Европа футбол бозорида яна сенсацияли хабарлар тарқалмоқда. Италиялик машҳур дарвозабон Жанлуижи Доннарумма ўз келажагини Англия чемпионлари сафида давом эттириши мумкин. Хабарларга кўра, “Манчестер Сити” ва футболчи ўртасида шартнома шартлари бўйича олдиндан келишувга эришилган.
Ҳозирда энг муҳим жараён — икки клуб, яъни ПСЖ ва “Манчестер Сити” ўртасидаги музокаралар. Миш-мишларга кўра, дастлаб французлар томонидан қўйилган 50 миллион евролик трансфер нархи бироз пасайиши мумкин. Футбол инсайдери Фабрицио Романо ҳам бу жараён ҳақида тасдиқланган маълумот тарқатди.
Бироқ, келишувнинг амалга ошиши ҳали ҳамон Эдерсоннинг тақдирига бевосита боғлиқ. Агар бразилиялик посбон ёзда жамоани тарк этса, Доннаруммага йўл очилиши мумкин. Шунингдек, Туркиянинг гранди — “Галатасарой” ҳам Эдерсон билан жиддий қизиқиш билдириб, музокара олиб боришга тайёрлигини намоён қилган.
Шу тариқа, “Сити” мухлислари яқин кунларда жамоа дарвозасида катта ўзгаришларга гувоҳ бўлиши мумкин. Доннарумманинг келиши Пеп Гвардиола жамоаси учун янги босқични бошлаб бериши эҳтимолдан холи эмас. Мухлислар эса ҳозирданоқ ёзги трансфер ойнасида қандай янгиликлар бўлишини катта қизиқиш билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!