Фото: Украина президенти матбуот хизмати / Anadolu / Getty Images
Украина ҳамон Россия ҳудудининг бир қисмини ушлаб турган Курск областида шимолий кореялик ҳарбийлар пайдо бўлиши Украина қуролли кучлари учун вазиятни «сезиларли даражада ёмонлаштирди», деган бир неча украин ҳарбийлари The New York Times билан суҳбатда.
Уларнинг сўзларига кўра, КХДРдан келган ҳарбийлар туфайли жанглар «аввалгига қараганда анча шиддатли» тус олган. «Улар [шимолий кореялик аскарлар] бизнинг фронт чизиқларимизга ёпирилиб, заиф нуқталарни топишмоқда ва ёриб ўтишмоқда», — дейди Украина қуролли кучлари взводи командири, 30 ёшли кичик сержант Алексей (The New York Times мақоласида деярли барча исмлар хавфсизлик нуқтайи назаридан ўзгартирилган).
Ҳарбий разведка зобити, 44 ёшли Андрей агар жавоб қайтарилмаса, «рақиб ўзини устун ҳис қилиши»ни қўшимча қилади. «Кимдир сизни уришда давом этса ва сиз қаршилик кўрсатмасангиз, ҳужум қилаётган ўзини психологик жиҳатдан қулай ҳис қилиб, ўзидан кетади», — дейди у.
Украиналик ҳарбийлар Шимолий Корея қўшини «интизомли, содиқ ва қўрқмас куч» сифатида жанг қилиши, одатда катта бўлинмалар ҳатто миналанган майдонлар бўйлаб ҳаракатланиши — артиллерия ўқлари остида ва дронлар таъқиб этганида ҳам олдинга юришда давом этишини айтиб беришган.
11 январ куни Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари илк марта Шимолий Кореянинг Россия томонида туриб жанг қилган икки фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берди. «Бу вазифа осон бўлмади: одатда руслар ва Шимолий Корея жангчилари ярадорларни йўқ қилишади ва Украинага қарши урушда яна бир давлат – Шимолий Корея иштироки ҳақида ҳеч қандай далил бўлмаслиги учун ҳамма чораларни кўради», — деганди украинлар президенти.
Икки кун ўтганидан кейин у асирлар сўроқ қилиниши видеосини эълон қилди, унда таржимон орқали жавоб қайтарган асирлар қаердалигини билишмаслигини айтишган, улардан бири урушга эмас, машғулотга деб Россия ҳудудига олиб ўтилганини билдирган.
Умуман олганда, украин ҳарбийлари Курск областидаги жангларни жуда оғир деб таърифлашган. NYT қайд этишича, сўнгги кунларда украин кучлари Суджадан ғарбдаги ҳудудларни эгаллашга уриниб, ҳужум бошлаган.
Взвод командири, сержант Олександрнинг сўзларига кўра, Курск областидаги жанглар у 2014 йилда армия сафига кирганидан буён гувоҳ бўлган энг оғир жанглар бўлмоқда. У вазиятни Бахмут атрофидагиси билан солиштирган, икки йил муқаддам бу ерда украин қўшини пулемётчиларни мунтазам равишда алмаштириб туришига тўғри келганди, чунки улар жуда кўп одамни ўлдиришга руҳан бардош бера олмаган. «Икки соатда шунчалик кўп одамни ер тишлатганидан кейин улар бунга руҳан дош беролмасди. Ҳозир бу ерда ҳам шунақа бўлмоқда», — деган у.
Яна бир сержант, пиёдалар взводи командири бўлган 46 ёшли Олександр россияликлар «бу ҳудудни ҳар қандай қурбонлик эвазига бўлса ҳам эгаллаши лозимлиги ва улар бунинг учун барча кучларини ташлаётгани, украинлар ҳам ҳудудни ушлаб туриш учун бор имкониятини ишга солаётгани»ни таъкидлаган. Шу билан бирга, Россия қўшини фронтнинг бошқа участкаларида ҳам ҳужумларни давом эттирмоқда.
Кўплаб украин ҳарбийлари ҳисоблашича, агар Курск областида Россия кучларини ўзига жалб қилган амалиёт ўтказилмаганида, армиянинг Украина шарқидаги йўқотишлари ҳозиргидан анча катта бўлган бўларди. «Биз тушунишимиз керакки, руслар бу ҳудудда ўзларининг элита аскарлари ва энг яхши захираларидан фойдаланмоқда. Улар Украинанинг бошқа қисмларида нималар қилиши мумкинлигини ҳисобга олсак, бу яхши», — дейди 47-механизациялашган бригада баталёни командири, 30 ёшли Олександр Ширшин.
У урушнинг уч йили давомида украинларнинг руҳияти пасайганини тан олади, бироқ, унинг сўзларига кўра, аскарларнинг кўпчилиги ҳозир ҳам нима учун жанг қилиши лозимлигини тушунади. «Тўхташ бизнинг ўлимимизни англатади — вассалом», — дейди у. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар