
АҚШда яшовчи олимнинг Пеппер лақабли мушуги яна илмий тадқиқотларнинг марказига айланди. Бу сафар ҳам у ўзига хос “совға” — калтадум ерқазир сичқонни уйга олиб келди. Бу ҳақда Florida университети вирусологи Жон Ледники маълум қилди.
Қизиғи шундаки, Пеппернинг овлаш қобилияти олимлар учун катта манбага айланмоқда. Илгариги ҳолатда, у олиб келган сичқонда илк бор жейлонгвирус туркумига мансуб вирус аниқланган эди. Бу галги “ҳадя” эса янада хавфлироқ маълумотларни очди — бу ҳайвон ортореовирусларнинг мутлақо янги штамми билан зарарланган бўлиб чиқди.
Олимлар олиб борган таҳлилларга кўра, ушбу вирус нафақат қушлар ва сутэмизувчилар, балки одамларга ҳам юқиши мумкин. Бу каби хулосалар, шубҳасиз, биология ва вирусология соҳаси мутахассисларини жиддий изланишларга ундайди.
Ортореовируслар илк бор 1950-йилларда қайд этилган бўлиб, улар анча вақт зарарсиз деб ҳисобланган. Аммо кейинчалик кам ҳолларда бўлса-да, болаларда оғир асоратларга — энцефалит, менингит ва ичакдаги муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлиги аниқланган. Вирус асосан ҳаво томчилари ёки нажас орқали юқади, яъни ҳаво йўллари ёки ичак тизими орқали организмга таъсир қилади.
Ҳозирда тадқиқотчилар янги штаммнинг генетик хусусиятларини, инсон организмига таъсир даражасини ва унинг тарқалиш механизмларини ўрганмоқда. Чунки вирус қандай йўллар орқали тарқалиши ва қай даражада хавфли эканини билиш — унинг олдини олишда энг муҳим қадамлардан биридир.
Бу воқеа шуни англатмоқдаки, табиат ва инсон ўртасидаги боғланиш ҳар доим кутилмаган натижаларга олиб келиши мумкин. Пеппер мушук, ўзининг “тадқиқотчи” фаолиятини тўхтатишни режалаштираётгани йўқ. Унинг ҳар бир ов ҳолида янги илмий кашфиёт пинҳон бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Мазкур воқелик — замонавий биотаҳлил ва вирусларни барвақт аниқлаш технологиялари учун яна бир синов. Шу билан бирга, у инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатнинг қанчалик нозик эканини ҳам эслатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар