар ҳам АҚШда ўқиган. Бундай қўллов йўқолишини истамайди Миср, шу сабаб ҳам фақат дипломатик ҳаракатлар қиляпти. Саволга келадиган бўлсак, Блинкен бекорга келаётгани йўқ Мисрга. У Исроилнинг шу ҳаракатларини билиб, араб давлатларини тинчлантиришга уриняпти, керак бўлса, ҳали яна бир неча марта келиши мумкин. Ортиқча баёнотлар бермаслик, қандайдир ҳаракатлар бўлмаслиги учун нимадир таклиф қилади, савдолашувдай жараён бу.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
"Яндекс" асосчиси Аркадий Волож ўзига қўриқлаш хизмати ёллашига ким сабабчи бўлди?
Украинада энг кенг тарқалган жиноят: Армиядан қочиш!
Путин ва Трамп қачон учрашиши мумкин?
Истеъфодаги подполковник: Украина ҳарбийлари ярадор хизматдошларини ташлаб, қочиб кетишди
АҚШ Венесуэла президенти Мадуро ҳақидаги маълумот учун 25 миллион доллар мукофот тайинлади
Нима учун Лос-Анжелес ёнмоқда?
Канадаликлар АҚШ таркибида бўлишни хоҳлайдими? – “Трамп безори, Маск эса тентак”
Покистоннинг Афғонистонга зарбалари: “Теҳрике Толибон” қандай ҳаракат?