Аёллар давраси: марказдаги 19 ёшли Жудия мажбуран турмушга чиқишдан қочиб, олти йил олдин Уможа қишлоғига келган. Қишлоқ 1990 йилда Британия аскарлари томонидан зўрланган 15 нафар аёл томонидан ташкил этилган.
Фото: Georgina Goodwin
Уможа ҳақидаги мақола The Guardian нашрида бундан тўққиз йил аввал чоп этилган. Аёллар ҳуқуқи ҳалигача долзарблиги туфайли Kun.uz мақолани ўқувчиларга ҳавола этмоқда.
2015 йилда қишлоққа ташриф буюрган The Guardian журналисти Жули Биндел Уможа аёллари билан суҳбатлашади, уларнинг бу ерга келиб қолиши тарихи билан қизиқади.
Жейн исмли аёл кўп йиллар аввал ҳарбий формадаги уч эркак томонидан зўрланганини айтди. Ўшанда у эрининг қўй-эчкиларини боқиб, ўтин тераётганди. “Воқеадан қаттиқ уялардим ва бу ҳақда бошқаларга айтолмасдим. Улар менга жуда даҳшатли ишлар қилишди”, — дейди Жейн изтиробга тўла кўзлари билан.
Аёл 38 ёшда, лекин анча катта кўринади. У оёғидаги чуқур чандиқни кўрсатди — уни ерга итариб йиқитишганида, оёғига тош кириб кетган. У паст, иккиланувчи овозда ҳикоясини давом эттирди.
“Ниҳоят қайнонамга касал эканимни айтишга мажбур бўлдим, чунки жароҳатларим ва тушкунлигимни қандайдир йўл билан тушунтиришим керак эди. Менга анъанавий дори-дармонлар беришди, аммо улардан фойда бўлмади. Қайнонам эримга (зўрлаш ҳақида) айтганида, у мени таёқ билан савалади. Шунинг учун болаларим билан яширинча бу ерга қочиб келдим”.
Уможа қишлоғи Кения шимолидаги Самбуру яйловларида жойлашган. Қишлоқ тиканли симлар билан ўралган, деб у ердаги манзарани таърифлади журналист. Атрофда эчкилар ўтлаб юради, товуқлар дон теради. Бамбук бўйраларда ўтирган аёллар ҳам гурунг қилиб, ҳам чаққонлик билан тақинчоқлар ясайди — улар ўз маҳсулотларини сайёҳларга сотиб, пул ишлайди. Сигир гўнги, бамбук ва шох-шаббалардан қурилган кулбалар томига қуёшда қуритиш учун кийимлар илинган. Болалар кундузги уйқуда. Сукунатни қушлар овози бузади. Бу оддий Самбуру қишлоғи, фақат бир нарсаси билан фарқ қилади: бу ерда бирорта ҳам эркак яшамайди.
Аёллар журналистни ашула ва рақслар билан қарши олди. Улар анъанавий самбуру кийимлари — нақшли юбкалар, ёрқин кўйлаклар кийишган, елкаларига канг (рангли ёпинчиқ) ташлаб олган. Бўйинларига ранг-баранг мунчоқлардан ясалган маржон таққан.
68 ёшли Сейта Линжима Уможа ҳақида миш-мишлардан эшитиб келган.
Қишлоқни маҳаллий Британия аскарлари томонидан зўрланган 15 нафар аёлдан иборат гуруҳ 1990 йилда ташкил этган. Эндиликда Уможа аҳолиси болалар никоҳи, аёлларнинг жинсий аъзолари кесилиши (ФГМ), оилавий зўравонлик ва зўрлашдан қочиб келган аёллар ҳисобига кенгайиб бормоқда. Юқорида саналган ишлар Самбуру қабиласи орасида маданий меъёр ҳисобланади.
Ребека Лолосоли — Уможа қишлоғи асосчиси ва раҳбари. У ўзи туғилиб-ўсган қишлоқдаги аёллар билан уларнинг ҳуқуқлари ҳақида гаплашишга журъат этгани учун бир гуруҳ эркаклар томонидан калтакланган. Шифохонада даволаниш чоғида, унинг хаёлига фақат аёллар учун жамоа ташкил этиш ғояси келган.
Самбуру қабиласи масаи қабиласи билан яқин алоқада бўлиб, ўхшаш тилда сўзлашади. Ярим кўчманчи чорвадорлардан иборат қабила одатда беш-ўн оила бўлиб яшайди. Уларнинг маданияти чуқур патриархал. Қишлоқ мажлисларида эркаклар муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун ичкарида ўтиради, аёллар эса ташқарида қолади, фақат аҳён-аҳёнда уларга ўз фикрларини билдиришга рухсат берилади. Уможанинг дастлабки аъзолари Рифт водийсидаги якка-якка қишлоқлардан келган. Ўшандан буён, бошпана ҳақида эшитган аёл-қизлар бу ерга келиб, савдо-сотиқ қилишни, фарзанд тарбиялашни ва эркаклар зўравонлигидан қўрқмай яшашни ўрганмоқда.
Ҳозирги кунда (2015 йил) Уможада 47 нафар аёл ва 200 нафар бола яшайди. Гарчи аҳоли камтарона ҳаёт кечирса-да, бу ердаги ишбилармон аёллар ва қизлар барчани озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана билан таъминлайдиган доимий даромад топишмоқда.
Қишлоқ раҳбарлари дарёдан бир километр узоқликда жойлашган кемпингни бошқаради, у ерда сайёҳлар дам олиш учун тўхтайди. Уларнинг кўпчилиги ва яқин атрофдаги қўриқхоналардан ўтадиган бошқа сайёҳлар Уможага ташриф буюради. Қишлоққа кириш учун арзимаган ҳақ тўланса-да, меҳмонлар ҳунармандчилик марказида аёллар ясаган тақинчоқларни харид қилиши мумкин.
Лоласоли баланд бўйли, бақувват, сочи қирилган, анъанавий самбуру мунчоқларини тақиб юрадиган аёл. Уможадагиларнинг айтишича, Лоласоли қишлоққа асос солганидан бери маҳаллий эркаклар томонидан бир неча бор таҳдид ва ҳужумларга учраган, аммо бу уни тўхтатолмайди. Журналистнинг ташрифи вақтида Лолосоли қизини кўргани Германияга кетганди. Аввалроқ у журналист билан гаплашган ва қишлоқ ташкил этилганидан буён ўтган 25 йил ичида ўзи ва бошқа аёллар эришган барча ютуқлардан ғурурланишини айтган.
Чайна Лапродат ҳам боласига қарайди, ҳам тақинчоқ ясайди.
Уможа жамоасининг ноёб хусусиятларидан бири шундаки, энг тажрибали аёллардан баъзилари қўшни қишлоқлардаги аёл-қизларга эрта никоҳ ва ФГМ каби масалалар бўйича таълим бериб, уларни ўқитади.
Нафис маржон тақинчоқлар Самбуру маданиятининг муҳим атрибути ҳисобланади. Қизлар махсус маросимда оталаридан ўзларининг илк маржонларини олади. Ота энг катта “жангчи” эркакни танлаб, қизини унга вақтинчалик никоҳга беради. Ҳомиладорлик ман этилган, бироқ контрацептив воситалар ҳам йўқ. Агар қиз ҳомиладор бўлиб қолса, уни абортга мажбурлашади — буни қишлоқдаги бошқа аёллар амалга оширади.
“Агар қиз бола эрта турмушга чиқса, у яхши она бўлолмайди. Туғуруқ пайтида муаммоларга дуч келади: кўп қон йўқотади, чунки улар ёш”, — дейди Уможа ерларида қурилган ва атрофдаги қишлоқлар болаларини ҳам қабул қилувчи академик мактаб раҳбари Милка. “Ҳатто ўз мажбуриятларини бажариш, уй ишларини қилиш ҳам уларга оғирлик қилади. Яна уларни чорва боқишга юборишади”.
Аёллар муҳим қарорлар учун тўпланадиган “нутқ дарахти” тагида журналист бир нечта аёлнинг тарихини эшитди.
“Одатда аёлларга ман этилган нарсаларни шу ерда ўргандим”, — дейди беш фарзанднинг онаси Нагуси. “Ўзим ишлаб пул топишимга ижозат берилган, сайёҳлар мунчоқларимдан бирортасини сотиб олганда, ўзимдан жуда фахрланаман”.
У турмуш қурганидан бир кун ўтиб, 1998 йилда эридан қочиб кетган. “Отам мени 11 ёшлигимда сигирга алмаштирган” — дейди у. — “Эрим 57 ёшда эди”.
Мактаб болалари. Қишлоқда 200 нафар бола яшайди
Гапга чечан, ўзига ишонган 19 ёшли Жудия турмушга чиқишни истамагани учун 13 ёшида уйдан қочиб Уможага келган. “Ҳар куни уйғонганимда табассум қиламан, чунки атрофимда ёрдам ва қўллаб-қувватлов бор”.
“Ташқарида аёллар эркакларнинг ҳукмронлиги остида бўлгани учун улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилолмайди”, — дейди қишлоқдаги кекса аёл Сейта Ленжима. “Уможа эса аёлларга эркинлик беради”.
Қизиғи шундаки, фақат аёллар яшайдиган қишлоқда болалар ҳам кўп. Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? “Э-ҳе”, — деб кулади бир ёш аёл, “Барибир эркакларни яхши кўрамиз. Уларга бу ерда яшашга рухсат йўқ, лекин биз фарзанд хоҳлаймиз. Аёллар, ҳатто турмушга чиқмаган бўлса ҳам, бола туғиши керак”.
Лотуқой қишлоқда учрайдиган ягона эркак. У ҳар куни тонг отмасдан подаларни боқиш учун қишлоққа келади.
“Болалар, ўтин йиғиш, овқат пишириш - бу аёлларнинг иши, эркаклар эса ҳайвонларга қарайди”, — дейди у аёллар нима учун унинг ёрдамига муҳтожлигини изоҳлаб. “Бу ерда эркакларни эмас, кичкина болаларни кўрасиз. Бу эса аёллар эркаклар ортидан қишлоқ ташқарисига чиқишини англатади”.
Атрофдаги қишлоқларда Уможа ҳақида турли гап-сўзлар юради.
“Бу қишлоқда кўпчилик эркакларнинг уч-тўрттагача хотини бор”, — дейди қўшни қишлоқда яшовчи оқсоқол Семюэл.
“Бу турмушга чиқмаган, ёлғиз яшовчи аёллар қишлоғи - уларнинг айримлари зўравонлик қурбони бўлган, бошқалари эса эрта турмушга чиққан. Улар эркакларсиз яшаяпмиз деб ўйлашади, аммо бу имконсиз”, — деди бошқа биров.
“Уларнинг кўпчилиги охир-оқибат болали бўлади”, — давом этди Семюэл, “Чунки улар шаҳарга тушганида, эркакларни учратади ва уларнинг домига илинади. Эркаклар бу ерга тунда келиб, аёлларнинг кулбаларига кириб кетади. Кейин ҳеч ким уларни кўрмайди”.
Туркана қабиласидан келган Норкорхом бу ердаги ҳаётидан мамнун.
Уможадаги ёш аёллардан бирининг айтишича, унинг беш фарзанди бор, уларнинг ҳар бири турли оталардан. “Бизнинг маданиятда турмушга чиқмасдан фарзанд кўриш яхши эмас. Лекин фарзанд кўрмаслик бундан ҳам ёмон. Болаларсиз биз ҳеч киммиз”.
Уможа жамоаси кенгайгани сари, аёлларни бу ерга келишга мажбур қилган хотиралар ҳам кўпаймоқда. Уларнинг аксарияти аскарлар томонидан зўрланишлар билан боғлиқ. “Ислом ва Қуръонга кўра, аёл киши зўрлангандан сўнг пок ҳисобланмайди. Бу адолатдан эмас, чунки бу уларнинг ихтиёрисиз содир бўлади. Эр уларни ОИВ тестига олиб борса бўлади-ку, шунда улар бирга яшашда давом этиши, болаларини парваришлаб, боқиши мумкин бўларди”, — дейди 33 ёшли Семми Кания.
Сейта журналистни ўзининг тутун ҳиди анқиб турадиган кулбасига таклиф қилди. Ичкари деярли бўш: фақат ухлайдиган бўйра, оддий гулхан ва қоғоз қути бор эди. Қути қуритилган қора ловия билан тўла. Сейта бу ловияни болаларга тушлик учун пиширишини айтди.
Сейта Уможа ҳақида қаердан эшитганини ҳикоя қилди: “Аввалги қишлоғимда миш-мишлардан аёллар жамоаси ҳақида эшитиб қолганман. Келганимда илк дақиқаларданоқ хурсанд эдим. Менга эчки беришди, сув беришди. Ўзимни хавфсиз ва ҳимояланган ҳис эта бошладим”.
Сейта ҳар куни эрталаб набирасини мактабга олиб боради, кейин сув ва ўтинга кетади. Куннинг қолган қисмини тақинчоқлар ясашга бағишлайди. У британиялик аскарлар томонидан зўрланганини айтди. “Бу ерга турмушга чиқмаганим учун келдим. Британияликларнинг менга нисбатан қилмишларидан кейин, энди ҳеч қачон турмушга чиқа олмас эдим”.
Сейта ёши нечидалигини билмаслигини айтиб, шахсини тасдиқловчи гувоҳномасини кўрсатди. Кўпчилик кекса аёллар сингари, Сейта ҳам ўқиш ва ёзишни билмайди. Карточкада унинг туғилган санаси - 1928 йил кўрсатилган.
Аёллар даҳшатли ўтмишни бошдан кечирганига қарамай, бу ҳақда кулиб гапиришади, бир-бирга ҳазил қилади.
Ёши ўтиб, оғир меҳнатдан букчайиб қолган, кийимлари орасидан қовурғалари кўриниб турадиган Нтипаё қишлоқда 15 йилдан бери яшайди. “Бу ерга эрим билан боғлиқ муаммолар туфайли келганман”, — дейди у. “Ўтин териб юрган кунларимнинг бирида Британия ҳарбийлари мени тутиб олди. Улар уч киши эди. Мени ерга итариб йиқитишди. Ўша кунни ҳар эслаганимда кўксимда оғриқ сезаман”.
24 ёшли Габреилла ўтин термоқда.
2003 йилда Уможа қишлоғидан бир гуруҳ аёллар Leigh Day номли Британия юридик фирмаси вакиллари билан учрашган. Бу фирма қўшни Арчерс-Пост шаҳарчасида ҳар ой қабул ўтказиб, Британия армияси қолдирган бомбалардан зарар кўрган маҳаллий аҳоли билан ишларди.
Аёллар 30 йил давомида содир этилган зўрлаш ҳолатлари бўйича айбловлар киритди. Кўпчилик ўтин тераётганда ёки сув ташиётганда аскарларга дуч келгани ва улар томонидан гуруҳ бўлиб зўрлангани ҳақида хабар берди.
Фирма ҳамкори Мартин Дей аёллар мурожаат қилган адвокатлардан бири эди. Дей ва унинг жамоаси полиция ва тиббий ҳисоботлардан иборат бир қатор асл ҳужжатларни тўплади. Водийда аралаш ирқли бир неча бола бўлган, бироқ самбуру ва оқ танлилар ўртасидаги муносабатлар мутлақо кутилмаган ҳолат эди.
Дей ўз хулосаларини Қироллик ҳарбий полициясига (RMP) етказди. “Аммо RMP ҳатто энг жиддий ҳолатларда ҳам, бу ҳисоботларнинг барчаси сохта, деган хулосага келди”, — дейди у. “Улар аралаш ирқли болаларнинг ДНК тестларини ўтказмади”.
RMP терговни тугатгандан сўнг, Дей ҳужжатларни қайтариб беришни сўраган, аммо унга қоғозлар йўқолганини айтишган. Ҳужжатлар қайтиб топилмади.
Иш ҳали ёпилмаган, дейди Дей, лекин уни ҳужжатларсиз қайта тиклаш жуда қийин бўлади. “Биз аскарлар томонидан жабрланган аёллар ва қизларга товон пули ундиришни хоҳлагандик. Уларнинг ҳаёти том маънода барбод бўлган".
Жейн қайта турмуш қуришни режалаштирмаяпти. Қўллаб-қувватлов ва болаларини мактабда ўқитиш учун у қишлоқда қолмоқчи. “Фарзандларим ўзи танлаган инсон билан оила қуришини истайман”, — дейди у.
Кўп аёллар Уможадаги ҳаётидан кейин бирор эркак билан яшашни тасаввур қила олмаслигини айтади. 34 ёшли Мери 16 ёшида бир тўда сигир эвазига 80 ёшли эркакка сотилганини эслади. “Мен бу бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган аёллар жамоасини тарк этишни истамайман”, — деди у.
Мери журналистга кечки овқат учун пиширмоқчи бўлган бир ҳовуч ловияни кўрсатди: “Улар кўп эмас, лекин Уможада менга керак бўлган ҳамма нарса бор”. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Қайси навли мандаринлар энг ширин бўлади?
Украиналик аскарлар Россия билан музокаралар олиб боришни исташмоқда
Қон босимини қандай қилиб доим меъёрда ушлаб туриш мумкин?
Сурия президенти Башар Асад мураккаб вазиятга изоҳ берди
1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Эрдўғон БМТни ислоҳ қилишга чақирди
Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов КХДР раҳбари билан учрашди
АҚШ Грузия билан стратегик ҳамкорликни тўхтатди