date

Осмондан сирли ёнувчи жисм қулади — Австралия хавотирда

Осмондан сирли ёнувчи жисм қулади — Австралия хавотирда

18 октябрь куни Австралиянинг чўл ҳудудида осмондан ёниб тушган сирли жисм катта муҳокамага сабаб бўлди. “Unilad” нашри ёзишича, маҳаллий аҳоли кучли портлаш овозини эшитган ва қум устидан ёнғин чоғида пайдо бўлган ёруғликни кўрган.

Ҳодиса жойига полиция ва фавқулодда вазиятлар хизмати етиб борган. Улар объектни ўрганиш ишларини бошлаган ва аҳолини хавфсизлик чораларига риоя этишга чақирган. Ҳозирча жисмнинг келиб чиқиши аниқ эмас, аммо у атрофдагилар учун хавф туғдирмагани маълум қилинди.

Австралия Транспорт хавфсизлиги бюроси бу жисм тижорат авиациясига тегишли эмаслигини маълум қилди. Илк таҳлилларга кўра, у углерод толасидан ясалган бўлиб, ракетанинг ёки сунъий йўлдошнинг юқори босимли идиш қисмига ўхшайди. Мутаҳассислар буни “аэрокосмик келиб чиқиш элементларига хос” деб баҳоламоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда қизил қум устида купол шаклидаги, ёнғиндан кейин қисман куйган металл тузилма кўринади. Гувоҳларнинг айтишича, жисм қулаганидан сўнг кучли иссиқ нур тарқатган ва бир неча дақиқа ичида деярли ёниб кетган.

Полиция маълумотига кўра, объектда космик чиқиндиларга хос излар топилган. Ҳозирда Австралия космик агентлиги, ўт ўчириш хизмати ва фавқулодда вазиятлар бўлими мутахассислари биргаликда тергов ишларини олиб бормоқда.

Мутахассислар бу воқеа ер орбитасидан чиқиндиларнинг назоратсиз тушиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Айрим таҳлилчилар эса бу объект янги космик дастурларнинг синов элементларидан бири бўлиши эҳтимолини ҳам айтишмоқда.

Ҳозирча ҳукумат расмийлари жамоатчиликка тинчлик сақлашни ва ҳодисанинг аниқ сабаблари ҳақидаги маълумотлар яқин кунларда эълон қилиниши кутилaётганини маълум қилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Осмондан сирли ёнувчи жисм қулади — Австралия хавотирда