date

17 миллиардлик ҚҚС “ёрдами” учун 35 минг доллар сўраган ҳисобчи ушланди

17 миллиардлик ҚҚС “ёрдами” учун 35 минг доллар сўраган ҳисобчи ушланди

Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган транспорт ва логистика хизматлари кўрсатувчи хусусий корхона ҳисобчиси катта миқдорда пора талаб қилгани учун қўлга олинди. Маълумотларга кўра, у ўзининг давлат идораларида ишловчи собиқ ҳамкасблари орқали “масалани ҳал қилиб беришини” ваъда қилиб, бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонадан катта маблағ сўраган.

Тергов органларининг маълум қилишича, ушбу шахс компания таъсисчисидан жами 35 000 АҚШ доллари талаб қилган. Эвазига у 17 миллиард сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) манфий фарқ суммасини қайтариб бериш ҳамда вақтинча тўхтатилган ҚҚС гувоҳномасини қайта фаоллаштириб беришни ваъда қилган.

Аммо “ёрдампеша”нинг режаси амалга ошмади. Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг қўшма тезкор тадбири давомида у 20 500 долларни нақд шаклда қабул қилиб олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Текширувлар жараёнида ҳисобчи ўзининг “холис ёрдами”ни амалга оширишда Солиқ қўмитасининг катта инспектори орқали ҳаракат қилишни режалаштирганини маълум қилди. Шу сабабли мазкур давлат хизматчиси ҳам тергов доирасига олинди ва жиноят ишига гумонланувчи сифатида жалб этилди.

Ҳозирда иш бўйича жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (катта миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди (пора олишга ҳамкорлик қилишга суиқасд) бўйича қўзғатилган.

Тергов органлари айбдорларнинг айримларига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу ҳолатни тадбиркорлик соҳасидаги қонунга зид ҳаракатлар ва коррупциянинг ёрқин намунаси сифатида баҳоламоқда.

Махсус хизмат ва департамент вакиллари жамиятда шундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун тадбиркорлардан бундай “ёрдам” таклифларига ишонмаслик ва бу каби ҳолатлар ҳақида дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни сўрамоқда.

Бу воқеа яна бир бор шундай хулосага олиб келмоқдаки — молиявий манфаат орттириш мақсадида тизимни айланиб ўтишга уриниш нафақат қонунбузарлик, балки давлат органларига бўлган ишончга путур етказишдир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 17 миллиардлик ҚҚС “ёрдами” учун 35 минг доллар сўраган ҳисобчи ушланди