08:08 / 08.04.2024
166

Ғазодаги урушга ярим йил. АҚШнинг Исроилга сиёсати ўзгарадими?

Ғазодаги урушга ярим йил. АҚШнинг Исроилга сиёсати ўзгарадими?
Ғазода Исроил босқини давом этаётганига ярим йил тўлди. Ўтган вақт давомида 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, БМТ бир неча бор Исроил ҳаракатларига қарши резолюциялар қабул қилди, Халқаро жиноят судида ҳам бу масала кўрилди. Бироқ уруш ҳалигача тугамади. Kun.uz сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримов билан Ғазо атрофидаги сўнгги янгиликлар юзасидан суҳбатлашди.

— Байден Исроилга ҳарбий ёрдамни чеклаш билан таҳдид қилиши ортидан гуманитар йўлак очилиши айтилди. АҚШнинг Исроилга нисбатан сабри қайси чегарагача?

Фарҳод Каримов
: — Бу Байден ва Нетаняҳунинг биринчи суҳбати эмас, олдин ҳам бўлган, АҚШ давлат котиби [Энтони Блинкен] Исроилга келганида бу масалани кўтарган. Яқин Шарқ, Ғазо бўйича бошидан бўлган келишувлар бор, менимча, Нетаняҳу АҚШнинг режаларидан чиқиб кетяпти. Лекин АҚШ қўлловни тўхтата олмайди, бошидан келишилган стратегия бу.

АҚШнинг Исроилни қўллаши ички беқарорликни ҳам келтириб чиқаряпти, сайлов ҳам яқин. Сайловда Байден учун энг катта босимлардан бири – ҳукуматнинг Исроилга нисбатан муносабати. Трамп ҳам айни шу нуқталардан фойдаланиб, ўз статусини кўтариб оляпти.

Яна бир томондан дунё ва Европа ҳамжамияти фикри, позицияси ўзгаряпти. Исроил ҳаракатлари геноцид кўринишига қараб кетяпти. БМТ ва шунга ўхшаш халқаро институтларнинг қарорлари олдин ҳам суст эди, ҳозир эса умуман бажарилмаяпти. Бу нарса халқаро ташкилотларнинг бошқа давлатларга нисбатан таъсирини ҳам тушириб юборяпти, Африка ва Жанубий Америкада олдин Исроил талабларни бажарсин, кейин биз қиламиз, деган чиқишлар пайдо бўляпти. Мана шундай ички ва ташқи босимлар АҚШ Исроилга бўлган муносабатини ўзгартиришига сабаб бўляпти, лекин бу концептуал, стратегик ўзгариш бўлмайди.

Камолиддин Раббимов: — АҚШнинг Исроилга шаклланган муносабатида аниқ контекст бор. Ўтган бир ҳафтада АҚШни ғазаблантирган 2 та йирик воқеа бўлди: биринчиси, Исроил Эроннинг Суриядаги консуллигига ҳужум қилди, иккинчиси, Ғазода халқаро гуманитар ташкилотга ҳужум қилинган ва ташкилотнинг европалик, канадалик ва австралиялик фаоллари ўлдирилган. Ташкилот раҳбари бу атайлаб қилинган ҳужум бўлгани, бундай хато бўлиши мумкин эмаслиги, гуруҳ қаерда бўлиши ҳақида аниқ маълумот берилганини айтди.

Исроилнинг инсониятга қарши жинояти АҚШга ҳам оғирлик қиляпти. Натижада Вашингтон Исроилга сигнал берди. Байден ва Нетаняҳу суҳбатида Исроилга ултиматум қўйилган. Исроил АҚШнинг Яқин Шарқдаги биринчи иттифоқчиси, унга сигналлар берилган, лекин Нетаняҳу қабул қилмади. Ултиматум деталларига эътибор бериш керак. Бир неча ойдан бери АҚШ Сенатида Украина, Исроил ва Тайван учун 100 млрд доллар миқдоридаги ёрдам пакети муҳокама қилиняпти, шундан 14 млрд доллар Исроилга ажратилиши кўзда тутилган. Энди АҚШ сиёсатчилари бу ёрдамни иккига бўлиб, Украинаникини маъқуллаб, Исроилга ёрдамни тўхтатиш ҳақида гапиряпти. Иккинчидан, Ғарбий соҳилдаги яҳудий аҳоли манзилларига нисбатан санкциялар жорий қилиш орқали Нетаняҳуга сигнал бериляпти.

Нетаняҳунинг сиёсий технологияси жуда оддий. Байден ва демократлар босим қиляптими, республикачилар билан алоқани кучайтиришимиз керак, деган қарашда иш олиб боряпти. Демократлар гуманитар ёрдам эшикларини очиш, асирга олинган фаластинликларни қўйиб юбориш ва ҳарбий амалиётни тўхтатиш талабини қўйяпти. Нетаняҳу бунга рози бўлса, сиёсий ва тарихий енгилган бўлади. Чунки барча баёнотларида уруш давом эттирилиши, ҲАМАС йўқ қилиниши ҳақида гапирган, агар Вашингтон талабига кўнса, мақсадларига эришолмай чекинган бўлади.

— БМТ Исроилга қурол етказишни чекловчи резолюцияни қабул қилди, АҚШ бу резолюцияга амал қиладими?

Фарҳод Каримов
: — Покистон ташаббуси ва БМТ ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари ташкилоти эътирозига кўра, БМТ резолюция қабул қилди ва уни кўпчилик давлатлар ёқлади. Унга кўра, Исроил билан ҳарбий қурол-яроғ ва қисмлар етказиб бериш бўйича чекловлар ўрнатилади.

Исроилга нисбатан оқибати қандай бўлади? Исроилнинг ўзи қурол ишлаб чиқарувчи кам сонли давлатлардан бири. Шу нуқтайи назардан бу резолюция Исроил учун катта аҳамиятга эга бўлмайди, у бутун иқтисодиётини ҳарбийлаштиришга эришган. Ҳатто минтақага бемалол хавф туғдира оладиган кемалар ишлаб чиқара олади.

Шу ишлаб чиқаришда ҳам деталлар керак бўлади, шу маънода ҳам ҳамкорликни тўхтатиш талаби қўйилган. Лекин Исроилнинг энг катта ҳамкори АҚШ ҳисобланади. Исроил АҚШнинг катта лойиҳасига айланиб бўлган. Шунинг учун ҳам АҚШ бу минтақадаги энг катта лойиҳасини тўхтатиб қўймайди деб ўйлайман. Нетаняҳу алоҳида масала, айнан Исроил АҚШнинг лойиҳаси ва бундан юз ўгирмайди.

АҚШ бир пайтнинг ўзида қуролланиш масаласида араб давлатлари билан ҳам яхши ҳамкорликка эга бўлган. Секин-секин араб давлатлари АҚШга таъсир ўтказадиган даражага чиқяпти. Шу маънода араб давлатлари ҳам АҚШга маълум бир босим ўтказиб, урушни тўхтатиш масаласи қўйиляпти.

Учинчидан, бюджет масаласи бор. Шундоқ ҳам сенаторлар томонидан молиялаштириш масаласи баҳсларга сабаб бўляпти. Агар сайловдан сўнг ҳокимиятга республикачилар келса, БМТ резолюциясини молиялаштиришни қисқартиришга асос қилиб кўрсатиши мумкин. Лекин айни пайтда бу резолюция Исроилга кўп ҳам таъсир қилмайди.

Камолиддин Раббимов: — Расмий Вашингтонда Нетаняҳу билан муносабатлар ўта совуқ. Обама даврида Яқин Шарқда Исроил ва Саудияга эътибор пасайган эди. Чунки Обама кўпроқ узоқ вақтдан буён АҚШ билан салбий муносабатда бўлган давлатлар билан муносабатларни меъёрлаштириш йўлидан борган: Кубада элчихона очган, Эрон билан келиша бошлаган. Эрон билан ҳаттоки ядровий дастур атрофида тўлиқ келишувга эришган эди ва бу авваламбор Исроилни, кейинчалик Саудияни қаттиқ қўрқитганди.

Яъни бу ердаги геосиёсий формула қайтадан кўриб чиқилаётган эди. Трамп келиши билан бу вазият кардинал, мутлақ тескарисига ўзгарди. У биринчи бўлиб ўз давлат ташрифини Саудияга амалга ошириб, Саудиядан чиқиб, Исроилга учиб борган эди.

Бугунги кунда Вашингтонда демократларнинг Нетаняҳуга муносабати ўта совуқлашиб улгурди. Демократлар лидери Чак Шумер (ўзи этник яҳудий) Нетаняҳу мутлақ адашиб кетгани ва Исроил раҳбарияти ўзгариши кераклигини айтиб баёнотлар беряпти. Яъни АҚШнинг асосий лойиҳаси шундан иборатки, Исроил давлатини қўллаб-қувватлаш билан биргаликда қолган давлатлар: Араб давлатлари, жумладан Фаластин ёки мусулмон дунёси билан муносабатларда мувозанатга эришиш учун Исроилда ашаддий миллатчиларни ҳокимиятдан кетказиб, нисбатан марказга яқинроқ бўлган, яъни компромисс, консенсус тарафдори бўлган сиёсатчиларни ҳокимиятга олиб келиш лойиҳаси бор. Лекин бундай лойиҳаларни амалга ошириш – жуда тез ва самарали бўлиши мумкин эмас. Вашингтон томонидан Исроилга босим жуда кучли, айни пайтда қўллаб-қувватлаш ҳам жуда юқори. Исроил ичкарисида, Исроил ва араб, мусулмон давлатлар ўртасида фундаментал зиддиятлар аллақачон шаклланиб улгурган. Шунинг учун Америка бир вақтнинг ўзида Исроилни қўллаб-қувватлайди.

Ўйлашимча, бу ерда спекуляция қилинади, яъни сигналлар берилади – биз резолюцияга амал қилишимиз мумкин, моддий ёки молиявий ёрдамни тўхташимиз мумкин, дейилади. Исроил ҳарбий машинаси АҚШнинг ҳарбий машинаси билан чамбарчас боғлиқ, баъзи технологияларда Исроил ҳақиқатан кучли. Лекин Исроил тўлақонли мустақил ҳарбий машина эмас, яъни АҚШнинг ҳарбий машинаси ёрдам бермайдиган бўлса ёки ёрдамиз пасайтирадиган бўлса, Исроил оғир аҳволга тушади.

— Исроил Эроннинг консуллигига туташ бинога авиазарба беришининг сабаби нимада?

Фарҳод Каримов
: — Бу доимий равишда амалга ошираётган ҳарбий операциялардан биттаси, олдин ҳам бўлган. Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» қароргоҳида ҳам худди шундай бўлганди. Исроил минтақада давлатлардан кўра, бир қанча ташкилотлардан кўпроқ қўрқади, хусусан, «Ҳизбуллоҳ»дан.

«Ҳизбуллоҳ» бугунги кунда минтақада Исроилга қаршилик кўрсата оладиган, таъсир кўрсата оладиган ташкилотга айланиб бўлган. Де-факто Ливанда ҳокимиятни қўлга олган ташкилот ҳамдир. Уларнинг ўзига хос қўллаб-қувватловчилари бор, энг катта қўлловчиси – Эрон. Яъни Исроил ўзига каттароқ таҳдид сифатида «Ҳизбуллоҳ»ни кўради, уларда яхши қурол-яроғ бор, таҳдид бўла олади. Шунинг учун вақти-вақти билан «Ҳизбуллоҳ» ва Эрон ўртасидаги кўприкларни узиб туради. Бу ташкилотлар кучайиб кетмаслиги учун халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиб бўлса ҳам, ҳарбий амалиётлар амалга оширади.

1 апрел куни [Исроилда] «Ҳизбуллоҳ»нинг катта йўлбошчилари ва [Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали] Муҳаммад Зоҳидий Дамашққа келгани тўғрисида маълумот бўлган ва зарба берган. Дипломатик ваколатхоналиги, халқаро ҳуқуқ инобатга олинмади. Ҳаттоки уруш бўлиб турган пайтда ҳам давлат элчиларга ва дипломатик ваколатхонага зарба бериб бўлмайди. Уруш қоидаларига ҳам зид бу. Ҳатто яқин ҳамкори АҚШ ҳам гап тополмай қоляпти бу вазиятда. Ҳамма билиб турибди «Ҳизбуллоҳ» вакиллари бўлгани, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси муҳим фигураси бўлган Зоҳидий бўлгани учун шундай қилинганини. Исроил бу ишни жуда қўпол тарзда қилди. Энди Эрон учун Исроилга қарши ҳаракатларга асос пайдо бўлди, агар шундай қилса, АҚШ ҳам кескин позиция билдира олмайди. Исроилнинг ўзи бузди қоидаларни, бошқа бир давлат ҳудудида учинчи давлат ваколатхонасига зарба берди.

— Исроил яккаланиб қолаётгани учун Эрон омилини олиб чиққан бўлиши мупкинми?

Камолиддин Раббимов
: — Шундай фикр бор, бу фикр тарафдорлари кўп. Исроил бугун анчагина яккаланиб қолди ва унинг дунё ҳамжамияти даражасида асосий ҳомийси АҚШ, кейин Британия. Шу фонда Эронни провокация қилиш ва Эрон таҳдиди фонида ғарб давлатлари коалициясига қайтадан қўшилиш учун мана шундай провокация амалга оширилди, деган фикр ҳақиқатан мавжуд.

Эрон бундай провокацияларни кўп марта қилган. Айтиш керакки, буни Ғарб давлатларининг ўз ҳам қилган, масалан, Югославия уруши пайтида ёки Хитой элчихонасига ҳужум бўлган эди.

Шундай ҳолатлар бўлиб туради. Бу ерда биз билмайдиган, маълум бир йиллардан кейин чиқиши мумкин бўлган махсус хабарлар, махсус информациялар ҳам бўлиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам Исроилнинг провокацияси тўлиқ амалга ошмади, яъни АҚШнинг ўзи бу ҳужумни қоралади. Айтганимиздек, халқаро гуманитар ёрдам ташкилотига ҳужум қилиш каби ҳолатларни содир этган бир пайтда Нетаняҳуни тушуниш, уни ҳимоя қилиш ииконсиз АҚШ учун ҳам.

— Ултраортодоксаллар армияга чақирилиши сабаб Исроил коалицияси парчаланиши мумкинми?

Фарҳод Каримов
: — Исроил ҳукумати коалицияга асосланган, яъни Нетаняҳунинг мутлақ устунлик асосида ҳукумат шаклланмаган, у ерда бир қанча сиёсий партиялар ва сиёсий кучлар бор. Коалициялар ичида кам бўлса ҳам ортодоксалларни қўллаб-қувватловчи вакиллари бор.

Иккинчидан, энди Исроилга аскарлар керак бўляпти, ташқаридан ёрдам камаймоқда, аҳолиси кам. Мудофаа вазири 18 га кирган барча исроилликлар армияга бориши кераклигини айтди. 1948 йилги келишувга кўра, ортодоксаллар Таврот бўйича ўз қарашлари билан яшашади. Улар яҳудийларнинг мустақил давлати бўлишини қўлламайди, бутун дунё бўйлаб яшашни тарғиб этади.

2017 йилда 1948 йилги келишув муддати тугади ва ҳукумат бундай қарашли кишилар армия ва ҳукуматга келишининг олдини олиш учун келишувни 5 йилга чўзди, яъни 2022 йилгача. Армияга улар ҳам бориши керак деган фикрлар бўлди ўша йили.

Лекин Нетаняҳу уларнинг армияга боришидан манфаатдор эмас, чунки беқарорлик бўлишидан қўрқади. Энди Нетаняҳу янги қарорга ортодоксалларни ҳарбий хизматга жалб қилмаслик бўйича банд киритди, ҳарбий генераллар бунга қарши чиқди. Шу сабаб Нетаняҳу ҳарбийларни кўпайтириш учун ҳарбий хизмат ёшини 35 ёшгача кўтармоқчи бўлди, аммо бу ҳам ҳарбийлар ўртасида норозиликка сабаб бўлади. Мудофаа вазири шундай бўлса, коалициядан чиқишини айтди. Коалициядан чиқиш қайтадан сайловга олиб келади, бунда эса Нетаняҳу ҳокимиятга қайтиб келмаслиги мумкин.

Исроил жамиятида Нетаняҳуга нисбатан ишончсизлик бор. Ўнг ортодоксаллар ғоялари жамиятга ҳам таъсир қиляпти. Шундай зиддиятли ҳолат Нетаняҳу коалициясида бўлинишни юзага келтиряпти. Ҳарбий хизмат ёшини кўтарса, норозилик бўлади, ортодоксалларни ҳарбий хизматга олса, улар таъсирида урушга қаршилар кўпаяди. Нетаняҳу «Ҳизбуллоҳ»дан қанчалик ҳайиқса, ичкаридаги шундай ҳолатдан ҳам шунчалик қўрқади.

Камолиддин Раббимов: — Яқинлари асирликда қолаётган намойишчилар Исроил парламентига бостириб кирган. Исроил ичида ҳам, Нетаняҳу атрофида ҳам инқироз анча кучли. Йилдан йилга Исроилда ҳокимият вертикали кучайяпти, ҳуқуқий давлатчилик даражаси пасайяпти. Умуман, Исроилни хуқуқий давлат деб бўлмайди. Араб фуқаролар иккинчи даражали фуқаролар, яҳудийларнинг ўзида ҳам сўллар, ўнглар ва ултра ўнглар бор. Нетаняҳу ҳукумати ултра ўнг ҳисобланади. Сионистик тузум динга эмас, яҳудий миллатчилигига эътиқод қилишимиз керак, дейди. Шунинг учун ҳам диний ва дунёвий қатлам ўртасида зиддият бўлади.

Давлат парламентар бошқарувда, президент давлатни ташқи дунёга тақдим этади. Лекин давлатни ҳукумат бошқаради. Ҳукуматни сайловларда қайси партиялар кўпроқ ўрин олса, ўшалар шакллантиради (50 фоиздан кўп овоз олган партия мутлақ ўзи шакллантириши мумкин). Лекин ҳеч қачон Исроилда битта сиёсий партия тўлақонли монополистик ҳокимиятни, ҳукуматни шакллантира олмаган. Шунинг учун доим коалиция бўлган ва бир нечта партия келишиб, биргаликда ҳукумат тузади, кимдир бош вазир бўлса, яна бири мудофаа вазири, ташқи ишлар вазири ва шунга ўхшаш ҳолат.

Исроилда мана шу парламентар бошқарув сиёсий инқирозларнинг кучли бир сабабчиси ҳам. Исроил мана бу давлат тизимини ўзгартира олмайди. Чунки қолганлар рози бўлмайди. Парламентар бошқарув Исроилда ҳокимиятнинг тезда йиғилишига ва ичкаридаги сиёсий инқирозларга ва тез-тез бўлиб турадиган сайловларга сабабчи бўлган. Бир томондан, Исроил демократик давлат, иккинчи томондан унинг демократияси ички сегрегацияга асосланган. Ҳиндистонда мусулмонларни сегрегация қилиш, Исроилда фаластинлик ёки этник араб бўлган Исроил фуқароларини сегрегация қилиш ҳолати мавжуд. Лекин ичкарида демографик вазият секин-секин ўзгариб боряпти. Яъни Исроилда инқироз бир қанча қаватдан иборат ва Нетаняҳу ҳукумати мана шу инқирозлардан қандай чиқишни билмасдан ҳам ташқи душман образини яратишда кўпинча манфаатдор бўлган.

— Ҳозирги вақтда Нетаняҳу ҳокимиятига ташқи босим кучлими ёки ички босим?

— Иккиси ҳам мисли кўрилмаган даражада кучли. Бир вақтлар советлар иттифоқи даврида дунё икки қутбдан иборат эди ва у пайтдаги Исроил ҳукмдорлари бугунги кундаги каби ашаддий инсон ҳуқуқларини бузиш даражасига чиқмаган, жиноятлар қилган, лекин бугунгидек эмас. 7 октябрдан бери 30 мингдан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилди. Халқаро ташкилотларнинг вакиллари очиқ-ойдин ўлдириляпти. Исроил ўзининг ҳаётийлигини таъминлаш учун жиноятлардан бошқа йўл топа олмаяпти ва айни пайтда у келажакдаги инқирозларини борган сари ошириб боряпти.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг