Фото: Reuters
Бир ойдан кейин, 5 ноябр куни америкаликлар янги президентни сайлашади. Бу сайловлар тақдирини иккиланувчи штатлар (swing states) деб ном олган етти штатдаги сайловчилар ҳал қилади, чунки улар гоҳ республикачиларга, гоҳ демократларга овоз беради.
Доналд Трамп ва Камала Ҳаррис Аризона, Висконсин, Жоржия, Мичиган, Невада, Пенсилвания ва Шимолий Каролинада қақшатқич кураш олиб бормоқда — энг кўп митинглар шу ҳудудларда ўтказилиб, энг кўп маблағ шу ҳудудлар учун телевизион рекламаларга сарфланмоқда. Бу штатларни кўпинча battleground деб ҳам аташади, инглизчадан таржимаси «жанг майдони» маъносини беради.
Озчилик ҳокимияти
Алоҳида штатларнинг муҳимлиги Америкадаги овоз бериш тизими билан боғлиқ, унга кўра президент тўғридан тўғри овоз бериш орқали эмас, балки сайловчилар ҳайъати томонидан сайланади. Энг кўп сайловчи овозига эга бўлган номзод эмас, 538 нафар делегатдан камида 270 нафарининг овозини қўлга киритган номзод ғолиб чиқади. Масалан, 2016 йилда Ҳиллари Клинтон учун овоз берган сайловчилар сони ғолиб Трампга овоз берганлардан уч миллионга кўп эди.
Бу федератив конституцион тузилиш билан боғлиқ: техник жиҳатдан, аввалига ҳар бир штат аҳолиси овоз беради, кейин делегатлар ўз овозларини штат ғолиби учун беришади. Америкаликларнинг кўпчилиги бу тизимни бекор қилишни ёқлайди, аммо сиёсатчилар уни ўзгартиришга тайёр эмас.
Штатларнинг кўпчилигидаги натижани олдиндан айтиш мумкин, чунки улар азалдан аниқ сиёсий йўналишга эга ва бу ўнлаб йиллар мобайнида ўзгармайди. Ню Йоркда республикачи номзод ғолиб бўлиши охирги бор 40 йил муқаддам, Роналд Рейган иккинчи муддатга сайланганида кузатилган; жанубдаги қатор штатлар охирги бор 60 йил олдин, Жон Кеннеди ўлимидан кейин демократ номзод учун овоз берганди. Ижтимоий сўровлар кўрсатишича, бу йил ҳам кўп нарса жиддий ўзгармайди.
Аммо сайловларда ғолиб бўлиш учун либерал ёки консерватив штатлардаги устунликнинг ўзи етарли эмас. Фақат Барак Обама иккиланувчи штатларнинг барчасида ҳеч бўлмаганда бир мартадан ғолиб бўлган; 2016 йилда уларнинг кўпчилиги Трампни, 2020 йилда — кўпчилиги Жо Байденни қўллаган.
Шу билан бирга, мазкур штатлар аҳолиси сиёсий принципларини қўлқоп каби алмаштиришини англатмайди. Улардаги сайловчиларнинг аксари, худди бутун мамлакатдаги каби, сайлов куни кимга овоз беришини билади. Масалан, Висконсиндаги саноатлашган Милуоки шаҳри ва сиёсий марказ ҳисобланган Мэдисон асосан демократларга овоз беради, уларнинг атрофидаги қишлоқ округлари эса республикачиларга овоз беришни афзал кўради.
Аммо бу штатларнинг барчасида республикачилар тарафдори бўлган ва ўзини демократ деб биладиган сайловчилар сони тахминан тенг ва сайлов натижаси озчиликни ташкил этадиган беқарорларнинг танловига боғлиқ. Мавҳумлик улар қарор қилишда қийналиши билан боғлиқ эмас. Ижтимоий сўровларнинг кўрсатишича, бу сайловчилар сиёсатни у қадар қизиқиб кузатишмайди. Машҳур бўлган комедияда бундай тоифадаги сайловчилар ижтимоий сўровда уларга «президентликка номзодларнинг исми нима?» ва «сайловлар қачон?» каби саволлар бериш орқали тасвирланади.
Аммо уларга бефарқлик билан қараш номзодларга қимматга тушиши мумкин. Ҳиллари Клинтон 2016 йилги сайловолди кампанияси чоғида Висконсинга келмаганди ва буни унинг сайлов штабининг ҳал қилувчи хатоларидан бири деб билишади. Якунда у Обама икки сафар ҳам ишончли ғалабага эришган мазкур штатда ютқазганди.
