date

Ўн йилликдаги энг кескин тўқнашув: Таиланд йўл танлади

Ўн йилликдаги энг кескин тўқнашув: Таиланд йўл танлади
Таиланд – Камбоджа чегарасидаги можаро кучаймоқда, мамлакатлар бир-бирини айблашда давом этмоқда.

Таиланд Камбоджа билан юзага келган қуролли тўқнашув бўйича халқаро воситачилик таклифларини рад этди. Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат можарони фақат икки томонлама музокаралар орқали ҳал қилишни исташини маълум қилди.

Сўнгги икки кун ичида Таиланд ва Камбоджа чегарасида артиллерия ўқларининг алмашуви кузатилмоқда. Бу Жанубий-Шарқий Осиёдаги икки қўшни давлат ўртасидаги охирги ўн йилликдаги энг кескин ҳарбий қарама-қаршиликлардан бири ҳисобланмоқда. Можарода ҳозирга қадар камида 16 киши, асосан Таиланд фуқаролари ҳалок бўлгани билдирилмоқда.

Таиланд ташқи ишлар вазирлиги вакили Никорндеж Баланкура Реутерс агентлигига берган интервюсида шундай деди:“Ҳозирча бизга учинчи давлатларнинг воситачилиги зарур эмас. Бу икки давлат ўртасидаги низо ва энг самарали ечим – икки томонлама механизмлар орқали музокаралардир.”

АҚШ, Хитой ва айни пайтдаASEAN'га раислик қилаётган Малайзия можарони юмшатиш учун воситачилик таклиф қилган эди. Аммо Таиланд бу таклифларни рад этиб, Камбоджани биринчи бўлиб чегара бўйича ҳужумларни тўхтатишга чақирмоқда.

Можаро пайшанба куни, узоқ йиллардан бери суверенитет борасида тортишувлар бўлаётган баҳсли ҳудудда бошланган. Дастлаб енгил қуролли отишма бўлган бўлса, кейинчалик бу артиллерияга айланган.

Таиланд Камбоджа томонини яқинда ўрнатилган ерга қўйилган миналар туфайли ўз ҳарбийлари яралангани учун айбламоқда. Камбоджа эса бу айбловларни рад этмоқда.

Камбоджа Бош вазири Ҳун Манет эса можаро юзасидан БМТ Хавфсизлик Кенгашини фавқулодда йиғилиш чақиришга ундаб, Таиландни “режалаштирилган ва асоссиз ҳарбий агрессияда” айблади. БМТ мазкур масалани ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилишини билдирди.

Шу билан бирга, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, ASEAN раҳбари сифатида, ҳар икки давлат етакчилари билан суҳбатлашиб, вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга чақирди.

Таиланд ташқи ишлар вазири сўзларига кўра: “Агар ASEAN оиласи икки томонлама конструктив музокараларга қайтишни қўллаб-қувватласа, биз бунга очиқмиз.”

Чегарадаги вазият айни пайтда хавотирли бўлиб қолмоқда, томонлар бир-бирини провокацияда айблаётган бир пайтда, ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Таиланднинг позицияси аниқ – можаро халқаро воситачиларсиз, фақат икки давлат ўртасида ҳал этилиши керак.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўн йилликдаги энг кескин тўқнашув: Таиланд йўл танлади