12:30 / 21.08.2024
85

Уруш бошланганидан буён Россияда реал инфляция 70 фоиздан ошди

Уруш бошланганидан буён Россияда реал инфляция 70 фоиздан ошди
Фото: delfi.lt
Уруш бошидан буён реал истеъмол саватчасига қараб ҳисобланган йиғинди инфляция 2024 йилнинг июлига келиб 71,4 фоизга етган. 2022 йилнинг февралидан буён озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, ювиш воситалари, шахсий гигена воситалари, дори-дармон, кийим-кечак каби кундалик маҳсулотларнинг нарх индекси шунчага ошган, дейилади “Ромир” тадқиқот ҳолдинги ҳисоб-китобларида.

500 маҳсулот ва хизматлардан иборат виртуал саватчага қараб ҳисоб-китоб қиладиган Росстатдан фарқли ўлароқ, “Ромир” Россия шаҳарларида 2008-2023 йилларда амалга оширилган 15 млн реал харид асосида нархларни ўлчайди.

Шундай қилиб, жорий йил бошидан июл ойи охиригача Россияда инфляция 9,6 фоизни ташкил этган ва расмий рақамдан 1,9 баробар юқори экани ойдинлашган (Росстатга кўра бу рақам 5,06 фоиз). Июл ойи якунига кўра маҳсулотларнинг йиллик инфляцияси (FMCG) 21,2 фоизни ташкил этиб, Росстат рақами (6,7 фоиз) дан 2,3 баробар юқоридир.

Очиқ статистиканинг тўрт ярим йили ичида ўртача статистик Россия оиласининг истеъмол саватчасидаги нархлар икки баробардан зиёдроққа сакраган: FMCG индекс-дефлятори 127,5 фоизга ошган.

Росстат июл ойида Россиядаги инфляцияни 9,1 фоизга баҳолаган ва бу 2023 йилнинг февралидан буён энг катта қиймат бўлди. Ойлик инфляция 1,14 фоизга тенг бўлган (июн ойига нисбатан нархлар шунчага ўсган) ва 2022 йилнинг апрелидан буён рекорд даражага етган.

Росстат баҳолашларига кўра, озиқ-овқат инфляцияси 10 фоизгача тезлашган ва 2023 йил июл ойи қийматидан қарийб 5 баробарга ошган. Ўтган йилга нисбатан олиб қаралганда тухум нархи 37 фоизга, сабзавотлар 17 фоизга, гўшт 13 фоизга ошган. Йил бошидан буён картошка 90 фоизга, сабзи 54 фоизга, карам 50 фоизга, олма 33 фоизга қимматлаган. Июл ойида Россия марказий банкининг буюртмасига кўра жамоатчилик фикри фонди томонидан ўтказилган сўровда россияликларнинг қарийб ярми — 46 фоизи сўнгги ой ичида нархлар “жуда кескин ошгани”ни таъкидлаган, 63 фоиз сўралганлар эса бу тенденция сақланиб қолишини айтган.

Мудофаа заводларига триллион рубллаб пул ётқизиш ва урушга ёлланганларга юз минг рубллаб маош тўплаш иқтисодиётни пулга тўлдирган. Инфляцион ёнғинни ўчириш учун РФ МБ ўтган йили беш марта асосий ставкани кўтаришга мажбур бўлган, бу йил эса уни 18 фоиз даражада белгилаган, бу эса урушнинг дастлабки ойларидаги “шок”дан сўнг энг юқори қиймат ҳисобланади.

РФ МБ ўзининг яқин йиғилишларида сиёсатни янада қатъийлаштириш имкониятини кўриб чиқади. Бироқ реалликда вазиятга кўп ҳам таъсирини ўтказа олмайди, демоқда иқтисодчи Наталя Зубаревич: «Токи бюджет пуллари шиддат билан иқтисодиётга, биринчи навбатда мудофаа секторига қуйилаётган экан, асосий ставкани ошириб инфляцияга қарши курашиш жуда қийин бўлади», деган у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Уруш бошланганидан буён Россияда реал инфляция 70 фоиздан ошди