Оқ уйга Пенсилвания орқали
Собиқ президент, республикачилар номзоди Доналд Трамп бу сафарги сайловолди циклини фаворит сифатида бошлаганди. У амалдаги президент Жо Байденни баҳордаги барча ижтимоий сўровларда ортда қолдирган, июндаги дебатларда ғолиб бўлган ҳамда июл ойидаги суиқасддан омон чиққанди. Қайсидир паллада унинг ғалабаси муқаррар бўлиб кўрина бошлаганди.
Бу эса демократларни Байденни пойгадан чиқиб, вице-президент Камала Ҳаррисга имкон беришга ундашга мажбур қилди. Натижада АҚШ президентлиги сайловлари тарихида олдин кузатилмаган воқеа рўй бериб, овоз беришга тўрт ой вақт қолганида пойганинг бориши ўзгарди. Ҳаррис дарҳол демократ сайловчилар орасидаги энтузиазм тўлқинида ижтимоий сўровларда Трампдан ўзиб кетди.
Обама иккиланувчи штатларда фаол кампания ўтказган ва уларда ғолиб чиққан; Ҳиллари Клинтон эса сайловолди кампанияси вақтида Висконсинга бормаган ва ютқазганди
Аммо кузга келиб бу энтузиазм сўнди ва шу нарса аёнлашди: олдиндаги сайловлар сўнгги ўн йилликлардаги натижасини олдиндан айтиш энг қийин бўлган сайловга айланади.
Ҳаррис ҳам, Трамп ҳам бир нечта иккиланувчи штатларда ғолиб чиқиши керак. Турли ижтимоий сўровлар маълумотларини бир жойга жамлаган таҳлилга кўра, ҳозирда Ҳаррис Трампни Мичиган, Невада, Пенсилвания ва Висконсинда 1-2 фоизга ортда қолдирмоқда, Трамп эса Жоржия ва Аризонада тахминан 1 фоизлик устунликка эга.
Шимолий Каролинада ижтимоий сўровлар номзодларни қўллаб-қувватлов даражаси тенглигини кўрсатмоқда, аммо аслида бу штатларнинг барчасидаги имкониятларни тенг ҳисоблаш мумкин, чунки томонларнинг бирортаси фойдасига бўлган 1-2 фоизлик фарқни социологлар статистик хатолик деб билишади.
2020 йилда Жо Байден Висконсинда Доналд Трампга қараганда 20 600 та кўпроқ овоз олиб ғолиб чиққанди. Бу сафар муҳим штатларда ғолиб ва мағлуб орасидаги фарқ янада кичикроқ бўлиши мумкин, демоқда таҳлилчилар.
Икки номзод учун ҳам ғалаба сари энг оддий ва тўғридан тўғри йўл Пенсилванияда устунликка эришиш бўлиши мумкин. АҚШ Конституцияси бўлган ушбу штатда 19 та делегат овози бўлади, бу бошқа иккиланувчи штатларнинг ҳаммасиникидан кўпроқ. Шунинг учун Ҳаррис ҳам, Трамп ҳам энг кўп митинг ва ташвиқот тадбирларини айнан шу штатда ўтказмоқда, шунингдек бу ерда телевизион реклама учун энг кўп маблағни сарфламоқда — New York Times нашри ёзишича, бундай харажатлар жами 138 млн долларни ташкил этган.
Араблар Трампга илиқлик ҳис қилмоқда, поляклар Ҳаррисга кўз тиккан
Ҳаррис штабининг янги ролиги «Беқарор таҳдид» деб номланади ва унда Трампнинг собиқ иттифоқчилари — вице-президент Майк Пенс, унинг маъмурияти давридаги мудофаа вазири ҳамда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиларнинг унга мамлакат хавфсизлигини ишониб бўлмаслиги тўғрисидаги сўзлари келтирилади. Реклама иккиланувчи штатларнинг барчасидаги телеканалларда трансляция қилинмоқда.
Бу мамлакатнинг бошқа штатларидаги сайловчиларнинг кўпроқ қисми Ҳаррис жаҳон майдонида АҚШ манфаатларини ҳимоя қилишга кўпроқ қодирроқ деб билиши билан боғлиқ. Иккиланувчи штатларда эса — бунинг акси. Глобал сиёсат институти буюртмасига кўра ўтказилган сўровда бу ҳудудлардаги сайловчиларнинг 52 фоизи Трампнинг ташқи сиёсат бўйича истеъдодини Ҳаррисникидан юқорироқ ҳисоблаши маълум бўлган.
Америкада келиб чиқишига кўра араб бўлганлар Байден маъмуриятини «ҳарбий жиноят» ва «геноцид»га алоқадор деб ҳисоблайди — улар Исроилнинг сўнгги йил давомидаги ҳаракатларини шундай баҳолайди
Ҳарриснинг ташқи сиёсат масаласидаги энг заиф нуқтаси — Ғазодаги урушда Исроилни қўллашидир. У келиб чиқишига кўра араб бўлган ва Мичиганда кўпчиликни ташкил этадиган америкаликларда ғазаб ва ҳафсаласизлик уйғотган. Ҳаррис Байденнинг исроилпараст позициясидан масофа сақлаш имконияти бор эди, аммо у бундай қилмади.
Узоқ вақтгача улар сайлов натижасига таъсир қилмайди деб ҳисоблаб келинганди: ундан қанчалик кўнгли қолган бўлмасин, Америкадаги араблар ва мусулмонлар Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлайдиган Трампга ҳам овоз бермаслигига умид боғланганди. Трамп 2017 йилда президент сифатидаги илк қилган иши АҚШга қатор мусулмон давлатларнинг фуқаролари киришини тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолаш бўлганди. Танқидчилар бу фармонга «мусулмонларга тақиқ» деб ном берган.
Аммо яқинда ўтказилган ижтимоий сўровлар шуни кўрсатдики, жорий йилда илк бор келиб чиқишига кўра араб бўлган сайловчиларнинг кўпроқ қисми республикачилар номзодига овоз беришга тайёр. Ва Исроилнинг Ливанга бостириб кириши ва Байден маъмурияти буни қўллаб-қувватлагани ҳам бу тренд сақланиб қолишини англатади.
Ҳаррис бунинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилмоқда: чоршанба куни унинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Фил Гордон АҚШдаги мусулмонлар ва араб жамоалари вакиллари билан Zoom орқали йиғилиш ўтказди ва уларни демократлар Ғазода сулҳга эришиш ва Ливандаги можарони дипломатик воситалар орқали ҳал қилишда қатъият кўрсатишига ишонтирди.
Ҳаррис Шарқий Европадан келган диаспораларга ҳам мурожаат қилиб, Украина томон позициясида собитлиги ва Россия раҳбари Владимир Путин билан муросага бормаслигини таъкидлади — Трамп эса бу масалада бетарафлик танлаган. Унинг Путин Полша учун ҳам таҳдид солиб тургани ҳақидаги сўзлари Америкада келиб чиқишига кўра поляк бўлган аҳолининг эътиборини ўзига қаратди, муҳим штат Пенсилванияда поляк диаспораси — 700 минг кишига яқин бўлиб — улар аввалдан республикачилар тарафдори ҳисобланган.
Трампнинг ноқонуний миграцияга нисбатан кескин позицияси унга нафақат оқ танли сайловчилар, балки Лотин Америкасидан келиб, АҚШ фуқаролигини олганларнинг ҳам қўлловига эга бўлишини таъминлаган
Иккиланувчи штатлар мамлакатнинг турли қисмларида жойлашган ва бир-биридан демографик, иқтисодий ва иқлим жиҳатдан фарқланади. Бу оқ танли аҳоли ва ишчи синф вакиллари кўпчиликни ташкил этувчи, Америка корхоналари Хитойга кўчирилганидан кейин чуқур иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган Ўрта Ғарб (Мичиган, Висконсин) ҳам; аҳолисининг 30 фоизга яқинини лотин америкаликлар ташкил этувчи, ҳудудининг катта қисми саҳролардан иборат бўлган мамлакат ғарби (Аризона, Невада) ҳам; ва афроамерикаликлар улуши анча кўпроқ бўлган, мамлакат жанубидаги собиқ Конфедерация штатлари бўлмиш Жоржия ва Шимолий Каролина ҳам.
Тери ранги ва этнос энди яқин вақтгача бўлгани каби сиёсий имтиёзлар билан бевосита боғлиқ эмас. Келиб чиқишига кўра Лотин Америка мамлакатларига мансуб бўлган аҳолининг кўпчилиги парадоксал тарзда Трампни, жумладан унинг ноқонуний миграция масаласидаги қатъий позициясини қўллайди. Бу федерал миқёсда ҳам, айниқса жанубий штатларда сайловчиларни ташвишга солувчи ўткир муаммолардан биридир. Бу нима учун иккиланувчи штатлар сафидаги Аризона Трампга овоз беришини ҳам изоҳлайди. Штат Мексика билан чегарадош, чегаранинг Мексика томонини эса наркокартеллар назорат қилади.
Трамп томонидан қабул қилинган кескин чоралар чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатларини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам берганди. Байден эса бундай қарорларнинг кўпчилигини бекор қилди, бу эса бўлғуси мигрантларни рағбатлантирди. Якунда унинг бошқаруви даврида АҚШнинг Мексика билан жанубий чегарасини 8 миллионга яқин киши ноқонуний кесиб ўтди — бу Трамп бошқаруви давридаги (2,4 млн атрофида) билан солиштирганда уч карра кўпроқ.
Якунда Байден Трамп даврида жорий этилган чораларни қайтара бошлади ва Камала Ҳаррис ҳам шу йўналишда давом этишини ваъда қилган. Ўтган ҳафтада у Мексика билан чегарадаги Аризона округига бориб, бу ерда АҚШдан бошпана бериш қоидаларини қийинлаштириш ва ноқонуний миграцияни чеклашга қаратилган бошқа чораларни ваъда қилди.
Ҳозирча бу сайловчиларни — айниқса чегара ҳудудларда яшовчиларни ишонтира олмаган.
«Мен уни ва президент Байденни кузатдим. Бизда очиқ чегаралар сиёсати эди. Ҳозирда биз бу нимага олиб келганини кўриб турибмиз», — дейди маҳаллий фермер Жим Чилтон Ҳаррисга чегара ҳудудига қилинган сафарда ҳамроҳлик қилган BBC мухбирига.
Мамлакатдаги энг муҳим округ
Вице-президентликка номзод Тим Уолз Ҳаррисни тарғиб қилиш учун Небрасканинг 2-округига борган
Социологлар анъанавий иккиланувчи штатлардан ташқари Небраска штатидаги 2-сайлов округига ҳам алоҳида эътибор қаратишади. Бу ерда Небрасканинг аҳолиси энг зич жойлашган ва шаҳарлашган қисми, муваффақиятли молиявий-иқтисодий марказ Омаҳа шаҳри ва унинг чеккаларида яшовчи 600 мингдан ортиқ киши овоз беради.
Небраска — штатдаги делегатлардан барчаси бир номзодга овоз бериши бўйича қоидага амал қилмайдиган икки штатдан биридир (иккинчи шундай штат — Мэн, у доимо демократларни қўллайди). Небраска беш делегат овозига эга; шундан иккита овоз штат ғолибига берилади, яна уч овоз — учта сайлов округининг ҳар бирида ғолиб бўлганларга кетади. Ва штатнинг катта қисми барқарор равишда республикачиларга овоз бериб келса, 2-округда иккиланиш бўлади. 2008 йилда унинг аҳолиси Обамани қўллаган; 2020 йилда ҳам бу ерда овозлар Байденга берилган.
Бу бир овоз Ҳаррисга катта ёрдам бериши мумкин. Социологларнинг прогнозларига кўра, агар у Пенсилвания, Висконсин ва Мичиганда ғолиб чиқса, унда Небрасканинг 2-округидаги ғолиблик унга Оқ уйга кириш учун зарур бўладиган 270 делегат овозини йиғишни кафолатлаши мумкин.
Сайловлар арафасида Трамп мавжуд тизим бекор қилиниши ва Небраскадаги барча беш овоз бир номзодга берилишини кўзда тутувчи тизимга қайтарилишига ҳаракат қилди. Унинг иттифоқчилари штат пойтахтига музокаралар учун боришди ва маҳаллий газеталар у Небраска қонунчилик кенгаши аъзоларига уларни қоидани ўзгартиришга кўндириш учун шахсан қўнғироқ қилгани ҳақида ёзишди. Аммо ташаббус ўтмади ва олдиндаги сайловларда ҳам 2-округ ўз танловини амалга оширади.
Шуни таъкидлаш керакк, социологлар хато қилиши ҳам мумкин. 2016 йилги сайлов кампанияси давомида Ҳиллари Клинтон фаворит бўлган ва Трамп бирор марта ҳам уни ижтимоий сўровларда ортда қолдира олмаганди. Сайловлардан олдин социологлар у Висконсинда 83,5 фоиз, Мичиганда — 78,9 фоиз, Пенсилванияда — 77 фоиз овоз билан ғолиб чиқишини кутишганди. У эса учала штатда ва умуман сайловда ҳам ютқазди.
Бундан ташқари, сайлов куни яқинлашаркан, ҳар бир кутилмаган воқеа натижага мутаносиб таъсир кўрсатади. Масалан, 2016 йилги сайлов кунига бир кун қолганида ФҚБ директори Жеймс Коми Конгрессга мактуб ёзиб, агентлик Ҳиллари Клинтоннинг электрон хатлари бўйича янги тергов бошлаганини маълум қилганди. Унинг кўплаб тарафдорлари айнан шу мактубни мағлубиятнинг асосий сабабларидан бири деб билишади.
Доналд Трамп, Камала Ҳаррис, Аризона, Висконсин, Жоржия, Мичиган, Невада, Пенсилвания, Шимолий Каролина “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ғазода 2023 йил октябрь ойидан буён 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган...