
Бразилиянинг чуқур тропик ўрмонларида яшовчи марубо қабиласи Америка оммавий ахборот воситалари — The New York Times, TMZ ва Yahoo портали устидан АҚШ судига даъво аризаси киритди. Лос-Анжелесдаги судда кўриб чиқилаётган бу ишда қабила вакиллари ўз ҳаёт тарзи ҳақида асоссиз, ҳақоратли ва туҳматга асосланган маълумотлар тарқатилганини таъкидламоқда.
Даъвонинг замирида нима ётибди?
Марказий фигура — The New York Times журналисти Жек Никас бўлиб, у 2024 йилда эълон қилинган мақоласида қабиланинг ҳаёти интернетнинг кириб бориши ортидан қандай ўзгарганини ёритган эди. Унинг мақоласида келтирилишича, қабила ёшлари сунъий йўлдош орқали Starlink интернетига уланганидан сўнг ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб қолган, гуруҳ чатларида ғийбатлар, зўравонлик ўйинлари ва ҳатто порнографияга бўлган қизиқиш пайдо бўлган.
Мақола ортидан TMZ ва Yahoo каби оммавий порталлар бу хабарни қайта тарқатган ва глобал тармоқда кенг муҳокамага сабаб бўлган. Бу эса марубо қабиласи ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан кескин танқидга учраган.
Даъвогарлар нима талаб қилмоқда?
Қабила вакиллари суддан The New York Times ва унинг ҳамкорлари — TMZ ва Yahoo’дан 180 миллион доллар товон пулини талаб қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, мақолада келтирилган айбловлар нафақат уларнинг шаънига доғ туширган, балки қабиланинг маданий обрўси ва халқаро имижига ҳам путур етказган. Шу сабабли, 100 миллион доллар ахлоқий зарар учун, қолган 80 миллион доллар эса жазо ва ҷамоатчилик олдида масъулият талабини таъминлаш учун кўзда тутилган.
NYT раддия берди, аммо узр сўрамади
Марубо қабиласи норозилиги ошкор бўлгандан сўнг, The New York Times "Йўқ, Амазония қабиласи порнографияга қарам бўлиб қолмади" сарлавҳаси билан раддия мақоласини чоп этди. Аммо нашр биринчи мақолани ҳимоя қилиб, унда ҳақоратли ёки нотўғри маълумотлар йўқлигини иддао қилмоқда.
Нашр расмий баёнотида: "Биз қабиланинг фикрини ҳурмат қиламиз, аммо ушбу мақолада келтирилган барча фактлар журналистик стандартларга мувофиқ тарзда тўпланган ва таҳлил қилинган. Судда ўз позициямизга содиқ қоламиз," дейилади.
Фикрлар ва таҳлиллар
Бразилиялик ҳуқуқшунослар ва этнологлар мазкур даъвони "маънавий мустамлакачиликка қарши ҳуқуқий жавоб" деб баҳолашмоқда. Уларга кўра, интернет технологиялари ва глобал медиа воситалари ёрдамида кичик этник гуруҳлар ҳақидаги стереотипларни тарқатиш, уларнинг шахсий ҳаётини бузиш ва маданий суверенитетини поймол қилиш жаҳонда жиддий муаммога айланмоқда.
Zamin.uz таҳририятидан:
Марубо қабиласи томонидан кўтарилган ушбу даъво нафақат бир гуруҳ инсонларнинг ҳуқуқлари учун кураш, балки глобал ахборот муҳитида ахлоқий журналистика ва маданий ҳурматнинг чегараларини ҳам белгилашда муҳим синов бўлиши мумкин. Суд жараёни натижалари дунё медиа майдонидаги муносабатларга қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум, аммо у халқаро журналистикадаги муҳим прецедент бўлиши шубҳасиз.
Фото: The New York Times «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар