2003 йил ноябрда Грузияда “атиргул инқилоби” рўй бериб, СССРда катта нуфуз қозонган, юқори давраларда “кулранг тулки” лақаби билан танилган Эдуард Шеварднадзе истеъфога чиққан ва мухолифатчи Саакашвили раҳбариятга келганди. У халқни кескин ислоҳотлар заруратига ишонтира олди ва саноқли йиллар ичида Грузияни қолоқ давлатлар қаторидан олиб чиқа олди.
Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳақида рус пропагандаси сабаб постсовет маконида кўпчилик салбий тасаввурга эга, аслида-чи? Kun.uz “Тарихдан ҳикоялар” рукнида бу гал исми доим ислоҳот деган сўз билан ёнма-ён ишлатиладиган Саакашвилининг ҳаёт йўли билан таништиради.
Ғарб таълими маҳсули
Михаил Саакашвили 1967 йил пойтахт Тбилисида, зиёлилар оиласида туғилган. Отаси – Николоз Саакашвили асли арман миллатига мансуб шифокор. Онаси – Гиули Аласания эса профессор-тарихчи, турколог. Турли хил келишмовчиликлар ортидан ота-онаси ҳали у туғилмасиданоқ ажрашиб кетади. Боланинг тарбиясида ўгай отаси – профессор-психолог Зураб Кометани ва тоғаси, СССР КГБ собиқ полковниги Темур Аласания муҳим рол ўйнайди.
Михаил Саакашвили
Яқинлари ёшлигиданоқ Михаилнинг таълим олишига алоҳида эътибор беришади. Онаси ўғлининг чет тилларини ўрганиши учун алоҳида репетитор ҳам ёллайди. Шу сабабли Михаил грузин тилидан ташқари инглиз, француз, рус, украин ва испан тилларида гаплаша олади.
Саакашвилининг шахс сифатида шаклланишида Грузия фақат таваллуд маскани сифатидагина тилга олинади. Бўлажак президентнинг талабалик йиллари хорижда ўтган, дастлабки жиддий иш фаолияти ҳам Грузиядан ташқарида бошланган.
Михаил дастлаб Киевда халқаро ҳуқуқ бўйича таҳсил ола бошлайди. Кейинчалик АҚШ Давлат департаменти стипендияси соҳиби сифатида нуфузли Колумбия университетида магистрлик илмий даражасини, Жорж Вашингтон университетида эса докторлик ишини муаффақиятли ҳимоя қилади.
Саакашвилининг талабалик йиллари
У Ослодаги Норвегия Инсон ҳуқуқлари институтида, кейинчалик Ню-Йоркдаги адвокатлик фирмаларида ишлайди. Бу ерда Михаил МДҲдаги Америка нефт ва газ лойиҳаларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Бу тажрибалар унга халқаро майдонда қандай ишлашни, дипломатик музокаралар олиб боришни ва халқаро ҳуқуқни амалиётга татбиқ этишни ўргатади.
Ёш ислоҳотчи
1995 йили Саакашвили ўша пайтдаги Грузия президенти Эдуард Шевернадзенинг таклифи билан ватанига қайтади. Иқтидорли ёш сиёсатчи шиддат билан мартаба пиллапояларидан кўтарила бошлайди. Саакашвили шу йилнинг ўзида Грузия парламенти депутатлигига сайланди. 1996 йилда эса қонун чиқарувчи идоранинг Конституция ва қонунчилик масалалари қўмитаси раиси этиб тайинланади. У бу пайтда эндигина 28 ёшда эди. Бир неча хорижий тилларни биладиган, чет элдаги нуфузли университетларда таҳсил олган тбилисилик йигит кўпчилик эътиборига тушади.
Михаил Саакашвили, Зураб Жвания, Нино Бурджанадзе ва Эдуард Шеварднадзе
2000 йилда Саакашвили адлия вазири этиб тайинланади, лекин бу лавозимда кўп вақт ишламайди. Вазирликка келиши биланоқ бир қатор жиддий таклифларни илгари суради. Хусусан, мансабдор шахслар учун мажбурий наркологик текширув жорий этишга ҳаракат қилиб, ўзи биринчилардан бўлиб таҳлил учун қон топширади. Давлат хизматчилари мол-мулкининг келиб чиқиши қонунийлигини исботлай олмаса, уларни мусодара қилишни таклиф этади. Шунингдек, барча чечен сепаратистларини мамлакатдан чиқариб юбориш кераклигини ёқлаб чиқади.
2001 йилнинг сентябрида Саакашвили Шевернадзе ҳукуматини порахўрлик ва коррупцияда айблаб, вазир лавозимидан ўз ихтиёри билан истеъфога чиқади. Ўша пайтда кўпчилик Мишанинг “ёшлик ва тажрибасизлик” қилгани ҳақида гапира бошлади, аммо Саакашвили анча узоқни кўзлаб иш тутганди. Кўп ўтмай у “Миллий ҳаракат” деб номланувчи мухолиф сиёсий ташкилот тузади. Жамиятда катта обрў ва ҳурмат қозониб бораётган Михаилга эргашувчилар кўп эди. Тез фурсатда ташкилот аъзолари сони 20 минг кишига етади. 2002 йилда жанжалкаш сиёсатчи Тбилиси қонунчилик ассамблеяси раислигига келади.
“Атиргул инқилоби” ва президентлик томон йўл
2003 йилнинг октябр ойида Грузияда парламент сайлови бўлиб ўтади. Унда амалдаги президент Эдуард Шеварднадзе ва унинг иттифоқчилари ғалаба қозонди. Аммо эълон қилинган натижалар халқаро кузатувчилар ва мухолифат томонидан тан олинмайди. Сайловнинг сохталаштирилганидан норози бўлган “Миллий ҳаракат” партияси раҳбари Михаил Саакашвили ва Нино Буржанадзе бошчилигида мамлакатда норозилик намойишлари бошланади. Тарихда бу “Атиргул инқилоби” деб номланади.
Мухолиф сиёсатчи Михаил Саакашвили Атиргуллар инқилоби вақтида Тбилисидаги Грузия парламенти биноси ёнида, 2003 йилнинг 22 ноябр куни.
Фото: Gleb Garanich/Reuters
Ноябр ойининг ўрталарига келиб, Грузия пойтахти Тбилисида оммавий намойишлар бошланди. Вақт ўтиши билан бу намойишлар мамлакатнинг бошқа шаҳарларига тарқалди. 2003 йилнинг 22 ноябрида мухолифат тарафдорлари парламент биносини эгаллаб олиб, Шеварднадзенинг истеъфога чиқишини талаб қилади.
23 ноябр куни Грузия президенти Шеварднадзе ва мухолифат лидерлари ўртасида музокара бўлиб ўтади. Россия ташқи ишлар вазири Игор Иванов воситачилигида ўтган музокаралардан кейин Шеварднадзе ўзининг истеъфога чиққанини эълон қилади. Президентлик вазифасини вақтинча Нино Буржанадзе ўз қўлига олади. Шундай қилиб, “Атиргул инқилоби” натижасида Грузияда қон тўкмасдан ҳокимият алмашинуви амалга ошади. 2004 йилнинг январ ойида президентлик сайловида Михаил Саакашвили 96 фоиз овоз билан ғалаба қозониб, ҳокимиятни ўз қўлига олади.
Михаил Саакашвили Тбилисидаги Озодлик майдонида АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жорж Бушни кутиб оляпти, 2005 йил май ойи.
Саакашвилини грузинлар нега яхши кўради?
Саакашвилига мерос бўлиб қолган мамлакатни ривожланган давлат дейиш қийин эди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, совет иттифоқи парчаланганидан кейин Грузия ялпи ички маҳсулоти 44 фоизга камайиб кетган, гиперинфляция йилига 9 000 фоизгача етади.
Мамлакатда солиқ йиғишнинг иложи йўқ эди, ҳукумат хавфсизликни таъминлаш, қонун ва тартибни сақлаш каби асосий функцияларни бажармасди. Бундан ташқари, Грузия амалда уюшган жиноятчилар назорати остида эди. Одамлар ўзларининг келишмовчиликларини ҳал қилиш учун судлар ўрнига “қонундаги ўғрилар” деб номланган жиноий авторитетларга мурожаат қилишарди. Кичик коррупция оддий грузинларнинг кундалик ҳаётида йўл полициясидан тортиб, то юқори элитагача, ҳар бир бўғинда учрарди.
АҚШда таълим олган ва бир қанча хорижий тилларни яхши биладиган Саакашвили ўз атрофига либерал ёш мутахассислар жамоасини тўплаб, ислоҳотларга киришади.
Коррупцияга қарши кураш. Аксарият постсовет мамлакатларида бўлгани каби, Грузияда ҳам сиёсий қадриятлар тизими давлат мулкини ўғирлашнинг ёмон жойи йўқ, деган зеҳниятга асосланар эди. Илк қадам сифатида юқори лавозимларда ишловчи аксарият мансабдорлар коррупция борасида тажрибаси йўқ иштиёқманд ёшлар билан алмаштирилади.
Давлат ташкилотлари тугатилиб, агар уларни сақлаш лозим деб топилса, қайтадан ташкил этила бошланади. Бунда барча ходимлар тўлиқ ишдан бўшатилади ва ташкилот нолдан янги функционал мажбуриятлар, янги тузилма ва янги одамлар билан қайта тузилади. Энг ёрқин мисол – йўл полицияси эди. Хизмат бутунлай бекор қилинди ва икки ой ичида нолдан Америка типидаги патрул полицияси яратилди. Дастлабки ойларда медиада янги “йўл полицияси”нинг пора олаётгани акс этган, яширин камерада олинган суратлар кўпайиб кетади. Қўлга олинган полициячилар 50 доллар пора эвазига ҳам 10 йилга қамала бошлайди. Бу пора олмаслик керак деган тушунча пайдо бўлгунча давом этади. Натижада аҳолининг полицияга ишонч даражаси 2003 йилдаги 5 фоиздан 2010 йилда 84 фоизгача ошади. Бу туризмнинг сезиларли даражада ўсишига ҳам таъсир қилади.
Шу тариқа, давлат хизматчилари иш ҳақининг кескин равишда ошириб борилиши ва коррупция учун жазонинг кучайтирилиши “кундалик” порахўрликни амалда йўқ қилади. Ойликлар пора олмасдан ҳам яшаса бўладиган даражага олиб чиқилади. Мамлакатда ҳеч бир давлатда бўлмаган “криминал авторитетлар ва рэкет” тўғрисида қонун қабул қилинади. Шу аснода Грузияда 300 дан ортиқ криминал авторитет қўлга олинади.
Таълим. Таълим соҳасидаги ислоҳотнинг асосий ғоясига биноан, давлат томонидан ажратилаётган пул мактабга эмас, ўқувчиларга бериладиган бўлади. Дастлабки босқичда алоҳида шахсларга таълим ваучерлари тарқатилади, бу мактабларга бериладиган тўғридан тўғри субсидияларнинг ўрнини босади. Ўқувчилар ва ота-оналар мактабни эркин танлайдиган бўлади. Таълим муассасалари ўқувчилардан олган ваучерларни нақд пулга айлантириши мумкин эди. Бу эса мактаблар ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтирди, хусусий мактаблар очилиши кескин ортишига сабаб бўлди.
Энергетика. Саакашвилигача электр энергияси таъминоти пойтахтда бир кунда бир неча соатгина, вилоятларда эса бундан ҳам кам берилар, давлат корхоналарининг ҳам ташқи, ҳам ички қарздорлиги ҳаддан зиёд ортиб кетган эди. Тизим ниҳоятда коррупциялашган, лекин жиноятчиларнинг танобини тортиб қўйишнинг деярли имкони бўлмаган. Электр энергияси тақсимоти билан шуғулланадиган компаниялар раҳбарлари маблағларнинг ўғирланиш ҳолатларини “тижорат йўқотиши” сифатида ҳисобдан чиқариб юбораверган.
Саакашвили ҳукумати энергетика соҳасида мустақил регулятор органни ташкил этади. Бу орган соҳани назорат қилиш ва бошқариш, тарифларни белгилаш, рақобатни ривожлантириш ва коррупциянинг олдини олиш билан шуғулланди. Етказиб берилган электр учун ҳақ тўланганига ишонч ҳосил қилиш учун ҳукумат тўлов йиғимлари даражасини сектор самарадорлигининг ягона кўрсаткичи деб эълон қилади. Бундан ташқари, улар мамлакатдаги энг йирик UDC дистрибюторлик компаниясини бир қанча минтақавий кластерларга бўлиб юборди. Шу тариқа Тбилиси свети ўчмайдиган, кўчалари чароғон шаҳарга айлантирилади.
Солиқ ислоҳоти ва ижтимоий ҳимоя тизими. Радикал солиқ ислоҳоти Грузияда амалга оширилган энг муваффақиятли ислоҳотдан бири бўлади. Солиқ ставкалари нисбатан юқори, яширин иқтисодиётнинг улуши катта бўлган мамлакатда бизнесни “соя”дан чиқаришнинг энг яхши йўли солиқларни пасайтириш деб топилди. Бу таваккал ва дадил қадам эди, чунки иқтисодиётнинг кўланкадан чиқишига, шунинг ҳисобига бюджет даромадлари ошишига ҳеч ким кафолат бера олмасди.
Солиқлар 2 марта: дастлаб 2004 йилда, сўнгра 2008 йил, Россия билан урушдан кейин камайтирилади. Натижада Грузияда чет эл инвестицияларини жалб қилиш ошади, ЯИМ ўсиши тезлашади, шунингдек, аҳоли учун янги ва кўпроқ маош тўлайдиган иш ўринлари яратилади. Солиқлар миқдори камайтирилиб, уларнинг тури 22 тадан 7 тага қисқартирилган бўлса-да, давлат бюджетига тушумлар миқдори каррасига ошади.
Ижтимоий ҳимоя доирасидаги ислоҳотлар эса субсидия ва нақд пулсиз имтиёзларни бекор қилишдан бошланади. Бунинг ўрнига энг кам даромадли ва эҳтиёжманд кишилар аниқланиб, уларга нақд пул кўринишида ёрдам кўрсатиш йўлига ўтилди. Пулни қандай сарфлаш эҳтиёжмандларнинг ўзига қўйиб берилади. Нақд пулсиз дотациялар ёки солиқ имтиёзлари бойларни янада бой қилиши, аммо камбағалларга нафи тегмаслиги эътироф этилади.
Саакашвили ҳукуматининг иқтисодий ислоҳотлари натижасида 2003 йилдан 2013 йилгача Грузия иқтисодиёти 70 фоизга ўсади, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса қарийб уч баробар ошади. Қилинган ўзгаришлар натижасида 2007 йилда Грузия ЯИМнинг ўсиш суръати мамлакат учун рекорд даража – 12 фоизни ташкил этади.
Россия–Грузия уруши
Россиянинг эҳтимолий тажовузидан ҳимояланиш ва Грузиянинг Ғарб ҳамжамиятига интеграциялашувини таъминлаш учун Саакашвили НАТО ва АҚШ билан хавфсизлик бўйича алоқаларни кенгайтиришга ҳаракат қила бошлайди. У Грузия қўшинларини Афғонистон ва Ироқда АҚШ бошчилигидаги коалиция таркибида жўнатади ва маълум вақтдан кейин Грузия Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда НАТОга кирмайдиган энг йирик иштирокчига айланади.
Михаил Саакашвили Владимир Путин билан, 2007 йил Санкт-Петербург
Грузиянинг НАТО давлатлари, хусусан, АҚШ билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги жуда фаол ривожлана бошлади. Ҳаттоки, 2008 йилнинг январ ойида мамлакатда НАТОга қўшилиш масаласида референдум ўтказилади ва унда қатнашганларнинг 77 фоизи бу ташаббусни қўллаб-қувватлайди. Саакашвили президентлиги даврида Грузия ҳарбий бюджетининг ўсиши бўйича жаҳон рекордини ўрнатади.
Саакашвили НАТО штаб-квартирасида
Бу воқеалардан қаттиқ ташвишга тушган Россия расмий Тбилисига бўйсунишни хоҳламаган ҳудудлар – Жанубий Осетия ва Абхазия аҳолисига Россия паспортларини беришни соддалаштиради ва тезлаштира бошлайди. Саакашвили ҳудудий можаролар сабаб НАТОга қўшила олмаслигини билар, шу сабаб аввало Абхазия ва Жанубий Осетия муаммосини ҳал қилиши керак эди. Афсуски, қизиққон Саакашвили буни тинч йўл билан эмас, ҳарбий куч билан амалга оширишга уринади.
2008 йил ёзда Грузия ва Жанубий Осетия ўртасидаги чегарада тез-тез қуролли тўқнашувлар содир бўла бошлайди. Берилаётган баёнотларда ҳар икки тараф ҳам бир-бирини айблайди.
Грузия президенти Михаил Саакашвили ва мудофаа вазири Давид Кезерашвили Цхинвал яқинида қўшинларни инспекция қилиш вақтида, 2008 йилнинг 10 август куни.
Ҳарбий ҳаракатлар расман 2008 йил 8 август куни Грузия қўшинларининг Жанубий Осетия пойтахти Цхинвалини ўққа тутишидан бошланади. Худди шуни кутиб турган Россия “тинчлик ўрнатиш операциясини”ни эълон қилиб, шу куннинг ўзидаёқ можарога қўшилади. Бу Европа қитъасида 21-асрда содир бўлган биринчи уруш эди. Актив ҳарбий ҳаракатлар 5 кун давом этади. Россия қўшини грузин армиясини тор-мор этади. Кейинчалик Россиянинг ўз мустақиллигини эълон қилган Жанубий Осетия ва Абхазияни тан олиши икки томонлама дипломатик алоқаларнинг бутунлай узилишига олиб келади.
Саакашвилини йиқитган “Грузия орзуси”
Грузия иқтисодиёти жадал суръатлар билан ўсиб бораётганига қарамай, мамлакатда янги ҳукумат сиёсатидан жабр кўрган олигархия ва мухолифатнинг либерал фикрли қисми томонидан Саакашвилининг ҳаракатларига нисбатан норозилик кучайди. Мутахассислар ва ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлаган асосий муаммолардан бири – суд ҳокимиятининг мустақил эмаслиги эди. Бу Грузия қамоқхоналарининг маҳбуслар билан гавжумлашишига олиб келади.
Саакашвили ҳукумати билан боғлиқ йирик жанжаллардан бири 2006 йилда, банк ходими Сандро Гиргвилиани ресторанда Ички ишлар вазирлигининг юқори мартабали амалдорлари билан жанжаллашиб қолганидан кейин, ўлик ҳолда топилгани ортидан бошланди. Қотилликда айбдор деб топилган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тез орада амнистия акти билан озод этилади.
2007 йил ноябр ойида расмийлар Россиянинг Грузия ички ишларига аралашувини баҳона қилиб, минглаб мухолифатчилар намойишини зўравонлик билан тарқатиб юборади. Айнан ушбу воқеа Саакашвилининг демократик қадриятларга содиқлиги борасида шубҳаларни кучайтиради.
Саакашвили 2008 йилдаги сайловда ҳам ғалаба қозонган бўлса-да, олдинги натижасига нисбатан анча кам, бор-йўғи 52 фоиз овоз тўплашга эришади. Жанубий Осетиядаги қуролли можаро унинг мамлакатдаги мавқейини жиддий обрўсизлантиради.
Тбилисида Грузия президенти Михаил Саакашвилининг истеъфосини талаб қилган мухолифат митинги, 2009 йил
2010 йилда Ғарбнинг Саакашвилига бўлган ишончи жиддий синовдан ўтади. У қонун бўйича учинчи муддатга президентликка сайлана олмасди, шу сабабдан мамлакатни президентлик республикасидан парламент республикасига айлантиришни назарда тутувчи референдум уюштиради. Ҳукуматга қарши намойишлар тўхтамайди. 2012 йилда тўққиз йиллик ҳокимиятдан сўнг, Саакашвилининг партияси руспараст бизнесмен Бидзин Иванишвилининг “Грузия орзуси” коалициясига ютқазади.
Бидзин Иванишвили
Иванишвилининг каолицияси биринчи кунданоқ репрессияни бошлайди ва дарҳол Саакашвили ва унинг жамоасини таъқиб қилишга ўтади. Таъқиблардан қўрққан Саакашвили Грузияни тарк этади, мамлакатда унга қарши тўртта жиноий иш очилади. 2015 йилда сиёсатчи Грузия фуқаролигидан воз кечганини эълон қилади.
Жанжалкаш Саакашвили
2014 йилда Украинада ҳокимият алмашишига олиб келган инқилоб содир бўлади. Руспараст етакчи Виктор Янукович мамлакатдан қочиб кетади ва Европа Иттифоқи билан интеграцияга эришишга ваъда берган Пётр Порошенко президентликка келади. Саакашвили ва Порошенко эски танишлар эди. Михаилнинг ғарбпараст ислоҳотчи сифатидаги обрўси уни Украина сиёсатига жалб қилишнинг асосий омилига айланади.
Пётр Порошенко ва Михаил Саакашвили. Фото: Николай Лазаренко, Коммерсант
Порошенко фармони билан Саакашвилига Украина фуқаролиги берилади. У дастлаб президент маслаҳатчиси бўлиб, коррупцияга қарши кескин чиқишлар қилади. Масалан, Саакашвилининг ҳужумига учраган мамлакат бош вазири Арсений Яценюк кейинчалик истеъфога чиқарилади.
Кейин Саакашвилига Одесса вилояти губернаторлиги ишониб топширилди. Бу лавозимда Миша ўзини Украинага олиб келган Порошенкони ҳам аямай танқид қила бошлайди. Уни губернаторликдан четлатишгач, президент Порошенконинг импичментини талаб қилиб, норозилик акцияларида фаоллик кўрсатади. “Пичоқ суякка қадалгач”, Порошенко Саакашвилига ўзи берган Украина фуқаролигини бекор қилдиради.
Михаил Саакашвилининг Киевдаги квартирасида ўтказилган тинтувлар давомида қўлга олиниши, 2017 йилнинг 5 декабр куни.
Фото: Евгений Малолетка / АР
2021 йилнинг октябрида, бир неча йиллик қочқинликдан сўнг, Саакашвили Грузияга яширинча қайтади. У бу қарорни мамлакатда бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлар олдидан қабул қилади ва сиёсий ўзгаришларни амалга оширишга интилади. Бироқ унинг қайтиши дарҳол эълон қилинади ва Грузия ҳукумати томонидан ҳибсга олинади.
Айни пайтда у тўққиз йиллик қамоқ жазосини ўтаяпти. Собиқ президент бюджет маблағларини талон-торож қилиш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, 2005 йилда депутат Валерий Гелашвилининг шафқатсизларча калтакланишини ташкил қилиш ва 2008 йилда қотилликда айбланган Гуржистон Ички ишлар вазирлигининг тўрт нафар юқори мартабали амалдорига берган амнистияси учун айбдор деб топилган. Норозилик белгиси сифатида Саакашвили қамоқхонада кўп маротаба очлик эълон қилди. Унинг соғлиғи бир неча бор оғир деб тан олинди ва 2022 йилдан бери хусусий клиникада ҳибсда сақланяпти.
56 ёшли Саакашвили ўзини “Путиннинг маҳбуси” деб атайди ва қўйилган барча айбловларни сиёсий мотивга эга таъқиб деб ҳисоблайди.
Михаил Саакашвили, Атиргул инқилоби, ҳибсхона, Путиннинг маҳбуси “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди