18:39 / 16.01.2025
144

Зеленский: “Европа Украина армиясисиз Россияга дош беролмайди”

Зеленский: “Европа Украина армиясисиз Россияга дош беролмайди”
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар бу йил якунланиши мумкин, чунки АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп можарони ҳал этиш учун катта куч сарфламоқда, деб таъкидлади Владимир Зеленский.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу Европа хотиржам бўлиши керак дегани эмас: аксинча, Украинага кўрсатилаётган ёрдамни кучайтириш лозим, чунки унинг армиясисиз Европа Россияга қарши курашда ғолиб чиқолмайди.

Варшавага ташрифи давомида Польша оммавий ахборот воситалари билан суҳбатлашган Зеленский, жорий йилда жанг ҳаракатларини тўхтатиш имконияти ошганми, деган саволга ижобий жавоб берди.

Фото: EPA
Трамп урушни жиддий равишда тўхтатмоқчи — бу унинг сўзлари. У Россияга босим ўтказишга, таъсир кўрсатишга қодир. Ишончим комилки, Россия АҚШ, Хитой ва бирлашган Европадан чўчийди”, деди Украина етакчиси.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Украинанинг Россияга қарши курашда ғалаба қозониши Европа учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, жумладан Кремль бошқа мамлакатларга бостириб киришининг олдини олиш учун ҳам муҳим.

Украина армиясисиз Европа Россияга бас келолмайди, чунки Россия армияси каттароқ: русларнинг қурол-яроғи, аскарлари кўпроқ ва у европаликлардан кўра шафқатсизроқ”, дейди у.

Зеленскийнинг фикрича, Ғарбда (Скандинавия ва Болтиқбўйи мамлакатлари, Польша ва Руминиядан ташқари) Путиннинг кенгайиш ниятларини ҳали тўлиқ англаб етишмаган. Агар Украина ўзини ҳимоя қилмаса, “у тез орада олға силжийди”,

Украина армиясисиз эса афсуски, бугун Европанинг Россияга қарши курашиш имконияти йўқ. Путин буни билади ва ўз доирасида бу ҳақда гапиради”, дея қўшимча қилди Зеленский.

Европада Трамп Киевни Россия билан муддатидан олдин музокараларга ва сезиларли ён беришларга мажбур қилмаслигига умид қилиб, Украинадаги вазиятни ҳал этиш имкониятига нисбатан оптимистик кайфият пайдо бўлди. Шу билан бирга, Трампнинг жамоасида можарони тез орада ҳал қилиб бўлмаслигини тушуниш шаклланди. Сайланган президентнинг нутқи ўзгарди: энди у урушни 24 соатда тугатиш ҳақида эмас, балки олти ой ичида якунлашга интилиши ҳақида гапирмоқда.

Келишувларга эришиш учун бир неча ой керак бўлади, эҳтимол, бундан ҳам кўпроқ вақт талаб этилиши мумкин”, дея таъкидламоқда Трамп маслаҳатчилари.

Аввалроқ Bloomberg нашри Путин Трамп билан Украина бўйича бўлажак музокараларда Киевдан НАТО билан ҳарбий ҳамкорликни кескин қисқартиришни, шунингдек, блокка аъзо бўлиш режаларидан бутунлай воз кечишни талаб қилмоқчи экани ҳақида ёзганди.

Фото: AFP
Bloomberg суҳбатдошларининг айтишича, Путин жанг майдонида устунликка эга эканига ишонади ва шу сабабли Украинани чекланган қуролли кучга эга нейтрал давлатга айлантиришга интилмоқда.

Шунингдек, Кремлнинг позицияси шундан иборатки, НАТО аъзо давлатлари Украинага якка тартибда қурол етказиб беришни давом эттириши мумкин, бироқ уларнинг қуроллари Россияга қарши ёки бой берилган ҳудудларни қайтариб олишга уриниш учун ишлатилмаслиги керак.

Манбаларга кўра, Путин уч йиллик уруш давомида Россия армияси эгаллаб олган Украина ҳудудининг камида 20 фоизи устидан Россия назоратни сақлаб қолишини талаб қилмоқда. Шу билан бирга, агентлик манбалари Москва “баъзи ҳудудларни алмаштиришга” тайёрлигини қайд этган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг