АҚШ ва СССР ўртасидаги совуқ уруш қудратли икки давлат ўртасидаги қарама-қаршиликни кучайтириб, жосуслик соҳасида энг ақл бовар қилмайдиган ғояларнинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлди.
Ўша пайтда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) СССР ва унинг иттифоқчиларидан устунликка эришиш учун ҳамма нарсага тайёр эди. Улар бор куч ва воситаларни жосуслик орқали маълумотлар тўплашга сарфладилар.
“Акустик мушук” лойиҳаси
1967 йилда Марказий разведка бошқармаси мушуклардан тирик тинглаш мосламаси сифатида фойдаланишни жиддий кўриб чиқа бошлади. Лойиҳанинг махфий номи “Акустик мушук” (Acoustic Kitty) деб қайд этилди.
Мақсад мушукларнинг танасига кичик микрофон ва узаткични жойлаштириш эди. Шу тариқа уй ҳайвонлари сездирмасдан кузатув объектларига яқинлашиб, уларнинг суҳбатларини ёзиб олишлари мумкин эди.
Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Виктор Маркеттининг сўзларига кўра, тажриба учун танланган мушукка бир қатор электроника воситалари ўрнатилган: қорин бўшлиғига аккумулятор, қулоқларига микрофонлар, думи эса антенна сифатида ишлатилган.
Бундан ташқари, электродлар мушукнинг миясига унинг ҳаракатларини назорат қилиш ва очлик ёки жинсий истак каби табиий эҳтиёжларни бостириш учун жойлаштирилган. Мақсад — “махфий агент” ўзига юклатилган вазифалардан чалғимасин.
Имплантация қилинган қурилма мушукнинг табиий ҳаракатларига халақит бермаслигига катта эътибор қаратилди. Ҳайвон электроника мавжудлигидан ҳеч қандай ноқулайлик ҳис қилмаслиги керак эди.
“Акустик мушук” операциясини амалга оширишга беш йил керак бўлди. Манбаларга кўра, мазкур лойиҳага тахминан 20 миллион доллар (бугунги кун эквивалентида 150 миллион доллардан кўпроқ) сарфланган.
Илк синов
“Акустик мушук”нинг илк синови муваффақиятсизлик билан якунланди. Мушук АҚШдаги СССР элчихонаси яқинида ўтирган икки эркакнинг суҳбатини тинглаш учун қўйиб юборилди. Аммо мушук фургондан чиқиб, йўлни кесиб ўтаётганда, уни машина уриб юборди.
Марказий разведка бошқармасининг техник хизмат кўрсатиш бошқармасининг собиқ директори Роберт Уоллес 2013- йилда Америка телевидениесида қилган чиқишида ўша мушукнинг тақдири ҳақида сўзлаб берди.
Унинг сўзларига кўра, машина уриб кетган мушукдан барча техник ускуналар чиқариб олинган, унга барча тиббий муолажалар кўрсатилган. Электроникадан халос бўлган жонивор “узоқ ва бахтли” ҳаёт кечирган.
Махфий маълумотларнинг очиқланиши
Америка жамоатчилиги “Акустик мушук” лойиҳаси ҳақида 2001 йилда хабар топди.
Ўша йили “Ахборот эркинлиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, лойиҳа ҳақидаги қирқта ҳужжатнинг махфийлиги бекор қилинди. Вашингтондаги Миллий хавфсизлик архиви катта илмий ходими Жеффри Ричелсон бу ҳужжатларни оммага ошкор қилди.
1967 йил март ойидаги ўрганишлар хулосасига кўра, “Акустик мушук” илмий ютуқ сифатида баҳоланган. Аммо лойиҳа мушукларни ўргатишдаги қийинчиликлар туфайли бекор қилинган. Бу уй ҳайвонларини бирор ишни қилишга мажбурлаб бўлмаган, улар ўзи хоҳлаган тарзда ҳаракатланишни маъқул кўрган.
2014 йилда ушбу лойиҳа ҳақида “Acoustic Kitty” қисқа метражли фильми суратга олинган.
Манба: Daryo.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар