Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари амалий сафар билан Туркиянинг Мерсин вилоятига борди. Сафар Туркиянинг Мерсин вилоятида вақтинча ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг яшаш ва меҳнат шароитлари билан танишиш, шунингдек, салоҳиятли иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш мақсадида ташкил этилди.
Мазкур ҳудудда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган юртдошлар билан кечган мулоқотда бугунги кунда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини ташкил этиш, хорижда ишлаётган ҳамюртларни ва уларнинг оила-аъзоларини қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берилди. Меҳнат мигрантларига Туркиянинг миграцияга оид қонунларига риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон дипломатлари сафар давомида IC İçtaş Nükleer корхонаси вакили Гўкхан Картаймаз билан учрашув ўтказди. Бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон фуқароларини ташкилий тарзда ишга жойлаштириш кўламини кенгайтириш, уюшган ҳолда ишга танлаш тизимининг афзалликлари, Туркияда ишлаш истагини билдирган фуқароларимизни Ўзбекистон ҳудудида малака сертификатлари билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда мазкур компанияда 700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг бандлиги таъминланган.
Музокаралар якунида келгусида ушбу компания билан Ўзбекистон фуқароларини ташкилий ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Фото: Дунё