Фото: president.gov.ua
16 январ куни Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳукумат раҳбарига айланганидан буён илк марта Киевга келди.
«Тинчлик куч орқали», — дея ёзди Буюк Британия бош вазири Кир Стармер поездда Киевга келганидан кейин. Вокзалда уни Буюк Британиянинг Украинадаги элчиси Мартин Ҳаррис ҳамда Украинанинг Лондондаги элчиси Валерий Залужний кутиб олган.
Стармер Украина президенти Володимир Зеленский билан Даунинг-стритдагилар Украина билан «юз йиллик муҳим ҳамкорлик» деб атаган битимга имзо чеккан.
Ҳужжат Лондоннинг Киевга кўрсатиб келаётган ёрдамини расмийлаштиради, шунингдек, унда Буюк Британия ўз зиммасига оладиган янги мажбуриятлар кўрсатилган.
Стармер Россия билан уруш қурбонлари ёдгорлигига гулчамбар қўйган ва журналистларга Британия Украинани қўллаб-қувватлашдан «ҳеч қачон чекинмаслиги»ни билдирган.
Ушбу маросимдан тахминан бир соат ўтиб Украина пойтахтида портлаш овозлари эшитилган ва дронлар ҳужуми хавфи туфайли маълум вақт давомида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога янграб турган. «Пойтахт марказида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишламоқда. Хавфсиз жойларда бўлинг!» — дея ёзган телеграмда шаҳар мэри Виталий Кличко.
Келишув нималарни ўз ичига олади?
Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси ва Украина қуролли кучлари собиқ бош қўмондони, Киевдаги темирйўл вокзалида Стармерни кутиб олган Валерий Залужний келишувда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини айтган.
Британия ТИВ ўз сайтида ёзишича, келишув «денгиз хавфсизлиги соҳасида ҳарбий ҳамкорликни кучайтиради ва Болтиқбўйи, Қора ва Азов денгизларида хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда Россия агрессиясининг олдини олиш учун янги ишлаш принципларини белгилаб беради».
Келишув Россия Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларидан жаҳон бозорига олиб чиқилган ғаллани кузатишга қаратилган янги схемани ишга туширишни ҳам назарда тутади.
У шунингдек фан ва технология, жумладан, дронлар ва космик аппаратлар ишлаб чиқариш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам қамраб олади.
Аввалроқ Зеленский Украина ҳудудини Россия ҳужумларидан ҳимоялашда Буюк Британиянинг ёрдамидан умид қилаётганини билдирганди.
Стармер келишув икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ва узоқ йиллик инвестицияларни ўз ичига олишини таъкидлаган.
«[Россия президенти Владимир] Путин Украина ва унинг энг яқин иттифоқчилари ўртасида низо келтириб чиқармоқчи бўлди, аммо бу стратегия жиддий муваффақиятсизликка учради. Аксинча, биз ҳар қачонгидан кўра яқинроқмиз ва бу ҳамкорлик ўзаро дўстлигимизни янги даражага олиб чиқади», — дея қайд этган британлар бош вазири.
Стармер 2025 йилда Буюк Британия Украинага Дания томонидан молиялаштирилган янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришини ва украин ҳарбийларини ўқитишни давом эттиришини маълум қилди. Қарийб уч йил давомида 50 мингдан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчи Буюк Британияда тайёргарликдан ўтган.
Кир Стармер Киевга поездда кетиш вақтида
Трампнинг Оқ уйга қайтиши арафасидаги ташриф
Бу Стармер Украинага мамлакат бош вазири сифатида илк бор келишидир. У бу лавозимни ярим йил олдин эгаллаганди, аммо ўзидан олдинги ҳукумат раҳбарларидан фарқли ўлароқ, Киевга сафар қилишга шошилмади (Борис Жонсон 2022 йил апрелида, уруш бошланганидан икки ой ўтганида, Риши Сунак лавозимга киришганидан бир ой ўтиб Киевга келган). Стармер Украинага 2023 йилда, мухолифат раҳбари эканида ташриф буюрган, Буюк Британия ҳукумати раҳбари лавозимига киришганидан кейин икки марта Лондонда Володимир Зеленский билан музокаралар ўтказган.
Британиянинг The Telegraph газетаси Кир Стармер Украинага Вашингтонда Доналд Трампнинг инаугурацияси арафасида келганига эътибор қаратиб, бу ташрифни «АҚШ томонидан қўллов сусаяётгани шароитида Заленскийни қўллаб-қувватлашнинг рамзий намойиши» сифатида баҳолаган.
Украина президенти учун АҚШнинг янги маъмурияти Киевга босим ўтказиб, уни Москва билан адолатсиз сулҳ тузишга ундаши мумкинлиги бўйича хавотирлар фонида Европадаги иттифоқчилардан қўлловга эга бўлиши муҳим ҳисобланади.
14 январ куни Киевга Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳам келганди. У Украина ҳукуматини 23 феврал куни Бундестаг учун сайловларда ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, Берлин Киевни Россия тажовузига қарши курашда қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирган.
Зеленский Украина хавфсизлигини мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши билан таъминлаш мумкинлиги, мамлакатга ғарб давлатлари армияларидан тинчликпарвар кучлар юборилишини кутаётганини айтган. Улар ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганидан кейин буфер зонага айланадиган фронт чизиғида навбатчилик қилиши мумкин.
Стармернинг ташрифидан олдин Зеленский Британия бош вазири билан айнан шу масалани муҳокама қилмоқчи эканини айтганди.
Британия Украинага аллақачон 12,8 млрд фунт стерлинг (15 млрд доллардан ортиқ) миқдорида ёрдам ажратгани ва ҳар йили — «қанча вақт керак бўлса, шунча» — 3 млрд фунтдан (3,7 млрд доллар) ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олгани эслатиб ўтилган.
Украина аллақачон британларнинг Storm Shadow ракеталаридан Россия ҳудудлари бўйлаб зарбалар йўллашда фойдаланмоқда, бу эса Москванинг кескин норозилигини келтириб чиқарган.
Британия ва Украина ўртасидаги ҳамкорлик шартномаси яқин ҳафталар ичида Британия парламентига тақдим этилиши керак. Уни тайёрлаш жараёни консерваторларнинг олдинги ҳукумати давридаёқ бошланганди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар