
АҚШ Давлат самарадорлиги департаменти раҳбари Илон Маскнинг амалдорлардан ҳафта давомида бажарилган ишлар ҳақида ёзма ҳисобот тақдим этишга оид буйруғи мамлакатнинг кўплаб идоралари томонидан очиқдан-очиқ саботаж қилинмоқда. Қолганлари эса уни фақат расмиятчилик учун бажаряпти, дея хабар бермоқда The Washington Post нашри.
Эслатиб ўтамиз, Маск 22 феврал куни давлат ходимларидан ҳар ҳафта бажарган ишлари бўйича ёзма ҳисобот талаб қилган эди. Федерал агентликларга юборилган мактубларда ҳар бир ишчи бир ҳафта давомида бажарилган бешта вазифани қайд қилиши сўралган. Шу билан бирга, Маск ҳисоботни тақдим этмасликни «истеъфога чиқиш» сифатида баҳолашини ҳам огоҳлантирган.
Бироқ айрим идоралар бошиданоқ ушбу талабларни бажаришни рад этган. Хусусан, буйруқдан икки кун кейин ҳукумат аппарати юқори мансабдорлари билан бўлган йиғилишда кадрлар хизмати бошқармаси вакиллари бу талабларни ихтиёрий деб ҳисоблашини, ходимлар томонидан юборилган хатларга эътибор берилмаслигини айтган.
Умуман олганда, Маскнинг ушбу ташаббуси кучли қаршиликларга сабаб бўлди. Хатто собиқ президент Доналд Трампнинг энг яқин маслаҳатчилари ва Америка вазирларидан ҳам кескин танқидлар янгради. Натижада Оқ уй ҳам кўп ўтмай ушбу ҳисоботларни талаб қилишни вазирларнинг шахсий хоҳишига қолдирди.
The Washington Post нашрининг таъкидлашича, Маскнинг ҳисобот талаблари давлат органларида изчил равишда бажарилмаяпти. Баъзи агентликлар бу талабларни бутунлай бекор қилган, айримлари эса уларни сўрамоқда, бироқ ҳисоботларнинг мазмунига умуман эътибор қаратмаяпти. Ҳисоботни мунтазам юбориб турадиган кўплаб амалдорлар эса ҳар ҳафта бир хил матнни такрорлаб юбориш билан чекланмоқда.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги март ойи охирида ходимларга ҳисобот бериш «рағбатлантирилиши, аммо мажбурий эмаслиги»ни маълум қилган бўлса, Миллий соғлиқни сақлаш институтлари апрелдан бошлаб бу ҳисоботларга ҳожат қолмаганини ва агентликнинг ўзини баҳолаш механизмлари мавжудлигини эълон қилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса дастлаб ходимларига хатларга жавоб бериш шарт эмаслигини айтган, кейинчалик бу мумкинлиги, кейин эса бу талаб зарурлиги, аммо қатъий эмаслиги ҳақида кўрсатма берган. Бунга жавобан баъзи ходимлар ҳисоботларни рус тилида ёзиш орқали жараённи атайлаб «чалкаштириш»га ҳаракат қилган.
Бироқ айрим идоралар ҳисобот йиғиш жараёнини жиддий қабул қилиб, ҳатто махсус формалар ишлаб чиқишган. Масалан, Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) мунтазам равишда ходимларга ҳар куни ҳисобот юборишни эслатиб туради. Мудофаа вазирлиги ҳам ҳар ҳафта пайшанба ёки жума кунлари ходимларга кейинги сешанба кунига қадар ҳисоботларни тақдим этиш кераклигини эслатади.
Бироқ ҳисоботларни қандай қилиб таҳлил қилиш ва қайта ишлаш бўйича аниқ стратегия мавжуд эмас. Ҳисоботларнинг келгуси тақдири номаълумлигича қолмоқда, деб ёзади The Washington Post.
Қизиғи, Илон Маск раҳбарлик қилувчи хусусий компанияларда бундай ҳисоботлар кенг тарқалган амалиёт бўлиб, улар юқори самарадорлик маданиятини шакллантириш ва кадрлар қарорларини қабул қилишда асосий восита ҳисобланади. Нашр экспертларининг фикрича, агар давлат аппарати янада қисқартирилса, бу ҳисоботларнинг мазмуни амалдорларни ишдан бўшатишни оқлаш учун қўшимча сабаб бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Айни пайтда, The Washington Post газетасининг қайд этишича, Маскнинг ҳукуматдаги таъсири сезиларли даражада камаймоқда. Унинг махсус давлат хизматчиси мақоми май ойи охирида тугайди. Маскнинг яқинларидан бири нашрга унинг «сиёсий сўлларнинг доимий жирканч ва ахлоқсиз ҳужумлари» сабабли ҳукуматдан кетишга тайёр эканини айтган.
Ҳозирча ушбу қизиқ вазиятнинг қандай якунига етиши номаълум, аммо бу борадаги муҳокамалар АҚШ жамоатчилиги орасида қизғин давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар