Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”нинг 2025 йилдаги биринчи трансфери бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда “шаҳарликлар” легионеримизнинг ўзининг розилигини олган, “Ланс”ни ўйинчини қўйиб юборишга кўндирган.
Келишувга эришилганига бир неча кун бўлганига қарамай, трансфер ҳали расман эълон қилинмагани турли гап-сўзларга сабаб бўлди.
Англия футболини ёритиб келаётган нуфузли манбалар Абдуқодир Ҳусанов трансфери бўйича сўнгги маълумотлар ва изоҳларни эълон қила бошлади. Хусусан, cityxtra.co.uk портали трансферга оид қуйидаги таҳлилни мухлислар эътиборига ҳавола қилди.
- Жума куни “Манчестер Сити” янги йилнинг биринчи трансферини эълон қилиш олдидан тиббий кўрикларни ўтказадиган бўлди.
Спорт директори Чики Бегиристайн ва унинг ҳамкасблари янги номларни кашф этиш ва қишки трансферлар даврида Хосеп Гвардиола бошчилигида амалдаги чемпион жамоа таркибини шакллантириш борасида катта ишларни амалга оширмоқда.
Клуб январда тўрттага янги ўйинчи олиши режалаштирилган. Улардан икки нафари марказий ҳимоячилар экани аниқ бўлди ва яна бири Эрлинг Холандга рақобат қиладиган ҳужумчи Умар Мармуш бўлади.
“Манчестер Сити” мутасаддилари “Палмейрас” клуби билан келишувга эришган ва уларнинг 19 ёшли марказий ҳимоячиси Витор Рейс Буюк Британияга етиб келиши кутилмоқда.
Ўзбек ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни ўзининг асосий трансфер нишони сифатида белгилаган “Этихад Стэдиум” эгалари ўтган ҳафта охирида “Ланс” билан бу трансфер бўйича барча масалаларни ижобий якунлаб бўлган эди. “Шаҳарликлар” ҳозир тўланадиган маблағларни шакллантириш билан банд.
Энди 40 миллион евролик трансфер доирасида Абдуқодир Ҳусанов жума куни тиббий кўрикдан ўтади. Бу маълумотларни The Mirror нашри эксперти Райан Тейлор ҳам тасдиқлади.
Сўнгги маълумотларга қараганда, клублар томонидан барча ҳужжатлар тасдиқланган ва имзоланган, бироқ 20 ёшли футболчи “Манчестер Сити”га расман ўтишдан олдин унга мамлакатда ишлаш ҳуқуқини берадиган ишчи визаси берилишини кутмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик ҳимоячига “Пари Сен-Жермен” ва “Реал Мадрид” ҳам жиддий қизиқиш билдирган эди. Бироқ Хосеп Гвардиола бу ўйинчининг трансферини шахсан маъқуллаганидан кейин Ҳусанов “Манчестер Сити”ни танлади.
Мана энди футбол ҳамжамияти йилнинг эртакнамо трансфери расман ўз тасдиғини топишини кутмоқда, - деб ёзди cityxtra.co.uk портали.
Эслатиб ўтамиз, “Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусанов трансфери учун “Ланс”га 40 миллион евро бадал пулига қўшимча тарзда 10 миллион евро бонус тўлайдиган бўлди. Шу тариқа, ўзбек футболчиси “Ланс” тарихида энг қимматбаҳо трансфер эгасига айланади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар