АҚШ ҳукумати Хитойга қарши янги савдо чораларини кўриб чиқмоқда. Доналд Трамп маъмурияти АҚШда ишлаб чиқилган дастурий таъминот асосида яратилган маҳсулотларни Хитойга экспорт қилишни чеклашни режалаштирмоқда. Бу қарор Хитойнинг ноёб ер металлари экспортига киритган чекловларига жавобан ишлаб чиқилган.
Янги чекловлар ноутбуклар, авиация қисмлари ва бошқа технологик маҳсулотларга тааллуқли бўлиши мумкин. Трамп бу ой бошида Хитойга нисбатан 100 фоизли божлар ва “муқим дастурий таъминот” экспорти устидан назорат ўрнатилишини эълон қилган эди. Расмийлар ҳозирча бу чоралар қачон кучга киришини аниқламаган.
Мутахассисларнинг фикрича, бу қарор АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо зиддиятини янада кучайтириши мумкин. Хитой элчихонаси эса АҚШнинг “бир томонлама босим” сиёсатини танқид қилиб, ўз манфаатларини ҳимоя қилишини маълум қилди.
Агар режа амалга ошса, у Россияга 2022-йилда қўлланган экспорт чекловларига ўхшаш бўлади. Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин яқин орада Жанубий Кореяда учрашиши режалаштирилган бўлиб, ушбу масала музокараларда муҳим мавзу бўлиши кутилмоқда.